«Уйдан пул сўрамаймиз, аксинча...» — Кореядаги ўзбек талабалари ўртасида ижтимоий сўров
Жанубий Корея таълим сифати жиҳатдан дунёда етакчи давлатлар қаторида туриши ҳеч кимга сир эмас. Шу боисдан ҳам 10 мингга яқин ўзбекистонлик талаба турли соҳаларда, турли даражаларни олиш мақсадида шу ерда таҳсил оляпти.
Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги мухбири Элдор Воҳидов бу мамлакатдаги ўзбек талабалар ўртасида ижтимоий сўров ўтказди. Натижалар аниқлигини таъминлаш учун Кореянинг 4та йирик шаҳри – Сеул, Бусан, Тегу ва Дежонда ўқиётган талабаларнинг фикрлари жамланди.
Саволлар ва унга берилган жавоблар шарҳи билан қуйида танишишингиз мумкин.
Қайси олийгоҳда таҳсил оласиз?
Сўровнома иложи борича ҳаққоний вазиятни акс эттиришига эришиш мақсадида, иштирокчилар рўйхати турли йўналишларда билим олаётган ёшлардан тузиб чиқилди.
Корея университети, Ёунгнам университети, Кюнгбук миллий университети, Йонгсан университети каби 6-7та олийгоҳ талабалари ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда саволларимизга жавоб беришди.
Грантда ўқийсизми ёки контракт асосида?
Сўровномадан аён бўлдики, аксарият талабалар тўлов эвазига таҳсил олишмоқда. Корея ҳукумати томонидан ажратилган грант ғолиблари ҳам йўқ эмас.
Қайд этиш керак, Жанубий Корея олий таълим тизимида мутлақ грант ёки доимий тўлов шартномаси асосида ўқиш деган тушунча йўқ. Бир семестрдаги ўзлаштириш даражангиз кейинги семестрда бепул ёки маълум миқдордаги тўлов эвазига таҳсил олишингизни белгилаб беради.
Жанубий Кореяда ўқиш ва яшаш учун уйдан ёрдам пули чақиртириб турасизми?
Ватандан ташқарида яшашнинг ўзига яраша машаққатлари борлиги янгилик эмас. Хоҳ тил курси бўлсин, хоҳ бакалавр ёки магистратура даражасини олиш мақсадида келган талабалар бўлсин, қўлдан келганча ўз харажатларини ўзлари қоплашга бор кучлари билан ҳаракат қилаётганликлари кўринди.
Сўровнома натижасида маълум бўлдики, юртдошларимиздан баъзиларида Ўзбекистондан моддий ёрдам олиш эҳтиёжи туғилган. Бу ҳол асосан чет элдаги ўзгача муҳитга кўникиб улгурмаган ва ҳали ишга жойлашиб, маош олмаган ёшларда кузатилди.
Аксарият респондентлар бирон марта уйдан ёрдам пули сўрамаганликларини билдиришди.
Қўшимча маълумот тариқасида, Ўзбекистондан юборилган катта миқдордаги пул маблағи ҳам бу ерда кичик сумма бўлиб қолиши ҳисобига, талабалар оила-аъзоларни уринтириб қўймасликка ҳаракат қилишади.
Қачондан буён Кореядасиз? Ўқишда ўзлаштириш даражангиз қандай?
Юқоридаги бу икки савол умумий ва ортиқчадек туюлиши мумкин. Аммо бу қолган саволларга жавобни таҳлил қилиш учун муҳим саналади. Масалан, талабанинг хорижда узоқ муддатлик тажрибага эгалиги Кореядаги таълим тизими ҳақида маълумот берганда ишончлилик даражасини оширишга хизмат қилса, ўқиш мобайнида пул топиш учун ажратилган вақт талабанинг дарсдаги ўзлаштириш даражасига салбий таъсир кўрсатмайдими, қабилидаги мавзуларга керакли жавоб олишда қўл келади.
Аксарият талабаларнинг Кореядаги ҳаёти бошланганига 2 йил тўлган экан. Демак, хулоса қилиш мумкинки, улар бу ердаги реал ҳаёт билан танишишга улгурган.
Шу билан бирга, сўровномамизда 6 ой муқаддам мамлакатга талаба сифатида келиб, «culture shock» даврини бошидан ўтказаётганлар ҳам иштирок этди.
Жавоблардан маълум бўлдики, талабаларнинг асосий қисми тўлов контракт асосида таҳсил олишади. Ўзбекистондан имкон қадар моддий ёрдам олмасликка ҳаракат қиладилар. Ўз-ўзидан юзага чиқадики, ўқиш ва яшаш харажатларини қоплаш мақсадида дарсдан ташқари соатбай ёки кунбай ишларда меҳнат қилишларига тўғри келади.
Меҳнат фаолияти дарслардаги баҳоларига салбий таъсир қилмай, таҳсил олаётган юртдошларимиз қатори, ўзлаштириш даражаси бироз пастлаган ёшлар ҳам борлиги ойдинлашди.
Таълим олишдан ташқари бўлган масалалар: форма, давомат ва соқол қўйиш бўйича талаблар қандай?
Таълим олиш учун хорижга йўл олган ҳар бир киши, энг аввало тартиб-қоидалардаги тафовутлар билан юзланади. Кореяда бир ярим йиллик ўқиш давридаги тажрибамиздан келиб чиқиб айта оламизки, бу ерда форма ва ташқи кўриниш борасида ҳеч қандай талаб мавжуд эмас.
Сўровнома иштирокчилари ҳам бу хулосамизни тасдиқлашди. Биз суҳбатлашган талабаларнинг барчаси бундай талаб ва чекловлар йўқлигини билдирди.
Истисно тариқасида таъкидландики, баъзи йўналишлар: ошхона, сартарошлик, меҳмонхона, учувчилик каби қатор йўналишларда мутахассисликка мос махсус форма талаб этилиши мумкин.
Давоматга жиддий қаралади. Сўровномада иштирок этган икки кишидан ташқари, қолган барча респондентлар давомат қатъий экани ва бу баҳоларга бевосита таъсир кўрсатишини айтишди.
Жавоблар орасида, вазият дарс берувчи профессорга боғлиқ, деган вариантлар ҳам бўлди.
Ўқишдан бўш пайтларда ишлайсизми? Сир бўлмаса қаерда?
Биз саволга тутганлар орасида Жанубий Кореяга келиб, ҳали ишлаб кўрмаган иштирокчи топилмади.
Чет элдаги ҳаёт ёш талабаларни ҳам катта ҳаётга тайёрлаб қўйиши мазкур саволга жавоблардан маълум бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Иш жойлари турлича: завод, ўзбек ошхонаси, почта хизмати, машиналарни ювиш шохобчаси, пул ўтказмалари фирмаси, сайёҳлик агентлиги, корейс ресторани, адвокатура, мобил телефонлар дўкони, ўқув марказлари ва бир кунлик ишлар шулар жумласидан.
Уйга пул юбориб турасизми?
Жанубий Кореядаги «студентчилик» атамаси талқини бироз ўзгача. Бу талабалар ўқиш учун хорижга сафар қилаётиб, катта масъулиятни ўз бўйниларига олишган.
Саволимизга жавобан, «Ҳа, уйга пул жўнатиб турамиз», деган ҳамюртларимизнинг кўплиги, улар жавоб бериш асносида хижолат чекишлари эътиборимизни тортди. Ҳа, улар контрактда ўқиб, харажатларни ўзлари қоплашмоқда ва бир пайтнинг ўзида яқинларига озроқ бўлса-да моддий кўмак бериш илинжида меҳнат қилишяпти.
Ўзгаларга оғирлиги тушмай, ўқиш ва яшаш харажатларини эплаб келаётган талабанинг уйга – Ўзбекистонга маблағ жўнатиш ҳаракатида юриши таҳсинга сазовор, албатта!
Кореяга янги келган, эндигина тил курсини тамомлаган талабагина уйга пул юборишга имкон қила олмаганини билдирди. Қолганлардан эса саволимизга тасдиқ жавобини олдик.
Корея таълим тизимида ўзбек талабаларига маъқул келмаган жиҳатлар, коррупция даражаси ва бу ердаги ижобий тартиб-қоидаларни Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш таклифлари бўйича фикр-мулоҳазалар билан кейинги мақоламизда таништириб ўтамиз.
Элдор Воҳидов,
Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги мухбири.
Тавсия этамиз
Ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди
Ўзбекистон | 11:20 / 14.03.2025
Путин АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик оташкесим таклифига рози бўлди
Жаҳон | 23:00 / 13.03.2025
“Хитой билан орамиз бузилишини истовчи давлатлар бор” – тармоқдаги долзарб мавзу ҳақида суҳбат
Ўзбекистон | 15:17 / 13.03.2025
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30 / 13.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Зеленский тинчлик бўйича музокараларда иштирок этадиган Украина делегацияси таркибини тасдиқлади
Жаҳон | 03:50
-
Финландия АҚШга тухум етказиб беришдан бош тортди
Жаҳон | 00:25
-
Трамп Лотин Америкасига гиёҳванд моддаларга қарши курашда ёрдам кўрсатишни тўхтатди
Жаҳон | 00:00
-
Латвия Беларус билан чегарадаги ягона назорат-ўтказиш пунктини ёпди
Жаҳон | 23:05 / 16.03.2025
Мавзуга оид

12:37 / 10.03.2025
Ўзбекистон фуқароси қарийб 5,1 млн долларга Сеулдан квартира сотиб олди

16:52 / 08.03.2025
Жанубий Корея президенти тергов изоляторидан озод этилди

14:07 / 07.03.2025
Жанубий Корея президентини ҳибсга олиш ордери бекор қилинди

12:20 / 06.03.2025