Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрон бош дипломати Покистонда

Жума куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ билан тинчлик музокараларини қайта бошлаш бўйича таклифларни муҳокама қилиш учун Покистонга келди.

Аммо ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Эрон расмийлари АҚШ вакиллари билан учрашишни режалаштирмаётганини айтди. Котибнинг сўзларига кўра, Эроннинг таклиф ва хавотирлари Покистон орқали етказилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Эрон уларнинг талабларини қондиришга қаратилган таклиф беришини айтди. Бироқ таклиф айнан нимадан иборат эканини ҳали билмаслигини билдирди.

АҚШ ким билан музокара олиб боряпти деган саволга Трамп: «Буни айтмоқчи эмасман, лекин биз ҳозирда раҳбарлик қилаётган одамлар билан иш олиб боряпмиз», деб жавоб берди.

Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит АҚШ Эрон томонидан ижобий силжишларни кўраётганини ва бу дам олиш кунларида янада кўпроқ натижалар кутаётганини билдирди. Шунингдек, у АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнc ҳам Уиткофф ва Кушнерга қўшилиб Покистонга боришга тайёрлигини қўшимча қилди.

Ҳукуматдаги икки манбага кўра, Ароқчи келиши билан Покистон ташқи ишлар вазири Исъҳоқ Дар билан учрашувга йўл олган. Шунингдек, Ароқчи икки томонлама масалаларни мувофиқлаштириш ва минтақавий ўзгаришларни маслаҳатлашиш учун Ўмон ва Россияга ҳам боради.

Трамп пайшанба куни Эрон билан «абадий» келишувга эришмоқчи эканини айтиб, муҳим энергия ташиш йўли Ҳўрмуз бўғозини очишга уринмоқда. Аммо АҚШ блокадаси тўхтамагунича Эрон бўғозни очмоқчи эмас.

Ижтимоий тармоқлар учун чекловлар

Чоршанба куни Туркия қонун чиқарувчилари узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чекловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Қонун 15 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлайди ва компаниялар зиммасига улар учун хавфсиз онлайн майдонлар яратиш вазифасини юклайди.

Туркияда мазкур қонун лойиҳаси анча вақтдан бери кун тартибида эди, бироқ шу ой бошида содир бўлган иккита мактабдаги отишма унинг қабул қилинишини тезлаштирди.