20:50 / 09.07.2018
21450

Маҳалла гузари қурилиши фонида рўй бераётган ишлар халқни қийнаб қўймоқда

Аҳолининг  ижтимоий ҳаётини яхшилаш, маҳаллаларнинг янгича кўринишдаги гузарларини бунёд этиш бўйича кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти янада мустаҳкамлаш юзасидан кенг режали ишлар амалга оширилиши белгилаб ўтилган. Минг афсуски, бу ишларда ҳам келишмовчиликлар, маъсулиятсизликлар ва муаммолар кузатилмоқда.

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани, 16-мавзе, 10-, 11-, ва 12-уйларда яшовчи аҳоли ўз ҳудудидаги замонавий маҳалла гузари қурилишидан норози. Асосий муаммо шундаки, маҳалла аҳли ишнинг ўзаро ҳамжиҳатликда ташкил қилинмаганидан ва мутасадди ташкилотлар бунга эътибор қаратмаётганидан шикоят қилмоқда. 

Масалага эътибор қаратсак, ҳудуддаги маҳалла гузари қурилиши фақатгина туман ҳокими қарори билан бошлаб юборилган. Ҳудуднинг жойлашуви, шароити, маҳаллий аҳолининг бунга нисбатан муносабати ҳам етарлича ўрганилмаган. Бориб ўрганиш чоғида, ҳудудда на қурилиш бошланган объект билан танишиш учун лойиҳа паспорти қўйилган, на бир қурилиш объекти махсус тўсиқлар билан ўраб чиқилган. Ёш болалар бу ерни “ўзларининг ўйин майдончаси”га айлантиришган ва бирорта хавфсизлик чоралари кўрилмаган. 

Объектни қуришни бошлаган тадбиркор билан боғланганимизда, унинг барча ишлари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, қурилиш бошлангани йўсиндаги жавобни олдик. Аммо етарли миқдорда ҳужжатлар бизга тақдим этилмади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ”Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисида” (2013 йил 25 февраль 54-сонли) Қароридаги бир қанча вазиятга мос нормалар келтирсак: ”Ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича материалларни кўриб чиқишда тегишли давлат ҳокимияти органлари, туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, туман (шаҳар), вилоят, Тошкент шаҳар комиссиялари, Республика комиссияси ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳолатларда объект қурилиши учун ер участкаси жойлаштирилишини рад этиш ҳуқуқига эга:

ёнғинга қарши, санитария ва табиатни муҳофаза қилиш нормалари бузилиши мумкин бўлган ҳолатларда;

улардан ер участкалари олиб қўйилаётган ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ёки мулкдорларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилганда;

Ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича материаллар улар белгиланган рўйхатга мувофиқ тақдим этилмаган тақдирда қайтарилиши мумкин.

Рад этиш асосланган бўлиши ва ёзма шаклда тақдим этилиши керак.”

Қурилиш ишларини бошлашда қонун бузилиш ҳолатлари бўйича тегишли чора кўриладими? Президент қарори ижроси фонида бу каби хатти-ҳаракатлар аҳолининг кучли норозилигига сабаб бўлаётгани мутасаддиларнинг хатосими ёки манфаатлар самарасими? 

Умумий сўз билан айтганда бугунги кунда Тошкент шаҳрида замонавий маҳалла гузари қуриш бўйича ажратилаётган ҳудудлар аксар аҳолини ўртасида кучли норозилик уйғотмоқда. Бу барча туманларда учраб турибди. Таъкидлаб айтамиз, Президент қарори жуда тўғри ва бу халқимизнинг азалий қадриятларини тиклаш, уларни асраб-авайлашда катта роль ўйнайди. Нимага Юнусобод туман ҳокимияти ижрода шошма-шошарлик, турли манфаатларни халқ розилигидан кўра устун қўйишни афзал кўрмоқда?

KUN.UZ халқ овозини тинглашга доимо тайёр!

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top