Жаҳон | 15:39 / 27.04.2026
3424
9 дақиқада ўқилади

Трампнинг эронликларга таклифи, Колумбияда теракт ва Сурияда Башар Асадга қарши суд – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ–Эрон музокаралари

АҚШ президенти Доналд Трамп агар Эрон урушни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб боришни истаса, телефон қилиши мумкинлигини айтди.

«Агар улар гаплашишни истаса, олдимизга келишлари ёки қўнғироқ қилишлари мумкин. Биласизми, бизда яхши, хавфсиз алоқа линиялари мавжуд. Улар келишувда нималар бўлиши кераклигини яхши билишади. Ҳаммаси жуда оддий: уларда ядровий қурол бўлиши мумкин эмас, акс ҳолда учрашишдан маъно йўқ», деди Трамп 26 апрел куни Fox News'га берган интервюсида.

Ахios нашрига кўра, Эрон покистонлик воситачилар орқали АҚШга Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш ва урушни тугатиш бўйича янги таклиф юборган. Унда Эрон ядровий музокараларни кейинги босқичга қолдиришни таклиф қилган. Аммо Оқ уй ушбу хабар бўйича изоҳ бермади.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиённинг таъкидлашича, келишув учун замин тайёрлашдан олдин Қўшма Штатлар барча тўсиқларни, жумладан, денгиз блокадасини олиб ташлаши керак.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса якшанба куни воситачи давлатлар — Покистон ва Ўмон ўртасида дипломатик сафарлар амалга оширди. Ароқчининг Покистон расмийлари билан учрашувида «Ҳўрмуз бўғозида янги ҳуқуқий режимни жорий этиш, товон пули олиш, уруш тарафдорлари томонидан ҳарбий тажовуз қайтарилмаслигини кафолатлаш» каби масалалар муҳокама қилинган.

Эрон ташқи ишлар вазири душанба куни президент Владимир Путин билан учрашиш учун Россияга етиб борди.

Reutersʼнинг ёзишича, рейтинги тушиб бораётган Трамп мамлакат ичида қўллаб-қувватланмаётган ушбу урушни тугатиш бўйича босимга дуч келмоқда. Эрон раҳбарлари эса стратегик муҳим бўғоз орқали музокараларда устунлик топишга ҳаракат қилмоқда.

Колумбияда теракт

Колумбия жануби-ғарбидаги трассада содир этилган портлаш туфайли 19 киши ҳалок бўлди, камида 38 киши, жумладан, беш нафар бола жароҳатланган.

Портлаш Кахибио ҳудудидан ўтувчи Панамерика магистралида юз берган. Портловчи баллон (цилиндр) микроавтобус устига тушиб, ҳаракатга келтирилган. Натижада кўплаб транспорт воситаларига жиддий зарар етган. Портлаш кучи натижасида айрим автомобиллар ағдарилиб кетган, ҳужумдан кейин трассада улкан кратер ҳосил бўлган.

Расмийлар ҳужумда Колумбияда энг кўп қидирилаётган жиноятчилардан бири — Иван Мордискони айблади. Мордиско — ҳозирда фаолияти тўхтатилган Колумбия Инқилобий Қуролли Кучлари гуруҳининг минтақадаги сепаратист аъзоси бўлган. У давлат билан имзоланган тинчлик келишувида иштирок этишдан бош тортганди.

Колумбия Қуролли Кучлари қўмондони Уго Лопес сўзларига кўра, сўнгги икки кун ичида камида 26 та зўравонлик ҳодисаси қайд этилган бўлиб, улардан фақат тинч аҳоли жабр кўрган.

Ҳужумлар серияси 31 майга белгиланган президентлик сайловлари арафасида содир бўлмоқда. Хавфсизлик масаласи сайловолди кампаниясининг асосий мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда.

Трамп қатнашган тадбирда отишма

26 апрелга ўтар кечаси қуролланган шахс Вашингтонда Трамп қатнашаётган тадбирга бостириб кириб хавфсизлик ходимларига ўқ узди. Махфий хизмат Трампни эвакуация қилишига тўғри келди.

Ўша вақтда бинода АҚШ президенти ва унинг администрацияси вакиллари иштирокида «Оқ уй мухбирлари ассоциацияси»нинг кечки овқати бўлаётганди.

Оқ уй эълон қилган кадрларда кимдир хавфсизлик назорат пункти орқали тезлик билан югуриб ўтаётгани, хавфсизлик ходимлари бир лаҳзага саросимада қолгани кўринади. Бир нечта қурол ва пичоқлар билан қуролланган шахс махфий хизмат агентига қарата ўт очган, офицерни ўқ ўтказмайдиган жилети сақлаб қолган.

Ўқ овозларидан сўнг, хавфсизлик агентлари Оқ уй аъзоларини ерга ётқизди. Ҳарбий кийимдаги бошқа хавфсизлик ходимлари саҳнага бостириб кириб, Трамп ва унинг рафиқасини эвакуация қилди.

«Касал одам» деб таърифланган гумонланувчи зарарсизлантирилган ва воқеа жойида ҳибсга олинган. Расмийлар унинг ёлғиз ҳаракат қилганига ишонмоқда. Федерал агентлар ҳужумда гумонланаётган шахснинг Калифорниядаги уйида тинтув ўтказиб, оила аъзолари ва ҳамкасблари билан суҳбатлашган.

Расмийлар гумонланувчи Торранс шаҳридан бўлган, хусусий ўқув марказида ишлаган 31 ёшли Коул Томас Аллен эканини маълум қилди. У ҳужумдан олдин «анти-христиан» манифестини эълон қилган ва Трамп маъмурияти расмийларига энг юқори мартабали кишилардан бошлаб ҳужум қилишни режалаштирган.

Гумонланувчига нисбатан федерал амалдорни ўлдиришга уриниш ва унга ҳужум қилиш, ўқотар қурол ишлатиш каби айбловлар қўйилиши маълум қилинди.

Трамп ушбу воқеадан фойдаланиб Оқ уйда қурилиши режалаштирилган янги зални тадбирлар учун хавфсизроқ жой сифатида тарғиб қилди.

Исроилда Нетаняҳуга айбловлар

Исроил президенти Исхак Ҳерцог якшанба куни бош вазир Бинямин Нетаняҳуни коррупция иши бўйича афв этишни кейинга қолдирди. Унинг айтишича, афв этиш ҳақидаги сўров — фақат Нетаняҳу айбга иқрор бўлиш бўйича келишувга эришиш борасида барча уринишларни тугатганидан кейин кўриб чиқилади.

Тахминан ўн йил аввал тергов ҳаракатлари билан бошланган Нетаняҳунинг ҳуқуқий муаммолари исроилликларни иккига бўлиб қўйган. 2019 йилда унга нисбатан порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилиш айбловлари эълон қилинганди. Аммо Нетаняҳу бу айбловларни инкор этади. Исроилдаги суд жараёнлари турли можаролар ва ҳарбий ҳаракатлар туфайли чўзилмоқда. Октябр ойида Исроилдаги навбатдаги сайловлар арафасида бу масала яна кун тартибига қайтмоқда.

Исроил қонунчилигига кўра, президент маҳкумларни афв этиш ваколатига эга. Бироқ суд жараёни кетаётганда ҳозирча ҳеч кимга афв эълон қилинмаган. АҚШ президенти Доналд Трамп бир неча бор Ҳерцогдан Нетаняҳуни афв этишни сўраганди.

Нетаняҳу шу ҳафтада жараён қайта тикланиши муносабати билан суд залига қайтиши кутилмоқда. У Исроил тарихида жиноятда айбланган биринчи амалдаги бош вазирдир.

Сурияда Асадларга қарши суд бошланди

26 апрел куни Сурияда диктатор Башар Асад ҳукуматининг бир неча собиқ мулозимлари устидан ўтказилаётган суд жараёнига тайёргарлик мажлиси бошланди. Суд залида айбланувчилардан фақат бир нафари шахсан иштирок этди.

Ўн йилдан ортиқ давом этган фуқаролар урушидан сўнг Асад ҳукумати 2024 йил декабр ойида ағдарилганди. Ҳозирда Башар Асад, унинг акаси Моҳир Асад ва уларнинг амакиваччаси ва собиқ хавфсизлик мулозими Атиф Нажиб – оммавий қатағонлар ва Сурия халқига қарши жиноятларда айбланмоқда.

«Жараён ҳибсдаги айбланувчини ҳам, адолатдан қочиб юрганларни ҳам қамраб олади», деди судя.

Навбатдаги суд мажлиси 10 майга белгиланган. AFP агентлигининг хабар беришича, келажакда суд қилинадиганлар орасида президентнинг яна бир қариндоши Вассим Асад, собиқ муфтий Бадриддин Ҳассун ҳамда ҳибсдаги бошқа ҳарбий ва хавфсизлик мулозимлари бор.

Ҳозирда мамлакат 14 йиллик ички можаролардан сўнг тикланиш ва тинчликни сақлашга уринмоқда. Суриядаги фуқаролик урушлари мамлакатни турли гуруҳларга бўлиб юборган, тахминан ярим миллион кишининг ўлимига ва миллионлаб одамларнинг ўз уйини тарк этишига сабаб бўлган.

Мали мудофаа вазири ўлдирилди

Мали мудофаа вазири Садио Камара шанба куни қароргоҳига уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлди. Бу ҳақда якшанба куни Франция ОАВлари хабар берди.

Кати шаҳридаги ушбу операция «Ал-Қоида»га алоқадор маҳаллий террорчилик гуруҳи томонидан амалга оширилган ҳужумнинг бир қисми экани айтилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, исёнчи гуруҳ билан ҳамкорликда амалга оширилган ушбу ҳужум сўнгги йилларда кузатилган энг йирик ва ўзаро мувофиқлаштирилган зарбалардан биридир.

Мали қуролли кучлари исёнчиларни қайтариш мақсадида мамлакатнинг турли ҳудудларида операциялар давом этаётганини билдирди.

Малида амалдаги ҳукумат 2021 йиллардаги давлат тўнтаришларидан кейин ҳокимиятга келганди. Улар Ғарб билан ҳарбий ҳамкорликдан воз кечиб, Россия билан яқин алоқаларни ўрнатиш йўлини танлаган. Ушбу стратегиянинг асосий ташаббускори айнан мудофаа вазири Садио Камара бўлган.

Мали Ташқи ишлар вазирлиги қўшни давлатлар ва хорижий кучлар террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаётганини айтди, бироқ аниқ мамлакатлар номини ошкор қилмади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид