13:29 / 08.03.2020
2
42127

«Здесь будет парк». Тошкент марказидаги бўш ерда кўп қаватли уйлар қурилиши норозиликка сабаб бўлмоқда

Фото: KUN.UZ

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда қўлларида «Здесь будет парк» ёзувини ушлаб олган фуқароларнинг чиқишлари кўзга ташланмоқда. Акция қатнашчилари – Тошкентнинг Ойбек ва Нукус кўчалари кесишмасида кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилишидан норози бўлган бир гуруҳ фуқаролардир.

Улар вазиятни ёритишни сўраб, таҳририятимизга мурожаат қилишди. Мурожаатни ўрганиш мақсадида айтилган манзилга бордик.

Дастлабки қарорга асосан, боғ қурилиши керак эди

Маълум бўлишича, Миробод туманидаги Ойбек, Нукус ва Хонзодабегим кўчалари кесишмасида жойлашган 1,8 гектар ер майдонида кўп қаватли уйлар қурилиши бошланган. Бунга эса шу ҳудуд атрофидаги уйларда яшаб келаётган фуқаролар норозилик билдирмоқда.

Уларнинг айтишича, 1,8 гектарли бу майдонда кўп қаватли уй-жойлар эмас, балки истироҳат боғи бўлиши керак эди.

Мазкур ҳудуд Вазирлар Маҳкамасининг «2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни янада такомиллаштириш чора-тадбирларини янада мустаҳкамлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, дастлаб Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йилдаги қарори билан маданият ва истироҳат боғи қуриш учун Маданият ва спорт ишлари бошқармасига берилган.

Бироқ, кўп ўтмай шаҳар ҳокимининг бу қарори бекор қилинади. Ўтган йиллар давомида шаҳар ҳокимининг мазкур ер майдонига оид бир нечта қарорлари чиқарилади.

Ҳозирги кунга келиб, ернинг эгаси – «Silk road group investments» МЧЖ бўлиб турибди. Бу ерда буюртма асосида «Murad Buildings» ва «BI Group» ҳамкорлигида ташкил этилган «NRG» компанияси кўп қаватли турар-жойлар мажмуасини қуришни бошламоқда.

«Бу ерга 9та кўп қаватли уй қурилар экан. Натижада уйимизга офтоб ҳам тушмай қўяди. Кимга мурожаат қилишни билмай қолдик. 288 киши петицияга имзо чекиб, президент девонхонасига топширдик. Петицияга жавобан 2019 йил январида Миробод туман ҳокими бизга жавоб қайтарди. Жавоб хатида бу ер «Silk road group invеstments» МЧЖга кўп қаватли турар-жой қуриш учун ажратилгани, агар норози бўлсак, судга мурожаат қилишимиз кераклиги айтилган.

Қизиғи, Вазирлар Маҳкамаси қарори бекор бўлмаган-ку», – дейди биз билан суҳбатда бўлган фуқаролар.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги нима дейди?

Фурқат Маҳмудхўжаев

Вазиятга изоҳ олиш мақсадида дастлаб Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан боғландик. Ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев масаладан хабардорлигини айтди.

«Якшанба куни аҳоли билан кўришдим ва уларнинг фикрларини ҳам эшитдим. Ҳақиқатан, аҳоли бу ерда боғ бўлиши масаласини 2016 йилдан бери кўтариб келаётган экан.

Аҳоли билан учрашганимда уй қурилиши бўйича мутлақо норозилик эшитганим йўқ. Фақат шу уйнинг ёнида ёки ўртасида боғ қуриб беришни ва бу боғдан аҳоли ҳам фойдаланишини сўрашяпти. Биз ушбу мурожаатни уй қурадиганларга айтганмиз. Агар яна бир бор аҳоли билан кўришиб, уларни рози қилишса, биз ҳам хурсандмиз.

Бир томондан, жуда катта инвестиция киритиляпти. Иккинчи томондан, аҳолининг ҳам розилиги олиниши керак», – дейди Маҳмудхўжаев.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида фуқаролар, ҳокимлик ва тадбиркор учрашди

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Миробод тумани «Салар» маҳалласи фуқаролари ва ажратилган ерга кўп қаватли уй қурмоқчи бўлган «NRG» компанияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда аҳоли вакиллари ажратилган ерга кўп қаватли уйлар қурилишидан норозилигини маълум қилишди. Улар қуриладиган уйларни кўчанинг юзи бўйлаб қуришни, шунда боғ учун жой кенгайишини ва қуриладиган боғдан ҳамма бирдек фойдаланиши кераклигини айтишди.

Бунга жавобан эса тадбиркор Мурод Назаров таклифни ҳозирда ернинг эгаси бўлиб турган «Silk road group invеstments» МЧЖга етказишини ва таклиф албатта кўриб чиқилишини таъкидлади.

Мурод Назаров

«Бошида икки томон (аҳоли вакиллари ва тадбиркор – таҳр.) бир-биридан хафа бўлиб юрган. Бугунги учрашувда дастлаб бир-биримизга нисбатан қўполлашдик. Лекин уларнинг дардини эшитганимиз, фикримизни уларга етказганимиздан сўнг ҳаммаси жойига тушди.

Одамлар бир-бирини ҳурмат қилса, бир-бирининг фикрини олиб бир қарорга келишса, барака бўлади. Биз уларни эшитдик. Улар келиша олмаётган компания («Silk road group invеstments» МЧЖ – таҳр.) билан боғланиб, уларнинг мурожаатини етказамиз. Келишишга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Фуқаролар таклифига 100 фоиз рози бўлишнинг ҳам иложи йўқ. Мен адолат ва ҳамманинг рози бўлиши тарафдориман» – деди учрашувдан кейин Мурод Назаров Kun.uz’га берган интервьюсида.

Ечим нима бўлади?

Аҳоли вакиллари ва тадбиркорлар ўртасида келишувга эришиш учун дастлабки қадам ташланди. Лекин ҳозирча масаланинг якуний ечими топилганича йўқ.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Раҳматилло Исроилов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top