Жаҳон | 13:42
1657
4 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореянинг собиқ президенти беш йилга қамалди

Жанубий Кореяда суд жума куни, 16 январда, мамлакатнинг собиқ президенти Юн Сок Ёлни беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм 2024 йил декабр ойида унинг ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниши билан боғлиқ бир қатор айбловлар асосида чиқарилган.

Фото: AP

Сеул марказий округ суди Юнни президент қўриқлаш хизматини ишга солиб, ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ҳолатлари бўйича тергов доирасида суд томонидан қонуний берилган ҳибсга олиш ордерининг ижро этилишига тўсқинлик қилганликда айбдор деб топди.

Телевизор орқали жонли намойиш этилган суд мажлиси давомида суд собиқ президентни, шунингдек, расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ҳарбий ҳолат жорий қилиш учун қонун талаб қиладиган мажбурий тартиб-таомилларга риоя қилмасликда ҳам айбдор деб топди.

Бу — Юнга нисбатан ҳарбий ҳолат жорий этишга омадсиз уриниши муносабати билан қўзғатилган саккизта жиноят иши бўйича чиқарилган илк суд қароридир. Раислик қилувчи судяга кўра, айбланувчи президент лавозимини суиистеъмол қилган ва қонуний суд қарорларининг ижро этилишига йўл қўймасликка уринган.

“Айбланувчи президент сифатидаги улкан таъсирини суиистеъмол қилиб, хавфсизлик хизмати ходимлари орқали қонуний ордерларнинг ижро этилишига тўсқинлик қилди, амалда Корея Республикасига садоқатли давлат хизматчиларини хавфсизлиги ва манфаати учун гўё ‘шахсийлаштириб’ олди”, — деди судя.

Суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг дарҳол суд биноси олдида чиқиш қилган адвокат Ю Жон Хва ҳимоя томони апелляция бериш ниятида эканини билдирди. Унинг айтишича, суд қарори “сиёсийлаштирилган тарзда” қабул қилинган.

Алоҳида бир суд жараёнида Юнга ҳарбий ҳолат етарли асосларсиз эълон қилингани билан боғлиқ исён ташкил қилиш айблови қўйилиши мумкин, бу бўйича унга ҳатто ўлим жазоси таҳдид қилиши эҳтимоли бор. Юннинг ўзи эса президент ваколатлари доирасида ҳаракат қилганини ва мухолифат партиялари ҳукумат ишини тўсиб қўяётганига эътибор қаратишни кўзлаганини айтади.

Юн суд ҳукми чиқарилган айбловларни рад этди. Тергов версиясига кўра, ўтган йилнинг январ ойида у ўз резиденциясида бекиниб олган ва хавфсизлик хизматига терговчиларни киритмасликни буюрган. Шу боис унга 10 йилгача қамоқ жазоси таҳдид қилган.

Оқибатда у иккинчи уринишда, 3000 дан ортиқ полициячи иштирокида ушланган. Бу Жанубий Корея тарихида амалдаги президентнинг ҳибсга олиниши бўйича илк ҳолат бўлган.

Мамлакат парламенти, Юннинг консерватив партиясидан бўлган айрим депутатлар қўллаб-қувватлаган ҳолда, унинг ҳарбий ҳолат ҳақидаги фармонини бир неча соат ичида бекор қилди, кейин эса унга импичмент эълон қилиб, вақтинча ҳокимиятдан четлатди.

Юн ўтган йил апрел ойида конституциявий суд қарори билан лавозимидан батамом четлатилди: суд у президент мажбуриятларини бузган, деган хулосага келди. Reuters агентлиги қайд этишича, ҳарбий ҳолатнинг амал қилиш муддати тахминан олти соат бўлганига қарамай, бу қадам Жанубий Кореяда шок уйғотган — у Осиёнинг тўртинчи йирик иқтисодиёти, АҚШнинг хавфсизлик соҳасидаги асосий иттифоқчиси ва узоқ вақт давомида дунёдаги энг барқарор демократиялардан бири деб ҳисобланган мамлакатдир.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид