Ўзбекистон | 15:37 / 05.12.2025
1450
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллалар ҳолати «Ҳокимият монитори» орқали реал вақтда назорат қилинади

Президент қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида шаҳар муҳитини бошқариш ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга қаратилган «Қулай муҳит» ва «Ҳокимият монитори» ахборот тизимлари яратилади. Ушбу тизимлар орқали маҳаллалардаги ҳолат реал вақт режимида мониторинг қилинади ва жойлардаги муаммоларга тезкор муносабат билдириш имконияти яратилади.

Ҳужжатга кўра, маъмурий видеокузатув тизимлари асосида:

ободонлаштириш ва қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунбузилишлар автоматик тарзда қайд этилади;
маҳалла ҳудудларида гиёҳванд моддалар тарқатилишининг олдини олишга кўмаклашилади.

Шунингдек, рақамли видеодомофон тизимлари жорий этилиб:

турар жой бинолари атрофини доимий назорат қилиш;
аҳолини тезкор хабардор қилиш ва фуқаролар билан тўғридан тўғри қайта алоқа ўрнатиш имконлари яратилади.

Лойиҳа доирасида диспетчерлик марказини ўз ичига олган ягона шаҳар платформаси ташкил этилади. У орқали:

маҳаллалар ҳудудидаги ҳолат тезкор мониторинг қилинади, хизмат кўрсатиш ишлари юзасидан назорат кучайтирилади;
катта ҳажмдаги маълумотлар базаси (Big Data) таҳлили ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда ободонлаштириш соҳасини бошқариш сифати оширилади.

Мазкур ахборот тизимлари фуқароларнинг ҳаёт шароитини яхшилаш, маҳаллаларда тартиб-интизом ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, шаҳар бошқарувида очиқлик ва жавобгарликни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид