Жамият | 08:20 / 03.06.2026
2188
2 дақиқада ўқилади

ДХХ тезкор тадбири: Trackerʼдан 8,9 кг гашиш топилди

Тошкент–Фарғона йўналишида ҳаракатланаётган Tracker русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унинг юкхонасидан қарийб 9 килограмм гашиш моддаси аниқланди. Ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва контрабандасига қарши қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида «Тошкент – Фарғона» йўналишида ҳаракатланаётган Tracker русумли транспорт воситаси йўл-патруль хизмати масканида тўхтатилди. Автомашина Фарғона шаҳрида яшовчи, муқаддам талончилик жинояти учун судланган 1990 йилда туғилган фуқаро томонидан бошқарилаётган бўлган.

Транспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ҳайдовчининг ўз истеъмоли учун сақлаб қўйган 1,72 грамм наркотик моддаси борлиги аниқланган. Қўшимча текширувлар давомида эса автомашинанинг юкхонасидан 8 килограмм 913 грамм гашиш мусодара қилинган.

Терговга қадар текширув жараёнида ушбу шахс мазкур наркотик моддани қўшни давлатдан Тошкент вилояти ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилган наркотуҳфани қабул қилиб олиб, доимий яшаш манзилига олиб кетаётгани маълум бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ДХХ фуқароларни гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Маълумот берувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид