Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Белгород сув омбори тўғонини вайрон қилди. Бу фронтга қандай таъсир кўрсатади?
Украина қуролли кучларининг ўтган ҳафта давомида ракета ва дронлар орқали йўллаган зарбалари Белгород сув омбори тўғонига жиддий зарар етказган, натижада Шимолий Дон дарёсига назоратсиз сув чиқиши бошланган. Бу дарё эса фронтнинг кўплаб участкаларида Россия ва Украина армиялари позициялари ўртасидаги табиий тўсиқ ҳисобланади.
Фото: t.me/belpepel
Тўғон бўйлаб зарбалар тўғрисидаги илк хабарлар ОАВда 24 октябр куни тонгида пайдо бўлганди. Ўшанда Белгород области расмийлари ҳудудда ракета зарбаси хавфи мавжудлиги ҳамда Графовка қишлоғи ўққа тутилгани ҳақида хабар берганди, тўғон бошқаруви бинолари айнан шу қишлоқда жойлашган.
25 октябр куни област губернатори Вячеслав Гладков сув омбори тўғонига зарар етказилгани тўғрисида хабар қилди.
«Душман яна бир бор зарба бериб, тўғонни бузишга уриниб кўриши мумкинлигини тушунамиз. Агар бу содир бўлса, Харкив области томонда сув дарё ўзанидан тошиб чиқиши ҳамда 1000 га яқин киши яшовчи аҳоли пунктларимизнинг бир нечта кўчаларини сув босиш хавфи пайдо бўлади», – деган у.
Губернатор атрофдаги ҳудудлар – биринчи навбатда Безлюдовка ва Новая Таволжанка қишлоқлари аҳолисини эвакуация бўлишга чақирган.

Катта эҳтимол билан, 26 октябр тонгида тўғон бўйлаб такрорий зарба йўлланган.
Украина ушбу ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. 26 октябр куни кечқурун Украина қуролли кучлари Пилотсиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Бровди («Мадяр» лақаби билан танилган) Белгород сув омборида «ёриқ пайдо бўлгани» ва у ерда сув ҳажми бир метрга пасайганини айтди. У бу зарба унинг қўли остидагилар томонидан йўлланганини қайд этган.
«Бу ташриф Пилотсиз тизимлар кучларининг 1-алоҳида маркази қушчалари томонидан амалга оширилди. Операция „Дамба, нимадир бўлса, чида!“ номини олган, аммо, кўриниб турибдики, дамба бироз бузилган», – дея ёзади «Мадяр».
Бу вақтда эса Россия нашрлари ва ҳарбий мухбирларининг хабарларида Украина сув омбори тўғонига HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимларидан ҳам ракеталар учиргани айтилган.
Ҳужумлар натижасида йўл, ускуналари бўлган бир нечта иншоотлар ва бир ёки иккита шлюзнинг механизмлари жиддий шикастланган, шунинг учун назоратсиз сув чиқиши бошланган. Буни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган фото ва видеоларда кўриш мумкин.
Белгород сув омбори ҳақида нималар маълум?
Сув омбори 1985 йилда Шимолий Дон дарёсида, Белгороддан 10 км жанубда қурилган. Дастлаб ушбу иншоотдан минтақадаги саноатни сув билан таъминлаш учун фойдаланиш режалаштирилганди, аммо кейинчалик сув омбори бу аҳамиятини йўқотиб, рекреацион ҳудудга айланди.
Иншоотда 76 миллион метр куб сув сақлаш мумкин, узунлиги – 25 километр, кенглиги – бир неча ўн метрдан 3 километргача. Максимал чуқурлиги 14 метр, қирғоқ чизиғининг умумий узунлиги 85 километрни ташкил этади.
2004 йилдан бери сув омбори федерал аҳамиятга эга объектлар қаторига киради.
Белгород дарёнинг юқори қисмида жойлашгани сабабли, сув омборидаги сув сатҳи тез пасайиши област марказига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Бироқ, Шимолий Дон дарёсига кўп миқдорда назоратсиз сув қуйилиши унинг қуйи оқимидаги аҳоли пунктлари, шунингдек, унинг ирмоқлари – Нежегол ва Волчя дарёлари учун оқибатларга келтириб чиқариши мумкин.
Биринчи навбатда, Украинанинг Вовчанск шаҳри зарар кўради.
27 октябр куни кечқурунги ҳолатга кўра Россия ҳукумати сув омборида сув сатҳи бир метрга пасайганини маълум қилган, шу билан бирга, «вазият барқарорлиги»ни таъкидлаган.
Белгород сув омбори директори Юрий Парамонов эса тўғон буткул бузилиб кетиши ҳам критик ҳолат бўлмаслигини айтади.
«Бу ҳолатда ҳам оқибатлар яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолиси учун минимал даражада бўлади, чунки биз сув омборидан чиқарадиган сув Украина ҳудудига кетади, Белгород сув омбори Салтовский каскадида жойлашган», – деган у маҳаллий нашрларга.
Россия ҳарбийларининг Вовчанск атрофидаги плацдармига хавф
2024 йил мартида Россия қўшини чегарани бузиб ўтиб, чегара ҳудудларда Вовчанск шаҳри учун жанг бошлаганди. Аммо украин ҳарбийлари қўшимча кучларни олиб келиб, русларнинг ичкарига юришини тўхтатиб қўйди.
Шимолий Дон дарёси ирмоғи ҳисобланган Волчя дарёси бўйидаги вайрона шаҳар шундан буён амалда иккига ажралган. Шаҳарнинг дарёнинг чап соҳилидаги қисми россияликлар назоратига ўтган, жанубий соҳилни украинлар ўз қўлида ушлаб турибди.
Октябр ойи бошида Россия бўлинмалари мазкур ҳудуддаги ҳужумларни кучайтирди ва жанубий соҳилга ўтиб, маҳаллий нон заводи ҳудудидаги бир неча позицияларни эгаллашга муваффақ бўлди.
Россия армияси қўшни қишлоқлар – Огурцово, Гатишче, Бугроваткани ҳам назорат қилмоқда. Уларнинг барчаси Белгород сув омборидан кўп миқдорда сув тушаётган Шимолий Дон бўйида жойлашган. Шунингдек, ушбу дарёнинг Белгород областидан ўтган қисмида Графовка, Новая Таволжанка, Архангелское ва Безлюдовка қишлоқлари ҳам дарёга яқин жойлашган.
Нежегол ирмоғи бўйида эса русларнинг Шебекино шаҳарчаси бор.
Бу ҳудудда Шимолий Дон дарёси суви тошиши мудофаа позициялари сув остида қолишига олиб келиши мумкин – хусусан, Россия армиясининг Вовчанск йўналишидаги хандақлари ва блиндажларини ҳам. Шунингдек, бу йўлларни сув босиши ҳамда кўприклар шикастланиши туфайли логистика бузилишига ҳам олиб келади.
«Ахборий қаршилик» гуруҳининг украиналик ҳарбий таҳлилчиси Олександр Коваленко аллақачон РФ қуролли кучларининг Харкив областидаги 82-мотоўқчилар полки ҳамда 138-алоҳида мотоўқчилар бригадасининг позицияларини сув босгани ҳақида хабар қилган.
«Дарвоқе, айнан шу йўналишда РОВ [Россия босқинчи қўшинлари] бир кун олдин Шимолий Доннинг чап қирғоғи бўйлаб Гатиш жанубидаги назорат зонасини кенгайтиришга уриниб кўрди. Энди назорат зонасининг кенгайиши Шимолий Дон жанубида қолган Россия бўлинмалари учун тузоққа ўхшаб бормоқда», – дейди эксперт.
Худди шундай эффектни Волчя дарёси қирғоқларидаги позицияларда ҳам кутиш керак, деб таъкидлайди у. Сув тошиши Вовчанскдаги маҳаллий нон ва ёғ-мой комбинати ҳудудида ўрнашиб олган рус бўлинмаларига таъминот етказиб беришни сезиларли даражада қийинлаштириши мумкин.
Гидротехник иншоотларни портлатиш уруш учун стандарт амалиёт ҳисобланади. 2023 йил июн ойида Украина армияси мамлакат жанубида йирик қарши ҳужум бошлашидан олдин Каховка ГЭС тўғони портлатилган, натижада Каховка сув омборидан назоратсиз сув сизиб чиқа бошлаганди.
Украина расмийлари ва халқаро кузатувчиларнинг айтишича, мазкур миналаштирилган иншоот уни 2022 йил феврал ойи охиридан бери назорат қилиб келаётган Россия ҳарбийлари томонидан портлатилган. Россия томони эса тўғон вайрон бўлиши Украина ҳарбийлари зарбаси оқибати бўлганини айтганди.
Днипро дарёсининг қуйи оқимида сув тошиши – Херсон областининг шу қисмидаги аҳоли яшаш манзилларида кўплаб одамлар ўлимига олиб келди, шунингдек, узоқ вақт давомида Украина қўшинлари бу сув тўсиғидан ўтишини имконсиз қилиб қўйди.
2024 йил ноябр ойида Донецк областидаги Курахово сув омбори тўғонида портлаш содир бўлди. Икки томон ҳам бу воқеада бир-бирини айблади. Ҳодиса ҳар икки армия фойдаланадиган маҳаллий йўлларни сув босишига олиб келди ва минтақадаги логистикани мураккаблаштирди.
Мавзуга оид
17:55 / 16.12.2025
Украинада сулҳ ва сайлов эҳтимоли ортмоқда — сиёсатшунослар
14:30 / 16.12.2025
Немис бизнеси Украинага ёрдамни Германия буюртмалари билан боғламоқчи
12:24 / 16.12.2025
Германия Украинага инвестиция киритиш бўйича янги дастурни бошлаяпти
11:55 / 16.12.2025