Жаҳон | 22:40 / 14.08.2024
3166
2 дақиқада ўқилади

АҚШ бозордаги монопол мавқейи сабаб Google’ни бўлиб ташлашни режалаштирмоқда

Агарда бу амалга ошса, Google бозорни монополлаштиришда айбланиб, сўнгги 40 йилда бўлиб ташланган биринчи йирик Америка компанияси бўлади.

Фото: Unsplash

АҚШ монополияга қарши курашиш идоралари Google корпорациясини бир нечта алоҳида компанияга бўлиб ташлаш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Гап Chrome интернет-браузери, Android операцион тизими ва AdWords контекст реклама тизими ҳақида кетмоқда. Агарда бу амалга ошса, бозорни монополлаштиришда айбланиб, бўлиб ташланган сўнгги 40 йилда биринчи йирик Америка компанияси бўлади.

5 август куни АҚШнинг Колумбия округи суди федерал судьяси Амит Мехта Google компанияси онлайн қидирув тизими бозоридаги монополиясини сақлаб қолиш учун ноқонуний фаолият юритгани тўғрисида қарор чиқарди. Google апелляция бериш ниятида, аммо Мехта ишнинг кейинги босқичига тайёргарлик кўришни буюрди, бунда ҳукуматнинг рақобатни тиклаш бўйича таклифлари кўриб чиқилади.

Шундан сўнг Адлия вазирлиги Google’ни бўлиб юбориш бўйича талаб қўйиш имкониятини фаол кўриб чиқа бошлади. Вазирлик асосан, дунёда 2,5 миллиарддан ортиқ қурилмада фойдаланиладиган Android операцион тизимини алоҳида компанияга ажратиш ғоясини муҳокама қилмоқда.

Суд қарорида келтирилишича, Google’га эгалик қилувчи Alphabet INC компанияси бошқа технологик гигантларга ўз қидирув тизими смартфон ва браузерларга стандарт вариант сифатида ўрнатилиши учун 26 миллиард доллар тўлаган, бу орқали компания рақобатчиларининг бозорда муваффақиятга эришишига имконият қолдирмаган.

The New York Times’нинг ёзишича, мазкур қарор ҳукуматнинг монополияга қарши бошқа, масалан, Apple, Amazon ва Meta’га нисбатан даъволарига жиддий таъсир кўрсатган. Технологик компанияга қарши охирги антимонопол қарор Microsoft’га нисбатан 1998 йилда қабул қилинган. Таъкидланишича, Google’нинг монополист дея тан олиниши йирик технологик компаниялар ҳукмронлигига чек қўйишнинг бошланиши бўлиши мумкин.

Мавзуга оид