18:52 / 05.09.2021
67275

Таклиф: Мактабларда ўқув йили бошланишини 1 октябрдан қилиш афзалроқ эмасми?

Бу йил Ўзбекистонда 6 сентябрдан мактаб бошланади. Бир фикр миямда кўп айланарди, уни бошқалар диққатига ҳавола этишни лозим топдим. Гап ўқув йилининг бошланиши ҳақида.

Ўзбекистонда собиқ иттифоқ давридан буён анъанавий тарзда ўқув йили 1 сентябрдан бошланарди. 1 сентябр миллий байрамга (дам олиш куни) айлангач, мактаб ва олийгоҳларда ўқиш 2 сентябрдан бошланиб келмоқда.

Лекин бу ўзини нечоғлик оқламоқда? Ҳеч шунинг устида бош қотириб кўрилганми?

Ён қўшнимиз Қирғизистонда мактаб ва олийгоҳларда ўқиш жорий ўқув йилидан бошлаб 15 сентябр–8 июнь оралиғида бўлиши белгиланибди.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг тушунтиришича, қабул қилинган қарор коронавирус бўйича эпидемиологик вазият ҳамда фуқароларни эмлаш билан боғлиқ экан.

«Қолаверса, туристик мавсумни узайтириш мақсади ҳам кўзланган. Ота-оналар ва депутатлардан ўқув йили бошланишини кўчириш борасида қатор мурожаатлар бўлган. Одамлар томорқасида етиштирилган ҳосилни йиғиштиришга ва болаларини мактабга тайёрлаш учун уни сотишга улгурмаяпти. Албатта, бу асосан қишлоқ жойлардаги вазият билан боғлиқ», дейилган қирғиз ҳукуматининг тушунтиришида.

Фикримча, Ўзбекистонда ҳам пандемия баҳонасида мактаблар ва олийгоҳларда ўқишни 1 октябрдан бошланадиган қилиб юбориш керак эди.

Сабаблар қирғизларники билан ўхшаш — ички туризмни ривожлантириш. Чунки ёзнинг жазирамасида ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари тарихий шаҳарларимизга саёҳат қилишни мақбул билишмайди. Сентябрь ойи эса айни муддао.

Шаҳар жойларда кўплаб талабалар ёзги таътил давомида қурилишларда ишлаб, қўшимча пул топишади. Қишлоқ жойларда эса пахта даласига чиқиб, фермерларга ёрдам бериб даромад қилиш мумкин. Қолаверса, қишлоқ жойларда кўпчилик томорқасига ёки ёрдамчи хўжаликларга эккан ҳосилини йиғиштириб олишга улгурмаган бўлади.

Сентябрь ойининг таътил этиб белгиланиши айниқса қишлоқ жойларда ота-оналарга болаларини мактабга кузги-қишки уст-бош, китоб-дафтар олиб бериб тайёрлаш учун қўшимча имкон беради.

Биз мактаб таълимида Финландия тажрибасига кўпроқ таянмоқдамиз. Улар шимолда — совуқроқ иқлимда яшашади ва ўқув йили уларда август ойининг ўрталарида бошланар экан.

Европа шимолий давлатларининг барчасида ўқув йили август ойида бошланади. Биз билан битта кенгликда жойлашган Европанинг Италия, Испания каби, Осиёнинг Хитой, Мўғулистон каби давлатларида ўқиш сентябрь ойининг иккинчи ярмидан кейин бошланади.

Аслида, бизда йил фасллари календардаги санага мос эмас. Масалан, баҳор бизда 1 мартдан эмас, қадимдан баҳорги тенгкунлик, 21 март (Наврўз)дан, куз эса кузги тенгкунлик — 22 сентябрь санасидан бошланган, далалардаги ҳосил йиғиштирилиб, Меҳржон байрами нишонланган. Қаттиқ, жазирама иссиқлар эса июннинг 22-25-санасидан, саратон киргач бошланган.

Агар ўқув йили йил фаслларига эмас, молиявий йилнинг тўртинчи чорагига мосланган ҳолда, 1 октябрда бошланадиган бўлса, ўқиш ҳам 4та чорак эмас, 3 ой-3 ойдан учта триместр қилинса бўлади:

1. Октябрь-ноябрь-декабрь (31 декабрдан 10 кун таътил)

2. Январь-февраль-март (21 мартдан 10 кун таътил)

3. Апрель-май-июнь (1 октябргача 3 ой таътил)

Олийгоҳларда икки семестрни октябрдан февралнинг 15-санасигача, ундан июнь ойи охирига қадар қилиш мумкин.

Маълумки, 1 октябрь бизда ўқитувчилар ва мураббийлар куни — умумхалқ байрами ҳисобланади. Агар ўқув йили бу тарзда бошланадиган бўлса, 1 октябрни барча учун умумхалқ байрами қилиш ҳам шарт бўлмас эди (Агар таклиф инобатга олиниб, ислоҳот ўтказилса, буни ҳам қўшиб кетса бўлади, албатта). Субъектив фикримча, ўқитувчиларнинг ўзи таълим даргоҳи очилишини ўтказиб, табрикларни қабул қилиб, фақат улар учун шу кунни қисқа иш куни қилинса етарли бўларди.

Агар умумхалқ байрами бўлиши шарт, деган фикр ғолиб келса, шу байрамни 5 октябрь — БМТ тасдиқлаган халқаро ўқитувчилар кунига кўчирса мақсадга мувофиқ бўлади.

Агар ўқув йили бошланиши 1 ойга суриладиган бўлса, ўқишнинг тугаши 20-25 июнларгача борарди, имтиҳонлар ўтказилиб, 30 июнь — ёшлар куни билан тугарди. Шунда ўқиш тизимимиз собиқ СССРнинг ўзгармай келаётган андозасида эмас, азалий ва янги қадриятларимизга мос, қандайдир ўзбекона бўлар эди.

Албатта, айримлар июнь ойида кунлар исиб кетиши, ўқишни саратонгача тақаш — уларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатишини рўкач қилиши ҳам мумкин. Бунга чора сифатида, кичик синф ўқувчиларининг дарсларини ихчамлаштириб, эртароқ тугатиш мумкин.

Юқорида таъкидланганидек, таътилни бир ой ортга суришдан кўзланган мақсадлардан бири — қишлоқ жойларда ўқитувчилар ва талаба ёшларга қурилишларда меҳнат қилиб ёки далаларда пахта териб пул ишлаб олиш, қўшимча даромад қилиш учун шароит яратиш.

Сиз бу таклифга нима дейсиз? Агар кунлар исиб кетиши ҳисобга олинмай турса, ўқиш 1 октябрдан бошланиши яна қандай қийинчиликлар келтириб чиқаради? Ниманидир назардан қочираётгандирман, сиз ҳам фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Top