Жамият | 22:01 / 25.02.2026
858
5 дақиқада ўқилади

Йигит-қизлар қаршисидаги муаммолар ёхуд ёшлар сиёсати нега муҳим?

Ҳар бир давлатда ёшлар сиёсати – бу зерикарли йўналиш эмас, стратегик ривожланиш вазифаси. Чунки эртанги кунини ўйлаган ҳукуматлар келажак эгаларини бугунги муаммолари билан ёлғиз қолдирмайди, уларни йўналтиради. Хўш, ўзбек жамиятида ёш ўғил-қизларни асосан нималар қийнаяпти? Давлат раҳбарининг ёшлар билан учрашувида қандай вазифалар белгиланди?

Кеча, 24 феврал куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари билан катта учрашув ўтказди. Унда бутун республикадан жами 60 мингга яқин ёшлар иштирок этгани айтилмоқда.

«Ёшлар» тушунчаси дунё бўйлаб бир хил эмас. Баъзи давлатларда «ёшлар» деганда 35 ёшгача аҳоли қатлами тушунилади. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган аҳолимиз – “ёшлар” дейилади. 2026 йил 1 феврал ҳолатига, Ўзбекистон аҳолиси 38 миллион 300 мингдан ёшди. Шундан 25,7 фоизини ёшлар ташкил қилади. Бу дегани, ҳар тўртинчи ўзбекистонлик – ёш аҳоли ҳисобланади.

1 ёшдан 13 ёшгача аҳолимиз эса «болалар» дейилади. Болалар ва ёшларни қўшганда, улар Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ташкил қилади. Бу билан, Ўзбекистон демографик жиҳатдан жуда ёш ва ўсиб келаётган жамият ҳисобланади.

Хўш, Ўзбекистон ёшларининг бугунги кундаги асосий муаммолари нималар, уларни нима масалалар безовта қилади? Дунёнинг бошқа давлатларидаги каби, Ўзбекистон ёшлари учун ҳам, асосий муаммолар жуда ўхшаш. Лекин ушбу муаммоларнинг масштаби, ўткирлик даражаси бошқа давлатларникидан фарқ қилиши табиий.

Биринчи ўринда, Ўзбекистон ёшларини ишсизлик ва ишга жойлашиш муаммоси безовта қилади. Тўғри, кейинги йилларда умумий аҳоли ўртасидаги, жумладан, ёшлар ўртасидаги ишсизлик муаммоси нисбатан қисқармоқда. Лекин ўрта ёшлиларга нисбатан ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси юқорироқ. Чунки иш берувчилар тажрибалироқ кадрларни маъқул кўришади, ёшлар эса аксар ҳолатларда бошланғич паст маошга кўнишларига тўғри келади.

Иккинчи ўринда, таълимнинг сифати ва олий таълим олиш имконияти. Ўзбекистонда мактаб таълимининг сифати катта шаҳарлар ва қишлоқ жойларида жиддий фарқ қилади. Мактабни битираётган ёшларнинг салкам ярми олий таълим олиш имкониятига эга эмас – олий таълим тизимида жой етишмаслиги муаммоси бор.

Учинчи ўринда, менинг назаримда, ёшларни уй-жой билан таъминлаш муаммоси жуда долзарб. Айниқса, катта шаҳарларда, жумладан пойтахт Тошкентда. Ўзбекистонда ҳозирча ипотека фоизлари жуда қиммат. Бу ёшларни ҳам, уларнинг ота-оналарини ҳам жуда мушкул ахволга солиб қўйган. Кўплаб ёш оилалар ўз хусусий уй-жойларига эга бўлишда қийналишмоқда.

Қолаверса, турли омилларга кўра психологик муаммолар ёшларни безовта қилиши ҳам мавжуд муаммо. Бугунги ёшлар – глобал ахборот оқимлари ичида дунёқараши шаклланаётган авлод ҳисобланади. Баъзи кузатишларга кўра, Ўзбекистондаги 19-30 ёш оралиғидаги 54,6 фоиз ёшлар барқарор ишга ҳам, олий таълим йўналишида ўқишга ҳам эга эмаслиги айтилади. Бу – жуда катта рақам. Айниқса, қизлар, ёш аёллар орасида бу муаммо янада ўткир – уларнинг 74 фоизи на олий таълимда ўқийди, ва на барқарор ишлайди.

Ҳар бир давлатнинг ёшлар сиёсати – бу зерикарли йўналиш эмас, балки стратегик ривожланиш вазифаси. Бугун давлат ёшларга қанчалик эътибор беряпти, уларнинг билими ва малакасини қайси томон йўналтиряпти – бу миллатнинг келажагини белгилаб берувчи омил ҳисобланади.

Ўзбекистон президенти ёшлар билан кечаги учрашувда бир қанча йўналишлар бўйича жами ўттиздан ортиқ вазифалар ва лойиҳалар эълон қилди. Жумладан, ёш оилалар учун ипотека ставкасининг 14 фоиздан ошган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади. Ёш тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун «Келажак тадбиркори» дастури ишга туширилади. «Янги авлод тадбиркори» дастури доирасида Ҳарвард, Стенфорд каби хорижий олийгоҳлар ҳамкорлигида 40 минг ёшларимиз бизнесга ўқитилади.

Кўриниб турибдики, давлатнинг ёшлар сиёсати Ўзбекистон ёшларида тадбиркорлик руҳиятини шакллантиришни мақсад қилмоқда: ёшлар синовлардан қўрқмасин, банкрот бўлишдан қўрқмасин, янги ғояларга интилсин, янгилик яратсин, бой бўлишга ҳаракат қилсин, мустақил бўлишга интилсин. Натижа эса Ўзбекистоннинг энг асосий капитали – инсон ресурслари, инсон капиталини тўлиқ ишга тушишига хизмат қилсин!

Камолиддин Раббимов
Муаллиф Камолиддин Раббимов

Мавзуга оид