12:03 / 16.04.2021
26635

Самарқанд вилояти маркази Гулобод қўрғонига кўчирилади

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти маркази Гулобод қўрғонига кўчирилишини маълум қилди.

«Самарқанд шаҳрини 1 миллион аҳоли яшайдиган йирик шаҳарга айлантириш учун Самарқанд, Паст Дарғом, Тайлоқ ва Оқдарё туманлари ҳудудидан 18 минг гектар ер майдонини қўшиб бериш ва вилоят маъмурий марказини Гулобод қўрғонига кўчириш бўйича таклифни қўллаб-қувватлайман.

Ана шундай йўл тутмасак, Самарқандда туризмни кўнгилдагидек ривожлантира олмаймиз. Шаҳар ичидан барча давлат идораларини кўчирамиз. Маъмурий марказ Гулобод қўрғонида бўлади. Шаҳар ичида фақат туристлар бемалол айланиб юрадиган бўлишади.

Раматов, Закиров, Турдимов чет эллик лойиҳачиларни жалб қилган ҳолда, йил якунига қадар Самарқанд шаҳрининг кенгайишини ҳисобга олиб, бош режа лойиҳасини ишлаб чиқади.

Шаҳарда бошқарув тизимини яхшилаш мақсадида, келгуси йилдан Самарқанд шаҳри таркибида 5та (Сўғдиёна, Сиёб, Боғишамол, Мароқанд ва Қорасув) янги туман ташкил этилади. Мен ҳали бу масалани яна яхшилаб ўйлаб кўриб, батафсил ўрганиб, якуний нуқта қўяман.

Бунинг учун чет эл лойиҳа институтларини жалб қиламиз. Шошилмасдан, синчиклаб ўрганиб, депутатларга, халқимизга тақдим қилиб, шундан кейин 2022 йилда ишни бошлаймиз. Янгича яшаяпмизми, янгича усулда ишлашни ҳам ўрганишимиз керак, тизим ҳам ўзгариши керак», – дея президентнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top