Ўзбекистон | 15:55 / 08.12.2020
11545
3 дақиқада ўқилади

Умра зиёратини ташкил этиш хусусий секторга бериладими?

Ҳаж ва Умра зиёратини ташкил этиш ишларини тартибга солиш мақсадида давлат махсус комиссияси тузилган. Комиссия қарорига кўра, Умра ишларини ташкил этиш ваколати ҳозирча хусусий секторга берилмайди.

7 декабрь куни АОКА биносида ташкил этилган матбуот анжуманида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов Ҳаж ва Умра ишларини ташкил этишда давлат монополияси ўрнатилгани юзасидан берилган саволга муносабат билдирди.

«Хусусий фирмалардан бири Умра зиёратини ташкил этиб, мустақил ишлашда қийинчиликка дуч келаётгани ҳақида ариза билан қўмитага мурожаат этганди. Аризани кўриб чиқиб, рақобат қонунчилиги талаблари бузилиши аломатларини кўрганмиз. Аломат деганда, ҳали исботланмаган ҳолатлар. Бу масала юзасидан давлат махсус комиссияси тузилган. Ҳақиқатан, бу масалада хусусий секторга бериш мумкинми ё йўқлиги юзасидан хулоса қабул қилинган. Унга кўра, бунга келиш учун ҳали барвақт, бу кўпроқ хавфсизлик масалалари билан боғлиқ.  Шу туфайли, аризачига махсус комиссия қарорига риоя қилган ҳолда жавоб хати берилган», — дейди у. 

Жорий йил 10 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 364-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилганди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига жойланган мазкур қарор лойиҳасида 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда фуқароларнинг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фақат Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши ҳамда Ўзбекистонда бошқа ташкилотларнинг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги қоида белгиланган.

Жамоатчилик муҳокамасига эълон қилинган янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни лойиҳасининг 15-моддасида (Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг диний соҳадаги ваколатлари) қўмита Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги зиёрат жойларига боришини, шу жумладан, Ҳаж ва Умра ибодатини амалга оширишни ташкил қилади, деган қоида акс этган.

Амалдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда қўмитага бундай ваколат берилмаган.

Мавзуга оид