Спорт | 21:37 / 10.04.2026
9563
10 дақиқада ўқилади

Суперлигада ҳакамлик можароси. ПФЛ ҳакамлар марказидан VAR ёзувини сўради

«Қўқон-1912» – «Насаф» ўйинида юзага келган баҳсли ҳолатдан кейин ўтказилган шошилинч йиғилишда ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев VAR тизими ўйинларда адолатли қарор чиқаришга кўмаклашиш ўрнига, айримларнинг манфаатларига хизмат қилаётгандек таассурот уйғотаётганини қайд этди. Лига футбол ҳакамлари маркази (ЎзФҲМ)дан VAR билан боғлиқ аудиоёзувларни беришни талаб қилди.

Фото: ПФЛ

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида навбатдаги ҳакамлик можароси авж олмоқда. ЎзПФЛ ижроия қўмитаси навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовга тегишли ҳолатлар юзасидан расман шикоят киритишга қарор қилди.

Ўзи нима бўлди?

8 апрел куни Ўзбекистон чемпионатининг 6-тури доирасида «Насаф» Қўқонда мезбонларга қарши майдонга тушиб, ўйин охирларида пеналтидан ўтказиб юборилган гол туфайли ғалабани қўлдан чиқарди (1:1).

78-дақиқада рўй берган эпизодда «Қўқон-1912» клуби ҳужумчиси Силванус Нимели рақиб жарима майдони ичида дарвозабон Абдувоҳид Неъматов билан контактдан кейин йиқилган.

Ўйинни бошқарган Рустам Лутфуллин бу ҳолатда қоида бузилмаган деб ҳисоблаган ва тўпни меҳмонлар ўйинга киритиши кераклигини кўрсатган. Аммо шундан кейин вазиятга VAR хонасида ўтирган видеоҳакам Иброҳим Исмоилов аралашган ва бош ҳакам монитор қаршисига бориб, узоқ чўзилган текширувдан кейин қарорини ўзгартирган ҳамда 11 метрлик нуқтани кўрсатган.

Ҳолбуки бу вазият видеосида Неъматов тўпга биринчи бўлиб улгургани ва унинг йўналишини ўзгартиргани, шундан кейингина қўқонликлар ҳужумчиси унга келиб урилганини кўриш мумкин.

«Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳамда жамоа футболчилари бу қарордан норози бўлиб, ҳакамга кескин оҳангда эътироз билдиришган, натижада Бердиевга қизил карточка кўрсатилган.

У эса жамоасини майдондан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган ва ўйин маълум вақт тўхтаб қолган.

Ўйин давом эттирилгач, белгиланган пеналтини Тома Табатадзе аниқ ижро этди ва ҳисобни тенглаштиради. Қаршиликлар жамоаси эса очко йўқотиш туфайли турнир жадвалида 6-ўринга тушиб кетди.

Ўйиндан кейин ЎФА қошидаги Эксперт ҳакамлар гуруҳи баҳсли вазият юзасидан хулоса бериб, VAR ҳаками томонидан ушбу вазиятга аралашувни, шунингдек, бош ҳакам Рустам Лутфуллин томонидан пеналти белгилаш қарорини хато деб топди.

Журналист Олимхўжа Бўронов ўз-телеграм каналида агар ҳакамлар очиқчасига «Насаф»дан 2 очкони тортиб олгани исботланса, баҳсли вазиятда ҳакамга ўз эътирози билдириши ортидан сариқ карточка олган Умарбек Эшмуродов ва Ғолиб Ғайбуллаев ҳамда қизил карточка олган Рўзиқул Бердиевдан мазкур интизомий чораларни бекор қилиш кераклигини таъкидлади.

«Шунда кичик бўлса-да адолат тикланади. Ахир «Насаф»га 2 очкони қайтариб беришнинг энди имкони йўқ», – дейди у.

ПФЛда шошилинч йиғилиш

9 апрел куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қўмитанинг 9 нафар аъзосидан 8 нафари иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибига Суперлига ҳакамлари томонидан қабул қилинаётган баҳсли қарорлар, футбол жамоатчилигининг бунга муносабати ҳамда VAR тизими билан боғлиқ тушунарсиз ҳолатлар киритилган.

Диёр Имомхўжаев

Йиғилишни очиб берган Лига бош директори Диёр Имомхўжаев сўнгги вақтларда қатор шубҳаларни келтириб чиқарган ҳолатларни қайд этган. Жумладан, 2025 йилги Ўзбекистон кубогининг финал учрашуви ва 2026 йилги Ўзбекистон Суперкубоги ўйинига Лига томонидан катта тайёргарлик кўрилган ва ташкилотчилик юқори савияда бўлса-да, охир-оқибат бу ўйинлар ҳакамлик можаролари билан ёдда қолгани таъкидланган.

ПФЛ бош директори VAR тизими ўйинларда адолатли қарор чиқаришга кўмаклашиш ўрнига, шубҳали манфаатларга хизмат қилаётгандек таассурот уйғотаётганини қайд этган.

«Биз билган ва ишонаётган VAR тизими мураккаб ҳисобланган ҳакамлик фаолиятига ёрдам бериш, баҳсли ҳолатларни очиб бериш ва уларни қайта талқин қилиш ҳамда одилона қарор қабул қилишда ҳакамларга кўмакчи бўлиши лозим. Илгари VAR 4 дона камера ёрдамида ишлаётгани, мазкур масала такрорий лавҳаларни қайта кўриб чиқишда ҳакамларга қийинчилик туғдираётгани маълум эди.

Лига мазкур йўналишда иш олиб бориб, ўтган мавсум ўзининг илк кўчма телевизион станциясини харид қилди ва уни водийдаги футбол учрашувларига жалб қилди. Эндиликда, водийда ўтаётган ўйинлар нафақат телетомошабинлар талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда суратга туширилмоқда, балки турли ракурслардан берилаётган сифатли такрорий лавҳалар билан ҳакамларга ҳам катта кўмакчи бўлмоқда.

Шунга қарамай, VAR аралашган ҳолатлардан кейин ҳам ҳакамларнинг шубҳали қарорлари тўхтаётгани йўқ. Лига наздида VAR одилона қарор чиқариш учун кўмаклашишдан кўра, кимларнингдир манфаати учун хизмат қилаётган машинага айланиб қолаётгандек.

Биз бу каби масалаларга ё қарши туришимиз ёки бу каби ҳолатлар давомий бўлишига кўникишимиз керак. Мамлакатимиз раҳбари футболни ривожлантиришга бош-қош бўлаётган, ЎФА президенти унда шаффофлик ва адолат бўлиши лозимлигини бир неча бор таъкидлаётган вақтда Лига ва клублар бу сиёсатни қўллашимиз, футболдаги иллатларга бепарволик билан эмас, ўз позициямиз билан жавоб беришимиз шарт», – дейди Диёр Имомхўжаев.

Қайд этилишича, ПФЛ ва ҳакамлар маркази ўртасидаги шартноманинг 3.1-бандида мусобақаларда фаолият олиб бораётган ҳакамлар жамоасининг шу мусобақа доирасидаги ўзаро ҳамда клуб расмийлари билан махсус техникалар ва VAR учун ёзиб олинган аудиоёзувларни талаб қилиш Лига ҳуқуқи сифатида белгиланган.

«Қўқон-1912» — «Насаф» учрашувида юзага келган баҳсли ҳолатдан кейин Лига ЎзФҲМдан VAR билан боғлиқ аудиоёзувларни талаб қилган, лекин марказ турли баҳоналар билан мазкур жараённи пайсалга солган ва бу билан шубҳаларни оширган. Шундан келиб чиқиб, Лига ЎФА президентига мазкур ҳолатлар бўйича расман шикоят киритишга қарор қилган.

«Бизни ажаблантирган жиҳат шундаки, «Қўқон-1912» – «Насаф» учрашувининг 78-дақиқасида рўй берган ҳолатни бош ҳакам Рустам Лутфуллин дастлаб тўғри баҳолаб, ўйинни давом эттирди. Кейинчалик VAR ҳаками Иброҳим Исмоилов вазиятни қайта кўриб чиқиш бўйича таклиф киритди.

Якунда ҳакам ўз қарорини ўзгартирди. Бироқ ўша куннинг ўзида Эксперт ҳакамлар гуруҳи ҳолатга зудлик билан реакция билдириб, VAR бу каби ҳолат учун бош ҳакамни чақириб адашгани, шунингдек, ҳолат бўйича бош ҳакам хато қарор қабул қилганлигини қайд этди», – дея сўзида давом этди Лига раҳбари.

Суперлиганинг ўтган мавсуми 15-туридан ўрин олган «Динамо» — «Насаф» учрашувида ҳам баҳсли ҳолат рўй бериб, ўшанда ҳам Рустам Лутфуллин «Насаф» дарвозасига шубҳали пеналти белгилагани эслатиб ўтилган.

Ижроқўм аъзолари ЎзФҲМ билан ўзаро шартноманинг 3.1-банди асосида Рустам Лутфуллин ва Иброҳим Исмоиловни мавсум сўнгига қадар Суперлига, Пролига, Ўзбекистон кубоги каби мусобақалардан четлаштириш бўйича ЎзФҲМга расмий сўров киритиш бўйича қарор қабул қилган.

Шунингдек, ушбу ҳакамларнинг мавжуд халқаро тоифага муносиб эканини ўрганиш масаласида ЎФА президентига мурожаат киритилади.

Бундан ташқари, мурожаатда ЎзФҲМ Лиганинг қонуний талабини нима сабабдан бажармаётгани, шунингдек, VAR техникаси ва VAR марказининг фаолиятида шаффофликни янада ошириш учун ундаги барча жараёнлар конфиденциалликни таъминлаш ҳамда VAR протоколи шартларига тўлиқ риоя этилиши шартида янада жиддийроқ назорат қилиниши лозимлиги таъкидланган.

«Лига мамлакатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуслари билан бунёд этилган Миллий футбол маркази ва унда ташкил этилган замонавий VAR маркази мамлакат футболини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам эканини эътироф этади. Ишонамизки, Лига Ижроия қўмитаси томонидан ҳакамлик борасида билдирилган эътирозлар ЎзФҲМ томонидан танқидий руҳда ўрганиб чиқилади», – дейилади хабарда.

ЎзФҲМ муносабати

ЎзФҲМ матбуот хизмати эса FIFA ҳамда IFAB талабларига мувофиқ, VAR жараёнига оид ички аудиоёзувларни учинчи томонларга тақдим этиш тақиқланишини маълум қилди.

«Суперлига 6-тури доирасида ўтказилган «Қўқон-1912» — «Насаф» учрашувида юзага келган баҳсли вазият юзасидан Эксперт ҳакамлар гуруҳи томонидан тегишли хулоса эълон қилинганди.

Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази (ЎзФҲМ) футболнинг яхлитлиги ва ҳалоллигини таъминлаш йўлида тегишли ташкилотлар билан доимий ҳамкорликда фаолият олиб боради. Шу билан бирга, марказ очиқлик ва шаффофлик тамойилларига амал қилган ҳолда, ҳар бир тур якунига кўра баҳсли вазиятлар бўйича мунтазам равишда хулосалар бериб боради.

Амалдаги FIFA ҳамда IFAB талаблари ва регламентларига мувофиқ, VAR жараёнига оид ички аудиоёзувлар (ҳакамлар ўртасидаги мулоқотлар)ни учинчи томонларга тақдим этиш тақиқланади. Ушбу материаллар ҳакамлик фаолиятига оид ички хизмат ҳужжатлари сифатида фойдаланилади.

Шу билан бирга, очиқлик тамойилларидан келиб чиқиб, ушбу вазиятни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда «Насаф» футбол клуби вакиллари иштирокида ЎзФҲМда кўриб чиқиш имконияти мавжуд. Ушбу жараёндаги эпизод барча техник материаллар асосида биргаликда таҳлил қилиш ва тушинтириб бериш имконияти мавжуд.

ЎзФҲМ томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этиладиган махсус семинарлар давомида ҳам ўйинлардаги турли вазиятлар мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда. Шунингдек, «Қўқон-1912» – «Насаф» учрашувидаги мазкур эпизод ҳам ОАВ вакиллари билан биргаликда таҳлил қилинадиган навбатдаги дебрифинг йиғилиши режасига киритилган», – дейилади хабарда.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид