Спорт | 11:44 / 10.04.2026
6098
4 дақиқада ўқилади

«Агар бу унвонга лойиқ бўлсанг, барибир уни оласан» – Синдоров пешқадамлиги ҳақида

Жавоҳир Синдоров Номзодлар турниридаги етакчилигини янада мустаҳкамлади. У Рамешбабу Прагнанандҳа устидан иккинчи ғалабасини қўлга киритди.

Фото: FIDE

Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнирининг 10-туридан кейинги матбуот анжуманида қатнашди.

У бу турда оқ доналарда ўйнаб, ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳани мағлуб этди ва очколари сонини 8 тага етказиб, пешқадамликни мустаҳкамлади. Унинг энг яқин таъқибчиси Аниш Гири билан орадаги фарқ энди 2 очкони ташкил этмоқда ва қолган 4 турда бу фарқни йўққа чиқариш деярли имконсиз иш.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик шахматчи Номзодлар турнирида энг кўп ғалабага эришган шахматчи сифатида рекорд ўрнатди, турнирда ҳозиргача ҳеч ким 6 марта ғалаба қозонмаганди.

Жавоҳир ҳиндистонлик рақибга қарши партия бошида хатога йўл қўйганини тан олди.

«Ростини айтсам, бир пайт тайёргарлигимни унутиб қўйдим ва керакли юришни эмас, бошқа юришни тез қилиб юбордим. Бу хато эди. Лекин кейин ўзимни йиғиб олдим ва вазиятдан чиқиб кетдим. Бироз вақт кетди, лекин ўйинни яна назоратга олдим. Омад ҳам ёрдам берди», – деди у.

Синдоров шундан кейин ташаббусни қўлга олиш мақсадида доналардан бирини қурбон қилишга қарор қилди ва юзага келган эндшпилда унинг фарзини ортиқча пиёдалар ёрдамида рақибнинг икки рухидан кўра кучлироқ позицияга эга бўлди.

У турнирда ғалабага яқинлигини ҳис қилаётганини тан олган:

«Мақсадга жуда яқинман, лекин олдинда яна иккита муҳим ўйин бор. Иккаласи ҳам қора доналарда. Шунинг учун натижа ҳақида ўйламасдан, шунчаки ўйнашга ҳаракат қиляпман».

У олдинги турда германиялик Маттиас Блюбаум билан баҳсда ғалабани қўлдан чиқарганди ва шу туфайли босим остида қолганди. Ўзининг айтишича, бу вазиятдан мураббийи билан суҳбат орқали чиқиб кетган:

«Турнирдаги вазият албатта босим беради. Кеча ютишим керак бўлган позицияни юта олмадим. Шунда мураббийим менга: “Агар сен бу унвонга лойиқ бўлсанг, барибир уни оласан. Агар йўқ бўлса, демак янада кўпроқ ишлаймиз. Шунинг учун натижа ҳақида эмас, ўйин ҳақида ўйла” деб айтди. Мен ҳам айнан шуни қилишга ҳаракат қиляпман», – дейди у.

У турнир олди режаларини ҳам эслаб ўтган:

«Турнир олдидан +1 натижа ҳам яхши бўлади, деган эдим. Агар шундай бўлганида, мен шунчаки хотиржам ўйнардим. Ҳозир эса вазият бутунлай бошқача. Ҳозир ҳар бир партия жуда оғир ўтяпти. Босим катта. 

Кеча ҳам қийин кун бўлди – ҳатто партиядан олдин дурангга ҳам рози эдим. Лекин кейин яхши позиция олиб ҳам юта олмаганимдан хафа бўлдим».

Рекорд ҳақида:

«Бу ҳақида умуман ўйламаяпман. Турнир ҳали тугамаган, ҳозир энг муҳими кейинги партияга тайёрланиш.

Энди дам олиш кунида тикланиб, айниқса қора доналарда бўладиган ўйинларга яхшилаб тайёрланишим керак».

10 апрел куни турнирда дам олиш куни эълон қилинди. 11 апрел куни эса Жавоҳир қора доналар билан Фабиано Каруанага қарши ўйнайди. Каруана турнирнинг асосий фаворити сифатида кўрилганди, аммо 10 имкониятдан 5 очко жамғарган ҳолда учинчи ўринда келмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид