Иқтисодиёт | 20:22
2586
2 дақиқада ўқилади

Хориждан Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари миқдори қандай ўзгаряпти?

2025 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг кириб келиши 27 фоизга ошиб, қарийб 19 млрд долларга етди. Учта ҳудудда аҳоли даромадларининг 30 фоиздан кўпроқ қисми, яна бешта ҳудудда эса 20 фоиздан кўпроқ қисми айнан ташқаридан келиб тушган ўтказмалар ҳисобига шаклланди.

Фото: Getty images

Ўзбекистонга 2025 йилда пул ўтказмаларининг кириб келиши 18,9 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банкда ташкил этилган матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга таяниб, Kun.uz мухбири хабар берди.

Йил давомида энг кўп ўтказмалар июл ойида амалга оширилган – 1 млрд 973 млн доллар. Энг ками январда – 1 млрд 60 доллар.

«Ўтказмалар 2025 йилда 2024 йилга нисбатан 27,2 фоизга ўсди, бунга асосан, рубл курси мустаҳкамланиши ҳамда бошқа давлатларга мигрантлар оқими ошиши хизмат қилди. Аҳолининг валюта сотуви ва хариди ўртасидаги ижобий тафовут 2025 йилда 9,7 млрд долларни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 1,4 баробарга ошди», дейилади МБ ҳисоботида.

2017-2025 йиллар оралиғида Ўзбекистонга амалга оширилган пул ўтказмалари динамикасининг ўзгариши

2020-2025 йиллар оралиғида мамлакатга юборилган ўтказмалар миқдори 3 баробарга, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 8,6 фоиздан 12,8 фоизгача кўпайди.

Пул ўтказмаларига боғлиқлик

Ўзбекистонда аҳоли даромадларининг шаклланишида хориждан амалга оширилган пул ўтказмалари жуда муҳим рол ўйнайди. Хусусан, ўтган йил якунлари бўйича учта ҳудудда аҳоли даромадларининг 30 фоиздан кўпроқ қисми, яна бешта ҳудудда эса 20 фоиздан кўпроқ қисми айнан ташқаридан келиб тушган ўтказмалар ҳисобига шаклланган. Мазкур кўрсаткич 2024 йилга нисбатан сезиларли даражада ошган ҳам.

Бу эса ўзбек мигрантлари ишлайдиган мамлакатларда талабларнинг қаттиқлаштирилиши, иш ўринлари қисқариши, миграцион сиёсатда юз бериши мумкин бўлган ўзгаришларга ҳудудлардаги уй хўжаликларининг таъсирчан эканини англатади. Хориждан пул юборишнинг ошиши ёки камайиши одамларнинг нисбий бойиши ёки камбағаллашишига бевосита таъсир кўрсатади.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров

Мавзуга оид