Ўзбекистон | 22:57 / 05.05.2025
13436
2 дақиқада ўқилади

Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясига янги ректор тайинланди

Президентнинг тегишли фармонлари билан Жасур Солиҳов Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ректори лавозимига, Гулноза Исмоилова эса Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори лавозимига тайинланди.

Жасур Солиҳов

Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан Жасур Солиҳов Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ректори лавозимига тайинланди.

Жасур Солиҳов 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Буюк Британиянинг Йорк университетида магистр даражасини олган. Шунингдек, Япониянинг «Васеда» университетининг Халқаро стратегия йўналиши бўйича магистрлик даражасини тамомлаган ҳамда Буюк Британиянинг Оксфорд университети Ориел коллежида тадқиқотчи сифатида фаолият олиб борган.

У 2014 йилдан 2023 йил бошига қадар Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори сифатида фаолият юритган. Тайинловга қадар Жасур Салиҳов Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ректори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Маълумот учун, Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимида 2020 йил ноябридан буён Адҳам Бекмуродов ишлаб келаётганди.

Бекмуродов бир вақтнинг ўзида «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори лавозимини ҳам ўзида ушлаб турганди.

Гулноза Исмоилова

Энди унинг ўрнига Гулноза Исмоилова президент ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори лавозимига тайинланди.

Гулноза Исмоилова — юридик фанлари доктори, профессор. Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. «Иқтисодиёт» ихтисослигида иккинчи мутахассисликка эга (Тошкент давлат иқтисодиёт университети).

Тайинловга қадар у Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид