Кўчмас мулк | 17:04 / 08.09.2025
6549
2 дақиқада ўқилади

Пискентда ҳокимият футбол майдончасини сотиб юборди. Бу президент қарорига зид

Стадион жойлашган ер участкаси аукционда 10 йилга бўлиб тўлаш шарти билан 1,4 млрд сўмга сотилди. 20 кун олдин имзоланган президент қарорида футбол стадион ва майдонларининг фойдаланиш мақсадлари ўзгартирилиши ва сотувга чиқарилиши тақиқланганди.

8 сенябр куни E-auksion платформасида Тошкент вилояти Пискент тумани “Муротали” МФЙда жойлашган ер участкасини сотиш бўйича савдолар бўлиб ўтди.

Савдолар 4 соатдан ортиқ давом этди ва 220 қадамдан сўнг якунланди. Ғолиб Жумабаев Баҳром Хуснитдинович бўлди, у 1 млрд 411 млн сўм таклиф қилди, бу бошланғич нарх (39,5 млн сўм)дан қарийб 36 баробар кўп.

Сотилган ер участкасининг умумий майдони 10,2 сотихни ташкил этади. Харидор белгиланган суммани 120 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятига эга.

Сотув – президент қарорига зид

Ер участкаси Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповнинг 2025 йил 26 июлдаги тегишли қарори билан аукцион орқали сотувга чиқарилган.

21 август куни “Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш ва оммавийлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори имзоланганди.

Қарорда Кадастр агентлигининг ахборот тизимларига давлат мулкидаги футбол стадион ва майдонларининг фойдаланиш мақсадлари ўзгартирилиши ҳамда сотувга чиқарилиши тақиқланиши ҳақида тегишли ўзгаришлар киритилиши кўзда тутилган.

Эътиборли жиҳати, Пискент туман ҳокими томонидан сотувга қўйилган ер учаскаси ўрнида стадион бўлган. Буни сунъий йўлдошдан олинган расмлар ҳам тасдиқлайди.

2016 йил
2020 йил

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддасида юқори турувчи давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлар қуйи органларнинг ижроси учун мажбурийлиги белгилаб қўйилган. Қонунчилик иерархиясида президент қарорлари туман ҳокимлари қарорларидан устун туради. Шу жиҳатдан, ҳокимнинг стадион ўрнини сотиш ҳақидаги қарори кучини йўқотиши ва бугунги сотув амалга оширилмаслиги керак эди.

Мавзуга оид