Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ХТВ «қизил мактаб»ларга малакали ўқитувчиларни жалб этадиган янги лойиҳа эълон қилди
Таълим даражаси юқори бўлмаган «қизил мактаб»ларга бошқа ҳудудлардан маҳоратли ўқитувчиларни жалб этиш тизимини яратадиган «Янги Ўзбекистон устозлари» лойиҳаси эълон қилинди. Бунда ўқитувчи бошқа вилоятга бориб ишласа, 100 фоиз устама, бошқа туманга бориб ишласа, 50 фоиз устама тўланади. Аризалар жорий йилнинг 1 июнига қадар ustozfondi.uz сайти орқали қабул қилинади.

Бугун, 9 апрел куни Халқ таълими вазирлиги биносида вазирлик раҳбарияти иштирокида «Янги Ўзбекистон устозлари» лойиҳаси юзасидан тадбир ўтказилди. Унда вазир Шерзод Шерматов ва бошқа масъуллар янги лойиҳа юзасидан журналистлар, Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари ва ўқитувчиларнинг саволларига жавоб беришди. Тадбирда қатнашган Ўқитувчилар Ассоцияцияси вакили Маъмура Юсупова бу ҳақда батафсил маълумот берди.
«Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан таълим сифати паст мактаблар рўйхати шакллантирилди ва тасдиқланди. Ушбу рўйхатга ўтган ўқув йилида таълим даражаси паст бўлган (битирувчилари ОТМга кирмаган, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилари мавжуд бўлмаган ҳамда мактабларнинг миллий рейтингида паст натижа кўрсатган, давлат аккредитациясидан, аттестациядан ўта олмаган) 1409 та мактаб киритилди.
Бошқа ҳудуддаги таълим сифати паст мактабларга бориб ишлашни хоҳловчи педагоглар энг аввало олий ёки биринчи малака тоифасига, камида бир йиллик педагогик стажга эга бўлиши керак. Шундан сўнг талабгор ustozfondi.uz электрон платформасида рўйхатдан ўтади ва ариза шаклини тўлдиради.
Экспертлар томонидан электрон ариза қисқа вақт ичида ўрганиб чиқилиб, талабгор ZOOM дастури орқали суҳбатга таклиф қилинади. Суҳбат давомида талабгорнинг фаолиятидаги ютуқлари, психологик тайёргарлиги баҳоланади. Бундан ташқари, ўқитувчидан ёзма (иншо) имтиҳон олинади. Жами 2 та: оғзаки ва ёзма имтиҳон бўлиб ўтади. Аризалар жорий йилнинг 1 июнига қадар ustozfondi.uz сайти орқали қабул қилинади», – дея ахборот берди Юсупова.
Тадбирда иштирок этган вазир Шерзод Шерматовнинг қўшимча қилишича, «Янги Ўзбекистон устозлари» лойиҳаси бўйича танлаб олинган устозлар янги ўқув йилидан бошлаб таълим даражаси юқори бўлмаган умумтаълим мактабларида ўқувчиларга дарс беришни бошлайди. Уларга бошқа вилоятга бориб ишласа, 100 фоиз, бошқа туманга бориб ишласа, 50 фоиз устама белгиланган. Ўқитувчиларнинг олис ҳудудга кўчиб боришига бошланғич 12 млн 250 минг сўм, ҳар ойлик ижара учун 490 минг сўм ажратилади. Лойиҳа узоқ муддат давом этиши кўзда тутилган. Педагоглар ўзларини қизиқтирган саволлар билан (71) 202-09-09 ёки 1006 қисқа рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Мавзуга оид
17:42 / 08.07.2025
UzIMEI бўйича вазир Шерматовга сенатор сўрови юборилди
14:40 / 24.10.2024
“Кўпроқ инглиз тилида контент қилинг” – Шерзод Шерматов ўзбек ютуберларига кўпроқ даромад олиш учун тавсия берди
18:24 / 15.03.2024
Чет тилини биладиган ёшларнинг юқори маошли ишга жойлашишига ёрдам берилади
09:05 / 15.03.2024