Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рангдор жўжа бизнеси: тадбиркорга фойда, жониворларга-чи?
Бугунги кунда бозорлар атрофида, ҳаттоки йўл четларида ранг-баранг жўжалар сотилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу митти жониворларнинг турли рангда товланиши эътиборни тортади. Kun.uz мухбири савдоси авж олаётган жўжалар тақдири билан қизиқди.
Инсон борки, кўзни қувнатадиган чиройли яратиқлар жорий этишни хуш кўради. Бу яратиқлар табиатга, жониворларга зарар етказиш, уларни азоблаш ҳисобига бўлиши эса ачинарли ҳолат.
Нафақат пойтахтда, балки барча вилоятларда кўплаб сотилаётган бу жўжалар кимёвий бўёқ ёки озиқ-овқат бўёғи ёрдамида шундай ҳолатга келтирилган.
Инкубаторда очирилган жўжалар 800-1000 сўмдан туради ва 1 кунлик жўжаларни истаганча топиш мумкин экан. Бу жўжаларни хоҳлаган рангга бўяб сотиш мумкин. Kun.uz суҳбатлашган сотувчилар бундай жўжадан бир кунда ўртача 500 дона сотилаётганини айтишди.

Масалан, улгуржи нархда 1000 сўмдан жўжа сотиб олиб, уларни бўяб, ўртача 5000 сўмдан сотилса, бор-йўғи 500 та жўжа сотган одам бир кунда 2 млн даромад кўриши мумкин. Осон ва арзон бизнес тури. Эътиборимизни тортган жиҳат – харидорларнинг аксарияти фарзандлари учун харид қилишмоқда.
Аммо бунинг зарарли жиҳатлари бор. «Паррандасаноат» уюшмаси бошқарма бошлиғи Ҳаким Нормуҳаммедов жўжаларнинг бу усулда реклама қилиниши уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатишини айтди.
«Мутахассис сифатида айтаманки, бу жўжалар озуқа бўёқлари билан ҳар қайси рангга алоҳида бўялиб, сотувга чиқариляпти. Жуда чиройли ёрқин рангларда улар диққатни тортади. Лекин ҳаммамизга маълумки, табиатда паррандалар табиий равишда бундан рангларга эга эмас.
Бунинг салбий таъсири шундан иборатки, териси ва нафас олиши орқали жўжа организмига бўёқ элементлари тушади. Бунда унинг организми зарарланади. Биринчи навбатда бўёқ сепилганда жўжаларнинг усти ҳўл бўлади. Янги очиб чиққан жўжа териси жуда нозик бўлади. Намлик оқибатида бир неча кундан сўнг унда шамоллаш кузатилиши мумкин. Яна бир ёмон таъсири, нафас орқали кирган бўёқ заррачалари жониворнинг ўпкасини зарарлашида.
Баъзи ҳолатларда жўжа очилмасдан туриб тухум қайси рангга бўялса, шу рангда жўжа очилишини эшитяпмиз. Қўпол қилиб айтганда, бу эртак. Жўжанинг ранги тухумнинг рангига боғлиқ эмас. Одатда тухум ранги оқ, жигарранг ва қаймоқрангда бўлади. Лекин тухум қайси рангда бўлишидан қатъий назар очиб чиққанда хўроз жўжаларнинг ранги бошқача, товуқларнинг ранги бошқача бўлишини кузатиш мумкин, яъни иккаласиям бир хил рангли тухумдан чиқса ҳам ранглари турлича бўлади», – деди мутахассис.

Аслида, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун қонунчиликда жазо бор. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш – 1-3 БҲМ жаримага сабаб бўлади.
Агар бу ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс гувоҳлигида содир этилган бўлса, ёки маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори 3-5 БҲМга ошади, ёхуд ҳатто 15 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоналади.
Шунингдек, жониворларга турли усуллар билан озор беришга, ўзгартиришга динимизда ҳам ўзига хос муносабат билдирилади. Аллоҳнинг яратган жониворларини ўзгартириш гуноҳ ҳисобланиб, уларга озор етказишдан ҳам тийилишга чақирилади:
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам юз қисмига тамға урилган эшакни кўриб: «Бунга тамға урганни Аллоҳ лаънатласин!» – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳобийлар сафарда чумчуққа ўхшаган қушнинг полапонларини олиб қўйишганда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам полапонларни қайтариб, ўз жойига қўйишни буюрдилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бу билан улар жониворларга раҳм-шафқат кўрсатишда намуна бўлганлар. Демак, шариатимизда ҳайвонларга озор бериш, азоблаш ва уларга шафқат кўрсатмаслик қораланади.
Қонунга қанчалик бўйсуниш, динда белгиланган амалларни тўкис бажариш ҳар банданинг виждонига ҳавола. Аммо қўлимизда тарбия топаётган, эшитгани эмас кўрганига амал қиладиган фарзандларимиз учун биз хурсандчилик рамзи ҳисоблаган бу ҳолат уларда золимлик, жониворларга нисбатан бераҳмлик туйғуларини шакллантирар экан. Яъни психологик жиҳатдан боланинг эмоционал ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.
Жониворларга азоб бериш орқали роҳатланиш фикри, табиат яратган бор нарсадан завқланмаслик келиб чиқиши мумкин. Бу ҳақда психолог Розалия Габдулҳакова шундай дейди.
«Жўжалар ҳаётига зарар етказиб маркетинг учун бундай ҳолга келтириш – ваҳшийлик. Устига-устак буни болаларга тавсия қилишда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Аслида болага жониворлар олиб беришдан 2 та мақсад кўзланади: биттасида жониворга ғамхўрлик қилиш, уни қандай парваришлашни ўргатиш мумкин. Иккинчисида эса уни ўйинчоқ сифатида олиб бериш, жониворни ҳар қандай куйга солиш мумкинлигини сезиши болада бошқаларнинг шахсий чегараси ва ҳаётини қадрламасликни шакллантириши мумкин. Одатда кичкина ёшдаги бола меҳри билан ҳам уни ўлдириб қўйиш мумкин».
Суриштирувлар давомида маълум бўлдики, жўжаларни бу тарзда турфа хил рангларга бўяб савдога чиқарилиши шунчаки сотув ҳажмини сунъий ошириш учун қилинади.
Яъни бунда жўжа боқиб катта қилиш учун эмас, аксинча унинг чиройига маҳлиё бўлган ёш болаларнинг (асосан 3-7 ёшдаги) хархашалари учун, овунчоқ мақсадида сотиб олинади.
Бўялган жўжалардан харид қилган айрим фуқаролар уларнинг нари борса 1 ҳафта ичида нобуд бўлганини айтишди.
Кўрганларимиз ва ўрганганларимиз натижасида табиатнинг ушбу митти жониворлари инсон хоҳишлари йўлида қурбон бўлаётгани ачинарли ҳол экани кўнгилни хира қилди.
Шундан келиб чиқиб, аввало жўжаларни бўяётган ва уларни шу ҳолда сотувга чиқараётган «тадбиркор»ларимиздан динимиз буюрмаган ёмон амалдан қайтиб, жониворларга озор бермасликларини, уларнинг умрини қисқартирмасликларини сўраб қоламиз.
Ота-оналарни фарзандларининг раъйига қарши бўлса-да жўжаларни сотиб олмасдан, бундай шафқатсизликнинг олдини олишга чақирамиз.
Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
14:35 / 18.02.2025
“Ёш тадбиркорлар” рақамли платформаси жорий этилади
11:50 / 18.02.2025
Наманганда газдан ўғринча фойдаланиб келган тадбиркор аниқланди
18:54 / 17.02.2025
«Қатъий белгиланган АОС коррупциянинг оёғига болта урганди, энди уни бекор қилишмоқчи» – солиқ маслаҳатчиси
22:20 / 11.02.2025