Ўзига кредит ажратилишига тақиқ қўйиш кредит фирибгарларидан ҳимоя қилади ва ортиқча қарз олишнинг олдини олади.

Бу қандай ишлайди?

Ўзига тақиқ қўйиш — бу кредит ажратилишини ихтиёрий тақиқлаш бўлиб, буни кредит бюроси ёки давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда амалга оширасиз.

У фаоллаштирилганидан сўнг исмингиз махсус «Кредит битимларини тузиш тақиқланган шахслар» реестрига киритилади. Барча банклар, микромолия ташкилотлари ва бошқа расмий кредиторлар қарз беришдан олдин ушбу реестрни текширишлари шарт.

Сиз махсус портал ёки давлат хизматлари орқали онлайн ариза топширасиз ва ҳатто кимдир ҳужжатларингиздан фойдаланиб кредит олишга уриниб кўрса ҳам банклар сизнинг номингизга кредит расмийлаштира олмайди.

Тақиқ дарҳол кучга киради. Уни исталган вақтда бекор қилиш мумкин — бу ҳам тақиқ ўрнатиш сингари бепул ва ҳеч қандай чекловларсиз.

Хизмат 2025 йил 4 мартда қабул қилинган, «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар киритилган ЎзР№ЗРУ-1043 -сонли Қонуни асосида ишга туширилган. Қонун 2025 йил 6 июндан кучга кирди.

Ўзига тақиқ қўйиш нима?

Агар исмингиз реестрда мавжуд бўлса, банк сизга кредит беришга ҳақли эмас. Ҳатто кимдир паспортингиз билан келса ёки номингизга онлайн-кредит расмийлаштиришга уринса ҳам, тизим аризани автоматик тарзда блоклайди.

Юридик жиҳатдан тақиқ занжир бўйича ишлайди:

  1. Кредит бюроси маълумотларни реестрга киритади.
  2. Банклар реестрга кириш имконига эга.
  3. Кредит расмийлаштиришга уринилганида тизим тақиқни кўради.
  4. Ариза рад этилади.

Қонун кредиторлар жавобгарлигини қатъий тартибга солади. Агар банк реестрни инобатга олмасдан барибир кредит берадиган бўлса, у ушбу битим учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади ва сиздан маблағни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқини йўқотади.

Ўзига тақиқ қўйиш қандай расмийлаштирилади?

Ариза топширишнинг учта усули бор: кредит бюроси портали орқали онлайн, my.gov.uz портали орқали онлайн ёки давлат хизматлари марказларига шахсан мурожаат қилиш.