Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Германияда жанговар дронлар ишлаб чиқаришни бошлаяпти
Quantum Frontline Industries Украина–Германия қўшма корхонаси йилига ўн минглаб жанговар дрон ишлаб чиқаради, шартномаларнинг умумий ҳажми эса юзлаб миллион еврони ташкил этади.
Украинанинг Frontline Robotics дрон ишлаб чиқарувчиси ва Германиянинг Quantum Systems мудофаа компанияси Украина Мудофаа вазирлиги буюртмасига кўра жанговар учувчисиз аппаратлар (дронлар)ни ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу ҳақда Quantum Systems компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Маттиас Лена 15 декабр, душанба куни Берлиндаги иқтисодий форумда DW’га маълум қилди. Унинг айтишича, гап йилига ўн минглаб дрон ишлаб чиқариш ҳақида кетмоқда, шартномаларнинг умумий ҳажми эса юзлаб миллион евро билан ўлчанади.
Ишлаб чиқариш режасига кўра, жанг майдонида синовдан ўтган “Линза” номли логистик дрон, Zoom разведка дрони, шунингдек пулемёт ва гранатомёт билан жиҳозланган, масофадан бошқариладиган “Буря” номли ўт очиш модули ишлаб чиқарилади.
Quantum Systems’нинг матбуот-релизида ишлаб чиқариш учун Quantum Frontline Industries деб номланган қўшма корхона ташкил этилиши айтилган. У Украина Қуролли кучлари учун “Европада биринчи марта тўлиқ автоматлаштирилган, саноат миқёсидаги учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқариш линиясини” йўлга қўяди.
Ҳамкорлик Украина ҳукуматининг “Украина билан бирга қуряпмиз” (Build with Ukraine) ташаббуси доирасида йўлга қўйилмоқда. Ушбу ташаббус Ғарб мудофаа компанияларининг маҳсулотларини Украинага жалб қилишга ва Украина мудофаа ишлаб чиқаришининг бир қисмини Европа хавфсиз мамлакатларига кўчиришга қаратилган.
Август ойи охирида Мюнхенда жойлашган Quantum Systems компанияси Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Украина ҳудудидаги махфий ишлаб чиқариш цехларида разведка дронларининг ойлик ишлаб чиқариш ҳажмини 40 тадан 80 тагача, икки баробар оширишга эришгани хабар қилинган эди.
Мавзуга оид
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
15:20 / 09.06.2026
Ҳарбий ҳаво кучлари жанговар қўмондонлиги ташкил этилди
10:40 / 09.06.2026