Жаҳон | 12:28 / 23.11.2020
13000
18 дақиқада ўқилади

Эфиопиядаги уруш. Қитъанинг қадимий давлати «Африка Югославияси»га айланадими?

Эфиопияда ҳукумат ва «Тиграй озодлик халқ фронти» (ТОХФ) ўртасидаги зиддият ҳали-бери якунланмайдиган кўринмоқда. Қарийб уч ҳафтадан буён давом этаётган қарама-қаршилик натижасида юзлаб кишилар ҳалок бўлди ва ўн минглаб кишилар қочқинга айланди. БМТ кенг кўламли гуманитар инқироз ҳақида огоҳлантирмоқда, можаро иштирокчилари халқаро ҳамжамиятнинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларини эътиборсиз қолдирмоқда.

Минглаб кишилар Суданга қочиб ўтишга мажбур бўлган / AFP

Эфиопия бош вазири, 2019 йилда қўшни Эритрея билан кўп йиллик низо ҳал бўлишидаги саъй-ҳаракатлари учун тинчлик йўналишида Нобел мукофотига сазовор топилган Абий Аҳмад Али ҳозирча халқаро ҳамжамиятнинг айирмачилар билан музокаралар бошлаш ҳақидаги чорловларини эшитишни истамаяпти. «Тиграй озодлик халқ фронти» эса ғалабали якунга қадар курашишга аҳд қилган.

Африка қитъасидаги қадимий бу мамлакат «Африка Югославияси»га айланадими ва зиддият кўлами Эфиопия чегараларидан ташқарига ҳам ёйиладими?

Тиграйда Эфиопиянинг жами аҳолисининг 7 фоизи яшайди, аммо ушбу халқ вакиллари узоқ вақт мобайнида ҳукуматда ва армияда муҳим лавозимларни эгаллаб келишган.

110 миллион киши истиқомат қиладиган Эфиопия - Африкада ҳудуди катталиги бўйича Нигериядан кейинги иккинчи ўринда туради, қитъада мустамлакачиликни бошдан кечирмаган икки давлатдан бири (иккинчиси Либерия) ҳисобланади, (италияликларнинг 1936-1941 йиллардаги қисқа муддатли оккупациясини ҳисобламаганда), бундан ташқари, 2 минг йилдан буён турли номларда мавжуд бўлган Ер юзидаги энг қадимий давлатлардан биридир.

4 ноябр куни бошланган қуролли низодан кейин бу давлат жаҳон афкор оммаси диққат марказига тушди, кузатувчиларнинг фикрича, расмий Аддис-Абебанинг оптимистик баёнотларига қарамай миллатлараро характердаги бу низо Эфиопияни парчалаши таҳдиди юзага келган.

Таҳлил:
Георгий Эрман, BBC

Икки ҳафтадан буён давом этаётган қуролли тўқнашувлар шуни кўрсатадики, бу зиддият мамлакатни бўлиб юбориши, бутун Шарқий Африкада беқарорлик юзага келтириши ва ҳатто Европага зарба бериши мумкин. Атиги бир йил муқаддам бош вазир Абий Аҳмад қўшни Эритрея билан ўтган асрнинг 90-йилларидан буён давом этиб келган чегара низосини ҳал этгани учун Нобел мукофотига муносиб кўрилганди, ҳозир эса у янги уруш бошлаган.

Ҳозиргача нималар бўлиб ўтди?

Тиграй - Эфиопия шимолида жойлашган вилоят бўлиб, Эритрея ва Судан билан чегарадош. Олти миллионлик аҳолисининг 95 фоизини тиграй халқи ташкил этади.

Тиграйликлар Эфиопиянинг жами аҳолиси сонида 7 фоизлик улушга эга, аммо айнан шу халқ вакиллари узоқ вақт давомида Эфиопия армиясида муҳим позицияларни эгаллаб келишган. Шунинг эвазига айирмачилар қаршилик кўрсатиш учун етарли ресурслар ва жанг олиб бориш тажрибасига эга.

Жанглар 4 ноябр куни Абий Аҳмад ушбу вилоятни бошқарадиган «Тиграй озодлик халқ фронти» партияси аъзоларини федерал армиянинг ҳарбий базасига ҳужум уюштиришда айблаши ортидан бошланиб кетди.

Шу куннинг ўзида Эфиопия парламенти «Тиграй озодлик халқ фронти»ни террорчи ташкилот сифатида эълон қилди, мамлакат прокуратураси ташкилот етакчиси, Тиграй президенти мақомида бўлган Дебрецион Гебермайкл бошлиқ 64 кишини ҳибсга олишга ордер берди.

Ҳукумат авиация ёрдамида ҳужум бошлади. Абий Аҳмад тинимсиз равишда ҳарбий муваффақиятлар билан мақтанмоқда, айирмачилар раҳбарлари ҳам айни шу ишни қилишмоқда.

«Адолат ғолиб бўлади. Эфиопия ғалаба қилади. Қонун устуворлигини таъминлаймиз ва Эфиопияни талаган ва тинчликка рахна солганларни жавобгарликка тортиб, доимий тинчлик ва ҳамжиҳатликка асос соламиз», деб ёзди у 15 ноябр куни твиттердаги саҳифасида.

«Ҳали ҳеч ким Тиграй халқи душманга тиз чўкканини кўрмаган», деди Геберемайкл ва Эфиопиядаги бошқа халқларни ўзини қўллаб-қувватлашга чақирди.

12 ноябр куни Amnesty International Май-Кадера шаҳрида «юзлаб кишилар ваҳшийларча ўлдирилгани» ҳақида хабар тарқатди.

Гувоҳларнинг тасдиқлашича, «Тиграй озодлик халқ фронти» жангчилари федерал армияга қарши жангда мағлубиятга учрагач, 9 ноябр куни кечқурун Май-Кадера ҳудудида қирғин уюштирган. Автоматдан отиб ёки тиғли қурол билан чопиб ўлдирилганлар орасида асир тушган эфиопиялик ҳарбий хизматчилар ҳам, Эфиопиянинг бошқа ҳудудларидан Тиграйга қишлоқ хўжалиги ишларида ишлаш учун келган тинч аҳоли вакиллари ҳам бор эди.

Абий Аҳмад «олчоқ хунта»ни «юракни ларзага солувчи шафқатсизлик» қилишда айблади. Дебрецион Геберемайкл эса «Франс пресс» учун берган интервьюсида бу фожиа ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди, шу билан биргаликда, ҳукуматни вилоят маркази Мекелледа ва Адиграт шаҳридаги авиазарбалар оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлишига сабабчи сифатида айблади.

Ҳарбий ҳаракатлар 9 кун муқаддам, мамлакат ҳукумати Тиграйдаги ҳарбий базага ҳужум уюштирилганини маълум қилгач бошланганди

14 ноябр куни «Тиграй халқ озодлик фронти» Тиграй жанубида жойлашган қўшни вилоят Амҳара ҳудудидаги икки аэропортга ракеталар орқали зарба йўллади. Ташкилот буни ҳукумат авиацияси зарбаларига жавоб сифатида изоҳлади.

«Тиграйга ҳужумлар тўхтамас экан, ракеталар учирилиши давом этади», дея маълум қилди партия вакиллари.

15 ноябр куни Дебрецион Геберемайкл унинг тарафдорлари томонидан қўшни давлат Эритрея пойтахтига ҳам ракеталар орқали ҳужум қилинганини тасдиқлади, тиграйликлар Эфиопияни Абий Аҳмадга ёрдам беришда айблашган.

Тиграй аҳолисининг катта қисми христианлар, бутун Эфиопияда ҳам христианлик асосий дин ҳисобланади / GETTY IMAGES

Ҳозирча томонларнинг ҳеч бири музокараларга тайёрлигини билдирмаган.

«Абийнинг уруш эълон қилишдан мақсади Тиграй устидан тўлиқ назорат ўрнатишдир. Аммо зиддият кундан кунга ўсиб бормоқда ва бу можаро оқибатида ўн минглаб кишилар ҳалок бўлиши мумкин. Мамлакат парчаланиб кетиши ҳам мумкин», деб ҳисоблайди Бостондаги Тафтс университети қошидаги World Peace Foundation жамғармаси ижрочи директори, Шарқий Африка бўйича қатор рисолалар муаллифи Алекс де Ваал.

БМТнинг қочқинлар иши бўйича бошқармаси олий комиссари минтақада кенг кўламли гуманитар инқироз юзага келгани ҳақида маълум қилган. Ҳозиргача ўн минглаб тиграйликлар Суданга қочиб ўтган, бошқарма вакили Бабар Балохнинг Женевадаги брифингда маълум қилишича, қочқинлар сони кунига ўртача тўрт минг нафарга ўсмоқда.

«Эфиопиядан ҳаддан ташқари қўрқиб кетган одамлар келишмоқда ва адоқсиз урушдан қочиб келишаётганини айтишмоқда», дея қўшимча қилган у.

Зиддият ибтидоси

1991 йилда СССР ва Куба қўллови билан 17 йиллик бошқаруви даврида мамлакатни очлик ва террор ботқоғига ботирган Менгисту Хайле Мариам ағдарилганидан кейин ғоявий жиҳатдан сўл бўлган «Тиграй озодлик халқ фронти» мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим кучга айланган.

Кейинчалик марксчилик ғояларидан воз кечган ва сиёсий партияга айланган «Тиграй озодлик халқ фронти» 2018 йилга қадар федерал миқёсда асосий куч бўлган. Партия етакчиси Мелес Зенауи 2012 йилгача (ўлимига қадар) Эфиопияни гоҳ президент гоҳ бош вазир сифатида бошқарган.

Зенауининг вафотидан кўп вақт ўтмасдан Эфиопиядаги бошқа халқлар ва уларнинг партиялари тиграйлар давлат аппарати ва армияда устун мавқега эгалигидан норозилик билдира бошлаши ҳокимият алмашинувига олиб келди. 2018 йил апрелида ҳукумат тепасига Эфиопиядаги асосий халқлардан яна бири бўлмиш оромо халқига мансуб, асли касби дастурчилик бўлган, коррупцияга қарши кураш ва ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилган 41 ёшли Абий Аҳмад келади.

Унинг даврида сиёсий маҳбуслар қамоқхоналардан чиқарилади, ҳукуматдаги лавозимларнинг ярмини аёллар эгаллайди, Эритрея билан 20 йиллик урушга якун ясалади.

Аввалги ҳукуматга яқин бўлган қатор шахслар инсон ҳуқуқлари бузилиши ёки давлат хазинасини талон-торож қилишда айбланиб, судга тортилади. Уларнинг орасида Тиграйдан чиққан ҳарбийлар ва сиёсатчилар ҳам кам эмасди.

Вазиятдан норози бўлганлар Тиграй раҳбарлари атрофида бирлаша бошлайди. Дебрецион Геберемайкл доимий равишда Абий Аҳмадни танқид қилиб, уни диктаторларга хос қилиқлар чиқаришда айблайди, азалдан Тиграйнинг душмани саналган Эритрея билан тузилган тинчлик битимини қоралайди.

2018 йилда Эфиопиянинг собиқ алоқа вазири, янги ҳукуматдан лавозим ололмаган тиграйлик Гетачу Реда BBC билан суҳбатда «Тиграй барчасига балогардон қилингани» ҳақида гапирганди.

Ўз навбатида, Абий Аҳмад провинция раҳбариятини айирмачиликда, коррупцияда ва ислоҳотларни саботаж қилишда айблайди. Унинг сўзларига кўра, Тиграй қонун таъқибидан қочганлар учун паногоҳга айланган.

2019 йилда бош вазир ҳукуматдаги коалицияни қайта шакллантиради – этник партиялар коалицияси ягона Фаровонлик партиясига бирлаштирилади. «Тиграй озодлик халқ фронти» унинг таркибига киришдан бош тортади ва мухолифат эълон қилинади.

«Бизни ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқимиздан айирмоқчи бўлганлар қаршисида ҳеч қачон ортга чекинмаймиз», деганди Геберемайкл 2020 йил августида.

9 сентябрь куни Эфиопияда парламент сайловлари ва маҳаллий кенгашларга сайловлар ўтказилиши керак эди, аммо ҳукумат коронавирус пандемияси туфайли сайловларни қолдиради. Тиграй ҳукумати бунга бўйсунмайди ва провинцияда овоз бериш жараёни ўтказилади, тақдим этилган маълумотларга кўра, сайловларда ТОХФ катта устунлик билан ғолиб бўлган. Шундан сўнг икки томон бир-бирига қарши кескин баёнотлар билан чиқиш қила бошлайди.

2 ноябр куни Геберемайкл Тиграй урушга тайёр туриши лозимлиги ҳақида гапиради. Икки кун ўтиб уруш бошланади.

Югославия сценарийси рўй берадими?

Эфиопия – ўз парламентлари ва президентларига эга 10 провинциядан иборат бўлган федератив давлат ҳисобланади.

Мамлакатда тўрт йирик миллат - оромо (аҳолининг 34 фоизи), амҳара (27 фоиз), тиграй ҳамда сомалилар (6 фоиздан) истиқомат қилади ва бу миллатлар кўпчиликни ташкил қиладиган ҳудудларда алоҳида провинциялар тузилган.

Бошқа ўнлаб кичик миллатлар мухториятга эга эмас, уларнинг айримлари бунга эришиш учун курашиб келишади.

Умумий аҳоли сонида 4 фоизлик улушга эга бўлган, Эфиопия экспортида етакчи ўрин тутадиган қаҳва етиштириладиган ҳудудда яшовчи сидлар фақат шу йилга келиб намойишлар ва қатъий талаблар эвазига ўзларининг провинциясини ташкил этишга эришишган.

Этник хилма-хилликдан ташқари мамлакат аҳолиси турли динларга эътиқод қилади. Амҳаралар ва тиграйлар орасида Эфиопия православ черкови устунлик қилади, оромоларнинг ярми ва сомалиларнинг барчаси – мусулмонлар ҳисобланади.

Абий Аҳмад - Евангел-христиан черковига мансуб протестант, унинг отаси - мусулмон оромо, онаси - христиан амҳара.

Абий Аҳмад Тиграй қонундан қочганлар учун бошпанага айланганини маълум қилган

1270 йилдан 1974 йилгача мавжуд бўлган Эфиопия империясини амҳаралардан чиққан сулола бошқарган. Бу халқ юз йиллар мобайнида мамлакатда устун мавқега эга бўлган. Амҳара тили давлат тили бўлган, бу тилни билмаганлар мансаб пиллапояларидан кўтарила олмасди.

XX асрнинг иккинчи ярмига келиб оромо, тиграй ва сомали халқлари ҳам кучая бошлади. Менгисту режими ағдарилгач, амҳараларнинг яккаҳокимлиги ўтмишда қолди.

Алекс де Ваал Абий Аҳмаднинг ҳокимиятга келишини амҳараларнинг реваншига қиёслайди.

«Унинг ҳокимиятининг устуни амҳаралар элитаси ҳисобланиб, улар федератив тизимни бекор қилиб, унитар тизимга қайтишни исташади. Этник федерализмни танқид қилиш учун асослар етарли, аммо Эфиопиядаги яхши қуролланган ва сиёсий етакчиларга эга бўлган турли гуруҳлар ўзларини бошқаришларини исташмайди», деб ҳисоблайди эксперт.

Ҳозирги зиддиятли вазиятда Амҳара марказий ҳукуматни қўллаб-қувватламоқда. Амҳара Тиграйга нисбатан ҳудудий даъвога эга бўлиб, кўплаб амҳаралар ўзларини давлатни ташкил этган миллат деб билишади.

Инқирозни келтириб чиқарган яна бир омил – иқтисодиётдаги вазиятдир.

2004 йилдан 2019 йилгача Эфиопия дунёда юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эга бўлган давлатлардан бири эди (йилига ўртача 11 фоиз). Сиёсий барқарорлик ва паст маошлар хорижий инвесторларни ушбу ўлкага жалб қилган, мамлакатда машинасозлик ва тўқимачилик саноати ривожланганди. Аммо бу ҳам аҳоли сони шиддат билан ўсаётган вақтда ишсизлик муаммосини ҳал эта олмади.

1990 йилда мамлакат аҳолиси 48 млн кишини ташкил этарди, ҳозирда, БМТ баҳоларига кўра, аҳоли сони 110-115 миллион кишига етган. Болаларнинг аҳоли сонидаги улуши 43 фоиз, яна 20 фоиз киши - 15-24 ёшлар оралиғидаги ёшлардир.

Қўшниларга ва бутун дунёга таъсири

«Можаро узоқ вақт давом этиши мумкин. Тиграй йирик ҳарбий кучга эга ва маҳаллий милиция ҳам яхши таълим олган. Маҳаллий аҳоли ҳам раҳбариятни фаол қўллаб-қувватламоқда», деган International Crisis Group халқаро таҳлил ташкилотининг африкашунос экспертлари.

БМТ бош котиби Антониу Гутерреш «Эфиопиянинг барқарорлиги бутун Африка шохи минтақаси учун муҳим экани» ҳақида огоҳлантирди.

Эфиопиянинг шарқдаги қўшниси - Сомали. Бу давлатда 29 йил муқаддам охири йўқ фуқаролик уруши бошланган ва давлат амалда бошқарув қобилиятига эга эмас. Минглаб эфиопиялик ҳарбийлар ушбу давлатдаги тинчликпарвар миссияларга жалб этилган. Агар Эфиопия ўз ҳарбийларини бу давлатдан олиб чиқса, у ерда маҳаллий жангарилар фаоллашади.

Эфиопиянинг ғарбдаги қўшниси - Жанубий Судан ҳам дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири ҳисобланади. Бу давлат 2013-2020 йилларда фуқаролик урушини бошдан кечирган, қуролли тўқнашувлар натижасида юз минглаб кишилар қурбон бўлган, қочқинларнинг бир қисми Эфиопиядан макон топган. Тиграйдаги уруш Жанубий Суданда янги этник тўқнашувлар бошланиши хавфини оширади.

Давлат телеканаллари шимолга борган федерал ҳарбийларни намойиш этган

Эфиопиядан шимолда жойлашган Эритреяда ҳам исталган вақтда ички низолар авж олиб кетиши ҳеч гап эмас. Бу давлатни 1993 йилдан буён бошқариб келаётган президент Исаяс Афеверки авторитар режим ўрнатган, мамлакат жуда ҳам қашшоқ. Маҳаллий ёшлар армияга жалб этилишдан ва қашшоқликдан қочиб, Судан орқали аввал Ливияга, у ердан Европага кетишга ҳаракат қилишади.

Эфиопиянинг беқарорлашиши АҚШ, Хитой, Франция ва Италия ҳарбий базалари жойлаштирилган кичик давлат Жибутига ҳам таҳдид солиши мумкин. Эфиопия халқаро савдони айнан шу давлат орқали амалга оширади.

«Эфиопия федерал кучлари ва Тиграй раҳбарияти ўртасидаги қуролли низо нафақат мамлакат учун, балки Африка Шохи минтақаси учун ҳам ҳалокатли бўлиши мумкин. Вазият узоқ вақт сақланиб қолса, бу Эфиопия давлатчилиги учун жиддий синовга айланади», дея огоҳлантиришади International Crisis Group экспертлари.

REUTERS

Ниҳоят, агар Эфиопиядаги уруш тўхтамаса, Европа томон қочқинларнинг янги улкан оқими йўл олади.

Ҳозир ҳам 600 минг киши - Тиграй аҳолисининг ўндан бир қисми БМТнинг озиқ-овқат бўйича ёрдамига қарам бўлиб қолган.

Эфиопиядаги ҳозирги бўлиниш Кўк Нил дарёсида тўғон қурилиши туфайли Миср ва Судан билан муносабатлар совуқлашган даврга тўғри келмоқда. ГЭС Эфиопиянинг электроэнергиясига талабини қондириши кўзда тутилган, сув омбори шу йил январидан тўлдирила бошлаганди.

Эфиопиядаги Авлиё Георгий черкови - ибодатхона монолит тошдан ўйиб қурилган

Нил дарёсининг қуйи қисмида жойлашган Миср ва Судан бу лойиҳа орқали уларга сув бориши камайишидан норози.

Кўплаб давлатлар, хусусан, АҚШ ва Россия воситачилигида бу масалада кўп йилдан буён ўтказиб келинган музокаралар самарасиз бўлиб чиққан.

24 октябр куни Доналд Трамп Судан ва Исроил раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот чоғида бу масалада Судан ва Мисрнинг ёнини олишини билдирган, унинг бу позицияси эса ўзини АҚШнинг ҳудуддаги иттифоқчиси деб билувчи Эфиопия раҳбариятини ғазаблантирганди. Абий Аҳмад Эфиопия «ҳеч қандай босимга таслим бўлмаслиги»ни маълум қилган.

Эфиопиянинг қисқача тарихи

  • Эрамизнинг II асри: Қадимги Эфиопияда Аксум подшоҳлиги пайдо бўлиши;
  • 330: христианлик дини давлат динига айланади;
  • 1270: Ўзини Сулаймон авлодлари деб даъво қиладиган сулола Эфиопия империясига (Ҳабашистон) асос солади ва бу сулола 1974 йилга қадар  ҳукмронлик қилади;
  • 1896: Адуа яқинидаги жангда итальян ҳарбийлари енгилади ва Эфиопия ўз мустақиллигини сақлаб қолади;
  • 1936: Бенито Муссолини режими Эфиопияни оккупация қилади;
  • 1941: британ армияси итальянларни Эфиопиядан қувиб юборади ва ҳокимият император (негус) Хайле Селассие I’га қайтади;
  • 1952: Британия Италиянинг Қизил денгиз бўйидаги собиқ мустамлакаси Эритреяни Эфиопияга беради, кўп ўтмай бу ерда айирмачилик ҳаракати бошланади;
  • 1974: Хайле Селассие ҳарбий тўнтариш оқибатида тахтдан четлатилади ва ўлдирилади;
  • 1974-1991: советлар таъсиридаги коммунистик режим бошқаруви – 1977 йилдан Қизил негус лақабли, аристократия вакилларини ҳам, ўзининг собиқ қуролдошларини ҳам шафқатсизлик билан қатағон қилган подполковник Менгисту Хайле Мариам ҳукмронлиги бошланади;
  • 1983-1985: оммавий очарчилик юз бериб, миллионга яқин киши ҳалок бўлади;
  • 1985: Британияда Фредди Меркьюри иштирокида мусиқа тарихига кирган Live Aid хайрия концерти ўтказилади. Ташкилотчилар Эфиопияда очликдан қийналаётганлар учун 145 млн фунт йиғиб беришади;
Эфиопия пойтахти Аддис-Абебеда 1991 йил «Лениннинг қулаши» / GETTY IMAGES
  • 1991: Исёнчилар Менгистуни ағдаришади, у Зимбабвега қочиб кетади. «Тиграй озодлик халқ фронти» етакчиси Мелес Зенауи президент бўлади. У мамлакатнинг ҳар бир фуқароси кунига уч маҳал овқатланишига эришишни асосий мақсад сифатида қўяди;
  • 1993: Эритрея мустақилликка эришади. Эфиопия Қизил денгизга чиқиш йўлини йўқотади;
  • 1995: Эфиопия федерацияга айланади, асосий тўрт миллат - оромо, амҳара, тиграй ва сомали – миллий мухториятга эга бўлишади;
  • 1998-2000: Эфиопия ва Эритрея ўртасида уруш бўлиб ўтади (тинчлик келишуви 2018 йилга келибгина имзоланади);
  • 2012: Мелес Зенауи вафот этади, этник ва ҳудудий низолар бошланиб кетади;
  • 2018: намойишлар натижасида Абий Аҳмад Али ҳокимиятга келади;
  • 2019: бош вазир Абий Аҳмад қўшни Эритрея билан кўп йиллик низони ҳал қилгани учун тинчлик йўналишида Нобел мукофотини олади;
  • 2020: федерал ҳукумат ва Тиграй провинцияси ўртасида уруш бошланди.

Мавзуга оид