Тошкент метросининг 9 та бекатида пулли ҳожатхона қурилади
Махсус хоналар йўловчилар гавжум бекатларда қурилади. Аммо ҳозирча айнан қайси метро бекатларида бўлиши номаълум. Пойтахт метрополитен хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, айни вақт ерости бекатларида техник ўрганишлар олиб борилмоқда.
Тошкент метросининг “Чилонзор” бекатида қурилган она-бола хонаси ва ҳожатхона таржиба-синовдан муваффақиятли ўтгани муносабати билан бошқа 9 та бекатда ҳам шундай махсус хоналар қурилиши маълум қилинди.
“Тошкент метрополитени”га кўра, хоналар нисбатан йўловчилар билан гавжум бўлган жойларда барпо қилинади. Корхона матбуот котиби Тўйчи Мирзаевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, метро бекатларида ҳожатхона қурилиши юзасидан ўрганиш ишлари 2022 йилдан бери олиб борилади.
“Чилонзор бекатида битта қилиб кўрдик, ўзини оқлади. Нима учун биз тест режимида қилдик? Тошкент метрополитени шаҳар канализациясидан пастда жойлашган. Буни қуриб битказгандан кейин ёқимсиз ҳидлар чиқмаслигининг олдини олишимиз керак, Чилонзордаги бекатда шуни ишлатиб кўрдик. Ўзини оқлади, биз учун натижа берди, энди бошқа бекатларга ҳам татбиқ қилмоқчимиз. Фақат техник жиҳатдан ўша бекатларга тўғри келадими ёки йўқ, шуни кўриб чиқяпмиз. Қайси бекат тўғри келади, қайси бири тўғри келмайди – шуларни кўриб чиқишимиз лозим”, – деди Мирзаев.
Масъулнинг таъкидлашича, ҳожатхонлар давлат-хусусий шериклик асосида қурилади. Улардан фойдаланиш ҳам худди “Чилонзор” бекатидаги каби пулли бўлади.
Қўшимча қилинишича, она ва бола хонаси, ҳожатхоналар қайси бекатларда қандай кўринишда қачон қурилиши кейинроқ батафсил хабар қилинади.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча тармоқларда “Пахтакор” бекатида номаълум эркакнинг ҳожатини чиқариб кетгани акс этган видеолар тарқалиб, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлганди. Бир гуруҳ фаоллар 47 йил аввал очилган метрополитен бекатларида ҳанузгача нима сабаб ҳожатхоналар ишга туширилмаганини танқид остига олганди.
Ҳолат юзасидан “Тошкент метрополитени” расмий муносабат ҳам билдирганди. Унга кўра, шу йил 27 сентябрда бўлган бу воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари суриштирув олиб боришган. Фуқаронинг шахсига аниқлик киритилиб, белгиланган тартибда унга нисбатан терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилаётгани таъкидланган.
Мавзуга оид
21:23 / 21.11.2024
Тошкент вилоятида ҳожатхона учун қазилган чуқурга тушиб кетган фуқаро қутқарилди
20:42 / 20.11.2024
Тошкент метросида ҳожатхона қуриладиган 9 та бекат номи маълум бўлди
16:57 / 17.09.2024
Тошкент метросида поезднинг носоз ҳолати сабаб мега тирбандлик юзага келди
10:15 / 14.05.2024