Ўзбекистон | 10:53 / 17.11.2020
12434
4 дақиқада ўқилади

«Ер участкалари ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқлар белгиланади» – Наримон Умаров

16 ноябр куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг офисида Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг видео-конференц-алоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат тегишли қўмитасининг раиси Наримон Умаров олиб борди. Унда Сенат тўққизинчи ялпи мажлисида кўриладиган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, қонун билан «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар ва Ер кодексига ўзгартишлар киритилмоқда.

«Ушбу қонунни қабул қилишдан мақсад, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига йўл қўймаслик принципини қонун билан мустаҳкамлаш. Шунингдек, ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ҳокимлар томонидан олиб қўйилишини тақиқлаш ва ер участкаси ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижара олиш ҳуқуқини бекор қилиш асосларини ажратган ҳолда бу ваколатни амалга оширувчи идораларни белгилаш.

Давлат тасарруфидан чиқаришда хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари, шу жумладан, объектларнинг қиймати баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш, бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш тақиқланади ҳамда бундай ишлар судлар томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди. Ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқлар белгиланади», – деди Наримон Умаров.

«Шунингдек, лойиҳада туман, шаҳар, вилоят ҳокимларининг қарори ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқини фақат тўрт ҳолатда тугатиш амалга оширилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Яъни ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда, ер участкасининг берилган муддати тугаганда, юридик шахс тугатилганда ёки хизматдан фойдаланиш учун ер беришга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганида. Фақат мана шу тўртта ҳолат ижро органлари [зиммасида] қоляпти. Биз ҳокимнинг ваколатларини қисқартирдик. Бу ерда шартнома асосида бузилган муносабатлардагина ҳокимнинг ваколатлари қоляпти. Қолган барча вазиятлар маҳаллий кенгашлар, Вазирлар Маҳкамаси ёки суд қарори билан ҳал қилинади. Бу принципиал жиҳатдан мулкдорнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш», - деди у.

Шунингдек, Наримон Умаров маҳаллий кенгашлар кўп ҳолларда амалда ҳокимларнинг буйруқларидан четга чиқа олмаслиги ва ҳокимнинг хоҳишига мувофиқ буйруқларни тасдиқлаши ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Энди бу ерда хоҳлаймизми-йўқми, коллегиал қарор қабул қилинади. Битта туманда 30та депутат бор. Шулардан тўрттаси чиқиб қатъий фикрини билдириши [керак], уларнинг ҳуқуқи бор. Бу дегани кенгашда кенг муҳокама бўлади. Маҳаллий депутатларимиз ҳам бу масалада четда турмаслиги керак, принципиал позициясини айтиши керак. Агар ҳар доим “Кенгашнинг раиси ҳоким, ўзи ҳал қилади», деса бўлмайди. Бунга чек қўйишимиз керак. Ҳар биримизнинг эркин фикр билдириш ҳуқуқимиз бор.

Албатта, баъзи жойларда оғир бўлади. Кимдир фикрга қўшилмаслиги мумкин, лекин уни баралла айтади. Бу ижтимоий тармоқларда чиқади. Бир марта, икки марта, уч марта шунақа воқеалар бўлади, бу табиий ҳол. Лекин жараён ишга тушганидан сўнг бу масалалар коллегиал ҳолда, кимнингдир кўзига қараб эмас, реал вазиятдан келиб чиқиб ҳал қилинади», – дея Наримон Умаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фаррух Абсаттаров, Kun.uz мухбири
Нуриддин Нурсаидов, тасвирчи

Мавзуга оид