Иқтисодиёт | 23:19 / 09.07.2024
17416
5 дақиқада ўқилади

Ортиқча электр энергияси ишлатган тадбиркорлардан 2 баробар ҳақ ундирилмоқда

Тадбиркорлар билан лимитдан ортиқча ишлатилган электр энергияси учун 2 баробар – киловатт-соатига 1800 сўмдан ҳисоб-китоб қилинмоқда. Маълум бўлишича, бу борадаги қарор шу йил 31 майда қабул қилинган. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz билан суҳбатда бу янги тартибни “ўсаётган корхоналарга жазо” деб атади.

Фото: Depositphotos

Шу кунларда электр тахминоти корхоналарида тадбиркорлик билан шуғулланувчилар навбатда туришибди. Улар электр энергияси учун икки баробар кўпроқ пул тўлаётгани, олдиндан тўлов учун ўтказган пуллари етмасдан, тармоқдан узилиб қолганидан ҳайрон, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Дўкондорлар, сартарошхоналар, емакхоналар, автомобилларга хизмат кўрсатиш масканлари ва ҳоказо тадбиркорлик субъектлари нотурар бинолар учун ўтган йилнинг августидан бошлаб ошган тарифда – 1 kWh учун 900 сўмдан тўлов қилиб келишмоқда. Бунда улар электр таъминоти корхонаси билан шартнома қилиши, ойлик тахминий истеъмоли қанча эканини кўрсатиб, 50 фоиз олдиндан тўлов қилишлари керак эди.

Ўзлари кўрсатган ойлик лимитдан ортиқ қисми учун, улар 1 kWh учун 960 сўм тўлаб келишган.

1 июндан бошлаб эса олдиндан тўлов 100 фоиз бўлган, лимитдан ортиқча қисми учун 2 баробар ҳақ – киловатт-соатига 1800 сўмдан ундирилмоқда. Аксарият тадбиркорлар бундан бехабар.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг маълум қилишича, бундай тартиб шу йил 31 май куни қабул қилинган ҳукумат қарорида белгиланган.

Қарорга асосан, ҳисоб-китоб даврида юридик истеъмолчилар томонидан электр энергияси истеъмоли шартномавий миқдордан 10 фоиз ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда, ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси учун белгиланган тарифнинг 2 баравари миқдорида қўшимча тўлов ундирилади.

Ҳужжатда ёзилишича, истеъмолчилар ўзлари истеъмол қиладиган электр энергиясининг ҳажмларини ўзгартириш бўйича ҲЭТКга таклиф киритиш ҳуқуқига эга. Бунда электр энергиясининг шартномадаги ҳажмини ўзгартириш бўйича таклиф мўлжалланаётган ҳисобот ойи бошланишидан 10 кун олдин берилиши керак.

“Мазкур қоидаларнинг амалиётга жорий этишдан асосий мақсад – истеъмолчиларни электр энергиясидан тежаб ва оқилона фойдаланишларини ташкил этишдан иборатлигини маълум қиламиз”, – дейилади “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ахборотида.

“Ўсаётган корхоналарга жазо”

Аввалроқ Kun.uz'га интервю берган иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов бу тартибни кенгайиб, ривожлангани учун корхоналарга нисбатан жазо деб атаганди,

“Энергоресурслар бошқа товарлар сингари бозорда сотилиши керак. Ҳозир юридик шахслар энергетика учун бозор нархида тўлашяпти. Яъни бугунги кунда, сизнинг (Kun.uz назарда тутилмоқда – таҳр.) студиянгиз юридик шахс бўлгани учун катта эҳтимол билан бозор нархида тўлаяпсиз. Дейлик, Ўзбекистонда катта тадбир бўлиб қолди-да, сизлар кўп интервю қилишни, кўпроқ журналистларни ишга олишни бошладингиз. Шу ойда электр энергияси истеъмоли кўпайди. Ҳукумат бунақа бўлиб қолса, сизларни жазолаймиз деяпти. Яъни сизлар бир ой олдин келажакдаги истеъмолингизни кўра олишингиз керак. Шу қанақадир ғалати туюлади. Бу самарали, ривожланаётган корхоналарга нисбатан солиқдек.

Ёки масалан, сиз перашка сотасиз, бугун 100 та сотдингиз, эртага кўпроқ. Нимадир бўлиб, сизнинг перашкангиз ҳаммага ёқиб қолди-да, 1000 та одам келди. Сизда энергия харажати 10 баробарга кўпайиб кетди. Сиз яхши ишладингиз. Ўсиш траекториясида бўлган корхоналарга жазоловчи инструмент ўйлаб топяпмиз”, – дейди у.

Иқтисодчининг сўзларига кўра, бундай чекловлар электр энергиясининг бозор товари эмаслигини кўрсатиб турибди.

“Ҳақиқий ислоҳот қиладиган бўлсак, энергетиклар кўпроқ ишлатинглар деган бўларди. Масалан, ҳозир сиз кўпроқ сув сотиб олсангиз, сув ишлаб чиқарувчи сизни жазоламайди. Мендан кўпроқ олсин дейди. Бизда энергетика шу қадар ҳақиқий бозордан узоқки, ишлатадиганни жазолаяпти. Демак, бу товар эмас, бу қанақадир неъмат ва биз уни бўлиб олишимиз керак. Лекин аксинча, у товар бўлиши керак. Энергетиклар тиғиз бўлмаган пайтда ёқсангиз, арзонроқ қилиб бераман деб айтиши керак балки. Чунки улар товарни сотишга қизиқиши керак.

Ҳозир эса уларнинг мақсади сотиш эмас, тақсимлаш. Бюрократлардек ишлашяпти, фойда келтирувчи корхонадек эмас. Бизда GM ҳам шунақа-ку, уларда мақсад машина сотиш эмас, машинани тақсимлаш – олибсотарларга қарши курашади ва ҳоказо”, – деганди Ҳошимов.

Мавзуга оид