Спорт | 20:37 / 27.02.2026
6055
2 дақиқада ўқилади

Суперлигадаги легионерларнинг 95 фоизи маҳаллий футболчилардан кам маош олади – Диёр Имомхўжаев

Бу йил Суперлига клубларига 6 нафар легионерни рўйхатдан ўтказишга рухсат берилди. ПФЛ раҳбарининг қайд этишича, маҳаллий футболчиларнинг нархи сунъий ошмаслиги ва баланс ушланиши учун ҳам бу лимит керак.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) бош директори Диёр Имомхўжаев Суперлига клубларига нега 6 нафар легионер футболчини рўйхатдан ўтказишга рухсат берилганини тушунтирди.

ПФЛ раҳбарининг қайд этишича, ҳозирги пайтда легионерлар ўзбекистонлик маҳаллий ўйинчилардан кўра камроқ маош олмоқда.

«Легионерлар масаласида ЎФА бошқача фикрда, ПФЛ бошқача фикрда. Ваҳоланки, футбол клублари легионерлар лимити кўпроқ бўлиши тарафдори. Баъзи одамлар бор, легионерлар йўқ бўлиб кетса, футболчиларимиз зўр бўлиб кетади деб ўйлайди. Бу эса хато фикр. Буни ватанпарвар одам сифатида айта оламан. Фақат ўзимиздаги футболчилар даражасидан зўр бўлиб, зўрман дейиш нотўғри. Футболчиларимиз Сербиядан, Грузиядан ёки бошқа мамлакатдан келаётган легионерлардан зўр эканини ички чемпионатда кўрсата олиш керак. Яна бир жиҳати – нарх. Ўн йиллар олдин легионерларга катта маош тўланган ва кўп иллатлар шулар иштирокида бўлган. Кимдир шу фикрда қолиб кетган. Лига ҳозир барча шартномаларни рўйхатдан ўтказа олади ва шуни сизга айта оламанки, легионерларнинг 95 фоизи ўзбекистонлик маҳаллий футболчилардан кам маош олади. Яъни, маҳаллий футболчиларнинг нархи сунъий ошмаслиги ва баланс ушланиши учун ҳам бу лимит бизга керак. Кимгадир буни тушунтира олмаётган бўлсак, бу лимит камайиши мумкин», деди Имомхўжаев.

Маълумот учун, 2026 йилдан Суперлига клублари ПФЛ қайдномасига 6 нафар легионерни рўйхатдан ўтказиб, бир вақтнинг ўзида 5 нафарини майдонга туширишига рухсат берилади.

Трансфер ойнаси ёпилганидан сўнг эълон қилинган маълумотларга кўра, бу йил Суперлигада 83 нафар легионер рўйхатдан ўтказилди. Энг кўп легионер Сербия ва Гуржистондан – 13 тадан. Кейинги ўринларда Нигерия (7), Бразилия, Шимолий Македония ва Россия – 5 тадан.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид