Жаҳон | 21:09 / 12.08.2023
14317
2 дақиқада ўқилади

Россияда меҳнат мигрантларининг тилидаги рекламалар тақиқланиши мумкин

Депутатлар Россия банклари томонидан қирғиз, ўзбек ва тожик тилларида хизмат таклиф қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганидан норози.

Фото: Иван Водопьянов/Коммерсантъ

Россия Либерал-демократик партияси (РЛДП) қонунчиликка меҳнат мигрантлари тилидаги рекламаларни тақиқлаш тўғрисидаги ўзгаришларни киритишга тайёргарлик кўрмоқда.

Депутатлар Россия банклари томонидан қирғиз, ўзбек ва тожик тилларида хизмат таклиф қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганидан норози.

РЛДП фракцияси раҳбари ўринбосари Алексей Диденко сўзларига кўра, банклар «катта пул оқимларидан узоқлаша олмаяпти» ва «мигрантларни ижтимоийлашуви ва рус тилини ўрганиши учун зарур бўлган энг муҳим мотивациялардан маҳрум қилмоқда».

«[Агар хизматлар миллий тилларда таклиф этилса], уларнинг рус тилини ўрганишига ҳожат қолмайди-ку? Шартли қурилиш майдончасидаги ҳамкасблар билан она тилида гаплашиш мумкин. Дўконда «бармоқлар ёрдамида тушунтирса бўлади». Агар сотувчилар қаердан келиб чиққани ҳисобга олинса, ҳатто она тилида гаплашса бўлади. Мигрантларнинг кўпчилиги яшайдиган миллий анклавларда рус тили керак ҳам эмас», деди Диденко.

Партия янги тузатишлар билан молия институтларини «қайси давлатда ва ким учун ишлаётганини» «яхшилаб эслатиб қўймоқчи».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид