Жамият | 12:02 / 30.05.2020
36400
8 дақиқада ўқилади

«Ваъдани кўп беришди, лекин ер беришмади» — сермаҳсул эчки зоти устида ишлаётган андижонлик чорвадор

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида яшовчи Муҳаммаджон ота Исахонов – чорвачилик соҳасида илмий иш қилган, олим инсон. Ота 2018 йили оила аъзолари билан биргаликда чорвачилик соҳаси учун долзарб илмий лойиҳа устида иш бошлади.

Унинг мақсади – Ўзбекистон чорвадорлари ва аҳолиси учун иқлимимизга мослашган, маҳсулдорликда чет элнинг валютага олиб келинадиган зотларидан қолишмайдиган, арзон ва серсут эчки зотини ишлаб чиқишга эришиш.

Лойиҳа маҳаллий дастурга ҳам киритилди. 2018 йил декабрь ойида 60 бош эчки олиб келиниб, Марҳаматнинг Улуғтоғ ҳудуди яйловларида парваришлай бошланди.

Ҳозирги кунда эчкилар сони 300 бошдан ошган бўлиб, хорижнинг Заанен ва ўзимизнинг маҳаллий эчкиларни чатиштириш йўли билан олинаётган янги зотнинг иккинчи авлоди устида иш олиб борилмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тадбиркорларнинг эчкилари шароит яхши бўлса, икки йил давомида 2 минг бошга етиши керак эди. Аммо ундай бўлмади. Сабаби, туман ҳокимлиги томонидан эчкиларга озуқа етиштириш учун етарли ер майдони берилгани йўқ.

Олим чорвадорнинг туман, вилоят ва республика миқёсидаги мутасадди ташкилотларга қилган мурожаатларга эса фақат қуруқ ваъдалардан иборат жавоблар қайтарилмоқда холос.

«Лойиҳа дастурга тушган, лекин умуман эътибор йўқ»

Эчкилар боқилаётган яйлов – Марҳаматнинг қўшни Қирғизистон билан чегара ҳудудиги Улуғтоғ ёнбағирларидамиз. 80 ёшли тажрибали чорвадор ўзи дуч келаётган тўсиқлар ва муаммолар ҳақида гапирди.

«Президентимизни илм-фан аҳлига кўрсатаётган эътибори, ватанимиз равнақида тадбиркорларнинг ролини кўтариш, фан янгиликлари, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш ҳақидаги чақириқларидан руҳланиб, нафақадаги чорвадор бўлсам ҳам янги лойиҳани бошладим.

Ўз вақтида чорвачилик соҳасида 40 йил ишлаб, қорамол зотини яхшилаш бўйича Чорвачилик илмий текшириш институтида номзодлик диссертациясини ёқлаганман. Узоқ йиллар «совхоз»да зоотехник бўлиб ишлагандим.

Марказий Осиёнинг ўз маҳсулдор зотли эчкиси йўқ. Ота-боболаримиздан қолган зотлар бор холос. Маҳсулдор зотларни Европадан қиммат валютага сотиб оляпмиз. Бу зотлар бизнинг иқлим шароитимизга мослаша олиши қийин.

Иқлимга мос зот олиш учун ўзимизнинг маҳаллий эчкиларни Европанинг Заанен эчкиси такасидан қочириб, янги зот яратиш мақсадида лойиҳа бошлаганмиз. 2018 йилда лойиҳамиз Давлат дастурига кирди. Лекин, ривожлантириш ва ёрдам беришга келганда қийналиб турибмиз.

Ҳозир тажрибамиздаги эчкиларнинг 2-авлоди туғиляпти. Эчкилар 8-9 ой мобайнида шу қир-адирларда боқилади. Бу эса таннархи арзон маҳсулот етиштирилади, дегани. Фақат қиш ойлари учун ем-хашак захирасини қилиш керак.

Марҳамат тумани ҳокими лойиҳани тақдим қилганимизда: «Эчкиларни олиб келинг, кейин ер бераман», деб ваъда қилганди. Олиб келгандан буён 5-6 марта оғзаки, 8 марта ёзма мурожаат қилдим. Турли баҳоналар билан қутулаверди.

Туман кадастрига учрашимни айтади. Кадастрдагилар эса: «Тендер бўлади, тендерда ғолиб чиққанга берамиз», дейишади. 2 йилдан бери тендер бўлмайди.

Икки қишни жуда катта талафотлар билан ўтказдик. Совуқ маҳалда эчкига 3-4 маҳал озуқа берилиши керак. Ем-хашак захираси бўлмаса қийин экан. 5 йиллик лойиҳа қилган эдик. Мана, 2 йилга сурилди. Ҳокимлик озгина қўллаб-қувватлаганида, эчкиларимиз сони 2 мингтага етган бўларди. Ҳозир 300 бош эчки бор.

Ўтган қиш ем-ҳашак йўқлигидан, эчкиларни Улуғнор тумани чўлларига олиб бориб боқдик. Бизга эчкиларни боқиш учун ҳозирча 10-15 гектар экин ери берилса, муаммоларимиз ечилар эди», дейди чорвадор.

Вилоят ҳокими топшириғи билан ер беришди, аммо...

2019 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3242-сонли қарори қабул қилинди.

Марҳамат туманида мазкур қарор ижроси бўйича 621 гектар ер берилиши режалаштирилган.

Муҳаммаджон ота Исахонов туман ҳокимлигига 35 гектар ер олиш учун мурожаат қилди. Яна натижа бўлмади.

 

Шундан сўнг чорвадор Андижон вилоят ҳокимининг қабулига борди.

«Вилоят ҳокими мутасаддиларга «Бугунни ўзидаёқ ер беринглар!» деб топшириқ берди. Ўша куни Қирғизистон билан чегарага яқин ҳудудда, сув ўта танқис, кластер экин экмай ташлаб кетган жойдан 4,4 гектар ер беришди.

Қанчалик қийинчилик бўлди, ўзим биламан. Ўша ерда ем-хашак етиштирдим. Айни пайтда 2 гектарига буғдой ва 1 гектарига беда экканмиз. Суғориш қийинчилик билан амалга оширилади.

Ўзим Истиқлол массивида яшайман, ўша массивда ҳам ҳоким захирасига олинган ер майдони бор. Вилоят ер кадастри раҳбари Миролим Матмусаев келди. Ўша адирлик жойга бирга бордик. «Шу ер ёқадими?» деган эди, «Берсангиз фойдаланамиз» дедим. Мутасадди: «Бўлди. Мен туман ҳокимига айтаман», деб кетган. Мана, бир йилдан ортиқ вақт ўтди. Ўша ер ҳали ҳам захирада турибди. Бизда эса ўша эски ем-хашак етиштириш муаммоси», дейди чорвадор.

Эчкичилик – сердаромад соҳа

Эчки 6 ойда бир болалайди. Яхши боқсангиз, бир йилда икки марта бола беради. Кўплари 3тадан ҳам болалайди. Сути шифобахш, гўшти парҳезбоп. Эчки сути таркиби инсон сутиникига яқин. Ёш болаларнинг ривожланиши ва қарияларнинг иммунитетини кўтаришга фойдаси катта.

Мисол учун, 3 литр сут берадиган бир бош сигир боқсангиз, ҳозирги шароитда бозордан 6-7 млн сўмга сотиб олиш мумкин. Унга бир кунда камида 20-30 кг озуқа бериш керак. Эчкига эса 3 кг ёки бир этакда ўт берсангиз бўлди. Камсарф, ҳосилдорлиги яхши соҳа ҳисобланади.

Эчкичилик оз озуқа бирлигига кўп маҳсулот беради. Бир бош қорамолга бериладиган ўтни 10та эчкига бериш мумкин. Хонадондаги сигирлар ўртача 5-6 литр сут берса, 10та эчкидан 1,5 литрдан бўлганда ҳам 15 литр сут олиш мумкин. Ҳозирги пайтда эчки сути бозорда 6 минг сўмдан 10 минг сўмгача сотиляпти. Иқтисодий фойда ҳам чакки эмас.

«Биз кўпайтираётган Заанен билан чатиштирилган янги зот 3-4-авлодидан бошлаб 3 литр сут берса, бир оилани қоплайди. Уни кунига 0,5 кг ем ва 4 кг хашак билан боқиш мумкин.

Қирғизистон билан чегара жойларда 5-6 минг гектар бўш ерлар турибди. 1 гектарга 2тадан бўлса ҳам, 5 минг гектарга 10 минг эчки бўлади. 10 минг эчкидан 2 йилда 3 марта бола олиш мумкин. Лойиҳа режамиз бўйича отаримиздаги эчкилар сонини 2023-2024 йилларга 4 минг бош эчкига етказиш ниятидамиз», – дейди Муҳаммаджон Исахонов.

Марҳамат туман ҳокимлигида

26 май куни туман ҳокимлигида бўлдик. Бизга чорвадор отахоннинг муаммоси юзасидан туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Элёр Султонов изоҳ берди:

«Ҳақиқатан ҳам Муҳаммаджон Исахонов туман ҳокимлигига эчкичилик кластерини ташкил этиши юзасидан ер майдони сўраб мурожаат қилган. Бу мурожаатни кўп маротаба ўрганиб чиқдик. Муҳаммаджон Исахоновга туман захирасидаги суғориладиган ва сув таъминоти оғир бўлган ер майдонларидан таклифлар берилган.

Тугатилаётган фермер хўжаликлари ер майдонларидан ҳам таклифлар бериляпти. Фуқаронинг муаммосини ижобий ҳал этиш ҳаракатидамиз», – деди Элёр Султонов.

Хулоса

Президент Шавкат Мирзиёев 21-22 май кунлари Андижонга ташрифи давомида вилоят туманлари ҳокимлари, иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда паррандачилик, қуёнчилик ва эчкиликни ривожлантириш бўйича топшириқ берди.

Топшириққа асосан Андижондаги хонадонларга кооперация услубида 20 минг бош эчки тарқатилиши кўзда тутилган.

Марҳаматда эса эчкининг янги маҳаллий зотини яратиб, кўпайтириш учун лойиҳа бошлаган чорвадорга озуқа учун ер майдон ажратилмаяпти.

Ўйлаймизки, муаммо тез кунларда ҳал этилади. Биз эса масала қандай ечим топишини кузатиб борамиз.

Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов

Тайёрлаган:  Элмурод Эрматов

Мавзуга оид