Жамият | 15:18 / 13.11.2024
8635
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон инглиз тили саводхонлиги рейтингида 98-ўринга тушди

2024 йилги EF English Proficiency индексига кўра, Ўзбекистон – аҳолиси орасида инглиз тилини билиш даражаси энг паст мамлакатлар қаторида қолмоқда. Айниқса, 18-20 ёшлилар гуруҳидаги натижаларнинг пастлиги эътиборга молик. 21-25 ёшли талабалар ўртасида эса инглиз тили саводхонлиги сезиларли яхшиланган. Ҳудудлар миқёсида энг яхши кўрсаткич Андижон шаҳрида қайд этилган.

EF English Proficiency Index 2024

Дунё мамлакатларида инглиз тилини билиш даражасини баҳоловчи энг йирик рейтинг – EF English Proficiency Index 2024 йилги ҳисоботини эълон қилди. Ўзбекистон – аҳолиси орасида инглиз тилини билиш даражаси энг паст мамлакатлар қаторида қолмоқда.

Бу йил Ўзбекистон 114 та мамлакат орасида 98-ўринда қайд этилган. Бу ўтган йилгидан пастроқ: 2023 йилда Ўзбекистон 113 та мамлакат орасида 93-ўринда эди. Ўз навбатида, ўзбекистонликларнинг инглиз тилини билиш борасидаги ўртача рейтинг балли ҳам 442 дан 439 гача пасайган (максимал балл – 700). Бу – CEFR шкаласи бўйича B1 даражага тенг.

Рейтингни тузган EF Education First компаниясининг (Швеция) МДҲ бўйича бўлинмасидан Kun.uz'га тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси йирик шаҳарларда нисбатан юқорироқ бўлиб қолмоқда. Бу борада 461 балл билан Андижон шаҳри биринчи ўринда боряпти. Пойтахт Тошкент 457 балл билан иккинчи ўринда қайд этилган. Деярли бир хил кўрсаткичга (456) эга Фарғона шаҳри – учинчи ўринда. Юқори бешликдан ўзаро ўхшаш кўрсаткичлар эга Бухоро (436) ва Самарқанд (431) шаҳарлари ҳам жой олган.

Вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида эса Тошкент вилояти биринчи ўринда экани эътиборга молик: бу вилоятдан тест топширганларнинг охирги уч йилдаги ўртача балли 463 бўлган. Регионлар бўйича топ-бешталикка Фарғона (458), Андижон (455), Навоий (446) ва Бухоро (438) вилоятлари кирган.

Инглиз тилини билиш бўйича энг паст кўрсаткич Жиззах (384 балл), Қашқадарё (404) ва Хоразм (405) вилоятларида қайд этилган.

“Охирги 4 йилда Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси узлуксиз равишда тушиб бормоқда. Шу билан бирга, бу пасайиш суръати бутун дунё миқёсидаги пасайиш тенденциясидан секинроқ кечмоқда. Масаланинг гендер жиҳати алоҳида эътиборга молик: мамлакат тарихида иккинчи марта эркаклар ва аёллар ўртасида инглиз тилини билиш даражаси тенглашди”, – дейди EF'нинг МДҲ бўйича директори Дмитрий Федоров.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ноодатий ҳолат шаклланган: энг паст кўрсаткичларни 18-20 ёшлилар гуруҳи қайд этяпти, ваҳоланки, бу ёш гуруҳи анъанавий равишда ўртача натижаларни кўрсатиб келарди. Айни пайтда, инглиз тилини билиш даражаси 21-25 ёшли талабалар ўртасида сезиларли яхшиланяпти

Ўзбекистон ушбу тадқиқотга 2018 йилдан бошлаб қамраб олинган, ўшанда 88 та мамлакат орасида 86-ўринда қайд этилганди. Муаллифлар у ёки бу мамлакат ҳақида муайян хулосалар чиқариш учун етарлича маълумотлар мавжуд деб ҳисоблаб, рейтингга киритиши учун имтиҳонларда камида 5 минг киши қатнашиши зарур. 2024 йил давомида эса Ўзбекистондан 7339 киши Education First тестларини ечган.

EF SET – Европа Иттифоқи томонидан қабул қилинган CEFR тизими асосида стандартлаштирилган тестлар бўлиб, ундан тил ўрганувчилар имтиҳонларга тайёрланиш ва ўз билимига мустақил баҳо бериш учун фойдаланишади. Шунингдек, EF SET – имтиҳонларда фойдаланиш учун мустақил тест манбаси ҳамдир. Онлайн тестни топшириш бепул. Тадқиқотда фақат 18 ёш ва ундан юқори респондентларнинг натижалари инобатга олинади, индексда кескин тебранишлар бўлишининг олдини олиш учун охирги 3 йилликдаги натижаларга қаралади.

2024 йилги рейтинг дунё бўйича инглиз тилини иккинчи ёки хорижий тил сифатида ўрганган 2,1 миллион кишининг имтиҳон натижалари асосида тузилган. Натижаларга кўра, Нидерландия кетма-кет олтинчи марта биринчи ўринни қўлга киритган. Норвегияликлар иккинчи, сингапурликлар учинчи ўринни эгаллаган.

Тадқиқот муаллифларининг хулоса қилишича, инглиз тилини билиш даражаси дунё миқёсида пасайиб бораётган бўлиши мумкин: индексга қамраб олинган мамлакатларнинг 60 фоизи ўтган йилгига қараганда ёмонроқ балл тўплаган. Шу билан бирга, 18-20 ёшлилар ўртасида инглиз тилини билиш даражасининг узоқ йиллик пасайиш тенденцияси жорий йилга келиб тўхтаган.

“Дунёда инглиз тилидан хабардорлик ландшафти доимий ўзгариб боради. Бу йил Яқин Шарқ ва Африка ўз натижасини яхшилади, лекин умуман олганда, бошқа минтақаларда инглиз тилини билиш даражаси секинлик билан, доимий тарзда пасайиб бораётганини кўряпмиз. Бу тенденция шундан далолат берадики, кўплаб мамлакатларда ҳамма инглизча гапиришни билиши керак деган кутилма бор, бу эса ҳам таълим соҳасида, ҳам хусусий секторда тил билиш кўникмаларини яхшилашга бўлган эътиборни сусайтирмоқда”, – дейди Дмитрий Федоров.

Рейтинг муаллифи EF Education First – 1965 йилда Швецияда асос солинган компания. EF ўрта, олий ва олий таълимдан кейинги таълимда хорижий тилларга ўқитишнинг академик дастурларини ишлаб чиқиш ва таълим туризми билан шуғулланади. Ҳар йили дунё бўйлаб миллиондан ортиқ одам EF мактабларида ўқиш учун хорижга чиқади. Тармоқ 55 та мамлакатдаги 600 дан ортиқ офис ва мактабларни ўзида жамлаган, уларда 50 мингдан зиёд ходимлар фаолият юритади.

Мавзуга оид