Жамият | 13:53 / 21.11.2025
7172
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда бир ойда икки ЙПХ ходими тезкор тадбирда ушланди

Жиззах вилоятида 18 октябр ва 18 ноябр кунлари йўл-патрул хизмати ходимлари тезкор тадбирда қўлга олинди. Улардан бири маст ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирмаслик учун 1 500 доллар талаб қилган.

Жиззах вилоятида бир ойда икки нафар йўл-патрул хизмати ходими жиноят устида ушланди. Буни Kun.uz’нинг бир-биридан мустақил икки манбаси тасдиқлади.

Маълум қилинишича, 1993 йилда туғилган Ш.У. Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ биринчи сафарбарлик катта инспектори лавозимида ишлаб келган. У спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳайдовчидан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик учун 1 500 доллар талаб қилган.

Ш.У. 2025 йил 19 октябр куни ҳайдовчининг жами 18 млн сўм пул маблағини қўлга киритган. 18 ноябр куни ушбу маблағнинг 500 долларини Жиззах шаҳрида ҳайдовчининг акасига қайтариб бераётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.

2025 йил 18 октябр куни вилоятнинг Бахмал туманида йўл-патрул хизмати ходими майор А.Қ. ҳам тезкор тадбирда 1 млн сўм билан ушланган.

Ҳозирча ҳар икки ҳолат бўйича расмий ахборот берилмади.

Аввалроқ Сирдарё вилояти Ховос туманида ИИБнинг икки тезкор ходими пора олаётганда ушланганди.

Мавзуга оид