Иқтисодиёт | 20:11 / 11.02.2023
45769
7 дақиқада ўқилади

Картадан картага пул ўтказишда ЭҲФ расмийлаштириш мажбурий бўляпти. Бу нега танқидга учради?

Банклар ва тўлов ташкилотлари 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари бўйича электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштириши мажбурий қилиб қўйилди. Ҳозирда битта ЭҲФ нархи 270 сўмдан бошланади. Бу – картадан картага пул ўтказишда йўқ жойдан ортиқча харажат пайдо бўлади дегани. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу ўзгаришни экспертизадан ўтказмай қарорга қўшиб юборган бўлиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Ўзи нима гап?

10 февралда қабул қилинган президент фармони билан, 2023 йил 1 майдан бошлаб тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириши мажбурий бўляпти.

Бу тартиб пул ўтказиш учун комиссия “0” сўм бўлган тақдирда ҳам мажбурий қўлланади.

Бу шуни англатадики, электрон тўлов тизимлари орқали пул ўтказмалари амалга оширилганда, ҳар бир операция учун ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш керак. Бу тартиб P2P (“person to person” – шахсдан шахсга) амалиётлари учун қўлланади. Яъни сиз Click, Payme, Apelsin каби тўлов тизимлари ёки мобил банк хизматлари орқали бошқа одамга пул ўтказиб берганингизда шундай ҳисобварақ-фактура шакллантирилади.

Бундай фактураларни тадбиркорлик субъектлари, яъни электрон ҳужжат алмашиш операторлари тузиб беради. Ўзбекистонда ҳозирда бу хизматни кўрсатувчи операторлар – Didox, E-faktura ва Давлат солиқ қўмитасининг “Soliq servis” каби платформаларидир. 2023 йил 10 феврал ҳолатига, 24 та оператор хизмат кўрсатмоқда.

Kun.uz Солиқ қўмитаси матбуот хизматидан олган маълумотга кўра, битта ЭҲФни расмийлаштириш хизмати нархи ҳозирда 270 сўмдан бошланади. Хизмат ҳақини тадбиркорлик субъектлари, яъни электрон ҳужжат алмашиш операторлари ўзлари белгилайди.

Муаммо нимада?

Бу янгилик маълум бўлгач, банк-молия ва солиқ соҳасидаги мутахассислар кескин эътироз билдирди.

Иқтисодчи Шуҳрат Қурбоновнинг ёзишича, бу банклар ва тўлов ташкилотларининг картадан картага ўтказмалар бўйича харажатларини ошириши мумкин.

У электрон ҳисоб-фактураларни шакллантиришнинг энг арзон тарифи ҳар бир ЭҲФ учун тахминан 260-300 сўм эканини таъкидлаб, бундан электрон ҳужжат айланиши операторлари мамнун бўлишини таъкидлаган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, бу банд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратмайди, қайтанга қийинлаштиради ва қимматлаштиради.

“Битта фактура энг арзонида 300 сўм ва йил давомида миллиардлаб транзакциялар ўтиши инобатга олинса, бу бир неча юз миллиард сўм қўшимча харажат дегани. Табиийки, бу харажат якунда иқтисодиётга ва истеъмолчиларга юкланади”, дейди у.

“Хизмат нархи пасаяди” — вазирлик

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳолат юзасидан баёнот берди. Вазирлик кўрсатиладиган хизматлар қийматини кескин пасайтиришга ваъда берди.

“Электрон ҳисобварақ-фактуралар операторлари кўрсатиладиган хизматлар нархини мустақил равишда белгиласалар-да, Солиқ қўмитаси бўлинмаси томонидан кўрсатиладиган хизмат қиймати пасайтирилиши операторларга хизмат қийматини ҳам пасайтиришга имкон беради.

Солиқ қўмитаси томонидан жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар учун электрон ҳисобварақ-фактураларни жўнатишда ушбу операциялар бўйича кўрсатиладиган хизмат нархини 1 сўм деб белгилаш бўйича комплекс хизматларни тақдим қилишга қаратилган тадбирлар амалга киритилиши устида иш олиб борилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, хизматнинг қиймати операторлар кўрсатадиган сервисга қараб фарқланади ва ўртача битта ҳисоб-фактура учун 270 сўмдан 450 сўмгачани ташкил этади.

“Вазирлик мақсадини очиқ айтса бўлмайдими?”

Иқтисодчи Отабек Бакиров вазирликнинг баёнотидан кейин бир қатор саволларни илгари сурди. Унинг фикрича, вазирлик маъмурий йўл билан нархни 1 сўмгача туширишни нотўғри қарорни оқлашнинг чораси деб кўрмоқда.

Бакиров операторлар кўрадиган зарар ва бу зарарлар бошқа тарифлар ошишига олиб келиши мумкинлигини билдирди. У чек билан тасдиқланадиган битимларда жисмоний шахсларга электрон ҳисобварақ-фактуралар нима учун керак деган саволни ҳам ўртага ташламоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг P2P операциялари учун электрон ҳисобварақ-фактураларга мажбурлаш, Солиқ қўмитасининг 3 йилдан бери уриниб келаётган, лекин жамоатчилик ва ҳукуматнинг бошқа мустақил тузилмалари ва Марказий банк қаршилиги туфайли амалга ошмаган орзусига етказади.

Соддароқ тилда айтганда, Солиқ қўмитаси, узр, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги P2P пул ўтказмалари бўйича барча ахборотларни қўлга киритмоқчи ва назорат қилмоқчи”, деб ёзди иқтисодчи.

Солиқ қўмитаси идентификациядан ўтмаган фойдаланувчиларнинг маълумотларини қаердан олади?

Вазирлик берган баёнотда, асосан, нархни туширишга урғу берилаётган бўлса-да, бу механизм ишлаши ва бу нимага керак деган саволларга аниқ жавоб йўқ.

Баёнотда бу – “солиқ ислоҳотлари доирасида тадбиркорлик субъектларига тенг рақобат шароитини яратиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини янада кафолатлашга қаратилган тадбирлар давоми” эканига урғу берилган.

Бундан ташқари, тўлов тизимлари ЭҲФ шакллантириш учун идентификациядан ўтмаган фойдаланувчиларнинг ЖШШИРини қаердан олади деган савол ҳам туғилади.

Солиқ қўмитаси матбуот котиби Дилдора Ҳошимова бу борада Kun.uz'га изоҳ беради.

“ЭҲФ расмийлаштиришда ҳозирда ҳам деярли барча маълумотлар электрон равишда маълумотлар базаси орқали шаклланади, айнан шу транзакцияларда эса маълум қилинганидек соддалаштирилган тартиб ишлаб чиқилади ва унда расмийлаштириш бўйича маълумотлар аниқ белгиланади”, деди у.

Экспертизадан ўтмаган

Фармон моҳиятига мос келмаган банд ҳужжатга қандай қўшилиб қолгани ҳақида ҳам саволлар туғилди. Чунки фармон тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирларига оид эди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, фармон лойиҳаси вазирликка экспертизадан ўтказиш учун киритилганда, фармоннинг 7-банди 4-хатбошисида назарда тутилган талаблар (P2P ўтказмалар учун ЭҲФ расмийлаштириш) мавжуд бўлмаган.

Бу банд фармон экспертизадан ўтказилганидан кейин қўшиб қўйилгани ҳақида тахминлар юзага келмоқда.

Таъкидлаш лозим, 2021 йилдаги президент фармонига асосан, тадбиркорлик фаолиятига таъсир кўрсатувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилиши белгиланган эди.

ЭҲФларга оид янги талаб, шунингдек, жамоатчилик муҳокамасига ҳам қўйилгани йўқ.

Ҳолатга Марказий банк ҳозирча муносабат билдирмади.

Мавзуга оид