Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2 июн кунги ялпи мажлисида “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги ҳамда “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги конституциявий қонунлар лойиҳалари иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди ва маъқуллаш учун Сенатга юборилди.
Конституцияга ўзгартишлар
“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Конституциянинг 15-моддасига киритилаётган қўшимчага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона ҳуқуқий макон сақланган ҳолда, алоҳида ҳудудларда қонун асосида махсус ҳуқуқий режим ўрнатиш имконияти белгиланмоқда.
Бош қомуснинг 131-моддасига киритилаётган қўшимча билан эса, махсус ҳуқуқий режим амал қиладиган ҳудудларда ихтисослашган судлар ташкил этилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Конституциядаги 134-моддага киритилаётган ўзгартириш билан, айрим махсус ҳолатларда суд юрисдиксияси ва суд ишларини юритиш тартиби қонун билан алоҳида белгиланиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.
Тошкент халқаро молия маркази

Конституциявий қонун лойиҳасида Тошкент халқаро молия марказининг ҳуқуқий мақоми, фаолият тамойиллари, бошқарув тизими, ваколатлари ва марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим белгиланган.
Жумладан, марказ ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, мазкур конституциявий қонунга ва молия марказининг қарорларига зид бўлмаган ҳолда Англия ва Уэлс ҳуқуқининг принциплари, қонунчилиги ва суд прецедентлари амал қилишига оид қоидалар ўз аксини топган.
Мажлисда дунёнинг етакчи молия марказлари – Дубай халқаро молия маркази (DIFC), Остона халқаро молия маркази (AIFC) ва Сингапур тажрибаси атрофлича ўрганилгани таъкидланиб, қонун лойиҳаси билан Тошкент халқаро молия марказининг институционал тузилмаси белгиланаётгани қайд этилди.
Қонун лойиҳасида Тошкент халқаро молия маркази маъмурияти, Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси ва Тошкент халқаро тижорат судининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланмоқда. Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси лицензиялаш, назорат қилиш ва таъсир чораларини қўллаш ваколатига эга бўлади. Тошкент халқаро тижорат суди эса марказ иштирокчилари ўртасидаги низоларни мустақил равишда кўриб чиқади.








