Ўзбекистон | 07:52 / 25.05.2022
10896
3 дақиқада ўқилади

МБ тижорат банклари нега кўплаб фуқароларнинг кредит сўровларини рад этаётганини тушунтирди

Марказий банкнинг банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига кўплаб фуқаролардан тижорат банклари томонидан уларнинг кредит сўровлари тушунарсиз сабабга кўра рад этилаётгани юзасидан мурожаатлар келиб тушган. Бу ҳақда МБ хабарида айтилади.

Фото: Kun.uz

Мурожаатчиларнинг изоҳлашича, банклар уларга “Марказий банкнинг қарз олувчилар бўйича “қора рўйхат”ига (“чёрний список”) кирганлигини ва бундай рўйхатга тушганларга кредит берилмаслигини” важ қилиб кўрсатмоқда.

МБ хабарига кўра, банк тизимида “қора рўйхат” тушунчаси, умуман, кредит ажратилиши тақиқланган фуқаролар бўйича тузилган “махсус рўйхат” ёки “маълумотлар базаси” мавжуд эмас.

“Қора рўйхат” тушунчаси етарли билим ва малакага эга бўлмаган айрим банк ходимлари томонидан кредит аризасини кўриб чиқиш жараёнида илгари олинган ёки жорий кредити бўйича тўловларни кредит шартномасида белгиланган муддатлардан кечиктириб тўлаган фуқароларга “қора рўйхатга тушиб қолгансиз” деб изоҳ бериши (тушунтириши) оқибатида вужудга келмоқда.

Ушбу ҳолат аслида фуқаронинг “кредит тарихи” маълумотлари билан боғлиқ бўлиб, ҳозирги кунда ундан барча кредит берувчи ташкилотлар фуқарога кредит беришдан олдин ушбу маълумотлардан фойдаланмоқда.

Билдирилишича, сўнгги йилларда кредит ташкилотлари (банклар ва микрокредит ташкилотлари) ва айрим товар истеъмол кредити берувчи савдо ташкилотлари томонидан фуқароларга кредит ажратиш жараёнида уларнинг илгари олган қарз маблағлари бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажаргани ҳамда жорий қарздорликлари мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фуқароларнинг кредит битимлари, уларнинг ижро этилиши ҳолати, жумладан, илгари қайси кредит ташкилотларидан қанча миқдорда кредит олгани, кредит тўловларини ўз вақтида тўлагани, бошқа кредитлар учун берилган амалдаги кафилликлар ҳамда жорий кредит қарздорликлари тўғрисидаги маълумотлар мажмуи “кредит тарихи” деб аталади. 

Кредит ташкилотлари “кредит тарихи” маълумотлари асосида потенциал қарз олувчининг кредитга лаёқатлилигини баҳолайди, яъни қарз олувчи олаётган кредити бўйича мажбуриятларини келгусида лозим даражада бажара олиш имконияти, илгари олган кредитлари бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажаргани, бошқа кредит ташкилотларидан ҳозирги қарздорлиги миқдори каби маълумотларни ўрганиб чиққан ҳолда фуқаронинг кредит тўловларини тўлаш борасида қай даражада интизомли ва масъулиятли экани тўғрисида хулоса чиқаради.

“Ҳар бир кредит ташкилоти ўзининг кредитлаш тартиби талаблари ва кредитнинг қайтмаслик рискини баҳолаш мезонларидан келиб чиқиб, потенциал қарз олувчининг кредит тарихи маълумотлари, даромади ҳамда таклиф этилаётган кредит таъминотини таҳлил қилади ва якунда кредит ажратиш ёки ажратмаслик юзасидан мустақил қарор қабул қилади. Ўз навбатида, мазкур қарорлар турли кредит ташкилотларида турлича бўлиши мумкин”, дейилади маълумотда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид