Картадан картага ўтказмалар мониторинги бошланди: айнан кимлар “радарга” тушяпти? Миграция соҳасидаги мега-коррупция: Кореяга ишга жўнатишдаги схема фош бўлди. Ҳамма устозларга тегишли имтиёз лойиҳаси: уларнинг фарзандлари контракт тўловидан 30 фоиз чегирма олиши мумкин. Ўзбекистон тарихидаги энг йирик хусусийлаштириш: илк халқаро IPO'дан бюджетга 600 млн доллар тушди.

Ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Газ ва электр энергияси тарифлари

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан, электр энергияси ва табиий газнинг 1 июндан кучга кирадиган янги тарифлари тасдиқланди. Унга кўра, маиший истеъмолчилар учун базавий тариф электр энергиясида 8,3 фоизга, табиий газда эса 10 фоизга ошади. Қайд этиш керак, 1 май ҳолатига расмий инфляция 7 фоизгача пасайган эди.

Расмийларга кўра, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари учун ижтимоий ёрдам чоралари давом эттирилади. Ўтган йили йўлга қўйган тартибга асосан, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилалар энергияси ва табиий газ истеъмоли базавий меъёрдан ошган тақдирда, харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Бу компенсация фақат иситиш мавсумида эмас, бутун йил давомида доимий тўланиши кўзда тутилган.

Картадан картага ўтказмалар – назорат остида

Савдо соҳасидаги тадбиркорларнинг шахсий банк карталаридаги айланмалар солиқ идоралари томонидан текширилмоқда. Текширув натижалари бўйича тадбиркорлар ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш депаратментига огоҳлантириш хатлари чиқарилган. Шунингдек, тармоқларда картасига тез-тез пул тушиб турадиган айрим фуқаролар солиқ идорасига чақирилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Чоршанба куни Солиқ қўмитаси баёнот билан чиқиб, “юридик шахсларда фаолият юритувчи раҳбар ходимларнинг банк пластик карталарига келиб тушган маблағлар юзасидан таҳлилий ўрганишлар олиб борилаётгани”ни маълум қилди. Улардан шахсий карталарига қабул қилинган савдо тушумларини солиқ ҳисоботларида акс эттириш талаб қилиняпти. Бундай ҳаракат тасдиқланган тақдирда, қўшимча ҳисобланган солиқни ундиришдан ташқари, бошқа бирор санкция қўлланаётгани ёки йўқлиги ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.