Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бузишга келганда, ошиғич ижро — иши Олий судда кўриладиган тадбиркор мулки зудлик билан бузиб ташланди
Бир неча йиллик низо юридик жиҳатдан ҳали якунига етмай туриб, мол-мулким бузиб ташланди, демоқда Миробод туманида фаолият юритувчи тадбиркор. МИБ суд қарорини дарҳол ижро қилиши кераклиги билан ўзини оқлади. Туман ҳокими ўринбосари эса тадбиркор Олий судда ютиб чиққан тақдирда, бузилган бино-иншоотлар учун компенсация тўланишини айтди.
Тошкент шаҳар Миробод туманида фаолият юритувчи «Ulfat» хусусий корхонаси директори Шоҳиста Маҳмудова суд қароридан сўнг мулки шошилинч равишда бузилгани, ваҳоланки курашни Олий судда давом эттирмоқчи эканини айтиб, Kun.uz'га мурожаат қилди.
Шоҳиста Маҳмудованинг сўзларига кўра, у раҳбарлик қилаётган корхонага 1995 йили марҳум турмуш ўртоғи асос солган. Бироқ эътиборсизлик туфайли корхона тасарруфидаги бино-иншоотларнинг кадастр ҳужжатлари вақтида тўлиқ қилинмаган. Умр йўлдошининг вафотидан сўнг турли архивлардан айрим ҳужжатларини тиклашга муваффақ бўлган.
«Ҳокимлик юристидан ёрдам сўраганим – катта хатом бўлган экан»

У Вазирлар Маҳкамасининг 251-сонли қарорига мувофиқ корхонасига тегишли объектларни ялпи хатловдан ўтказишда ҳокимлик ҳуқуқшуноси Нодир Мирзақуловдан ёрдам сўрагани катта хатоси бўлганини таъкидлайди.
«Ҳокимият юристи тадбиркорларга ёрдам беради, деб ишониб боргандим. Унинг олдига борганимда муаммоларимни, корхонам тасарруфидаги биноларнинг қандай ҳужжатлари бор, қайсилари йўқлигини очиқ айтдим. Вазирлар Маҳкамасининг 251-сонли қарори бўйича мулкларга эгалик ҳуқуқини олиш учун ҳужжатларни комиссияга киритишга ёрдам сўраганман.
Ундан ёрдам сўраганим катта хатом бўлган экан. У менинг барча нозик жойларимни билиб олиб, ёрдам бериш ўрнига мени судга берворди.
Биринчи судга мен чақирилмаганман; тарафлардан бири бўлишимга қарамай, суд менинг иштирокимсиз ҳокимликнинг даъвосини қаноатлантириб, бино-иншоотимни бузиш ҳақида қарор чиқарган.
Шундан кейин югур-югурларимиз бошланди. 2017 йилдан бери судма-суд юрибман. Иқтисодий судда жуда кўп жанжаллар бўлди, кўплаб тадбиркорлар ҳокимлик юристидан ниҳоятда норози эканликларини кўрдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай юристни ишдан олиб ташлашди.
У кетгач, қулоғимиз тинчиб, буз-буз масаласи кун тартибидан олинди. Бироқ карантин даврида у яна ишига тиклангач, яна бизни эслаб қолди. Шундан бери тинчимиз йўқ», – дейди Шоҳиста Маҳмудова.


Миробод тумани ҳокимлиги юристи Нодир Мирзақуловдан тадбиркорнинг сўзлари юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Охирги суд мажлисида суд раиси ва прокурор алмаштирилган
Тадбиркор ўзи раҳбарлик қилаётган корхона ва туман ҳокимлиги ўртасидаги мазкур низо бир неча бор судда кўрилган бўлса-да, ҳали масалага якуний нуқта қўйилмаганини айтмоқда.
Маҳмудованинг билдиришича, ишни кўриб чиққан Шайхонтоҳур тумани маъмурий суди унинг фойдасига қарор чиқарган бўлса, Тошкент туманлараро иқтисодий суди туман ҳокимлигининг даъвосини қаноатлантириб, Фарғона йўли кўчаси Оқ уй маҳалласи ҳудудида жойлашган, 25 йилдан буён оиласи томонидан фойдаланиб келинаётган 1346 квадрат метр майдондаги иншоотларни буздириш ва ўзбошимчалик билан эгалланган майдонни бўшатиш тўғрисида қарор чиқарган.
Шоҳиста Маҳмудова қўлидаги архив ҳужжатлари ва бино-иншоотлар «Ulfat» хусусий корхонасига тегишли бўлганини тасдиқлайдиган бошқа далиллар судда инобатга олинмаётганини таъкидлайди.


У охирги суд мажлисида суд раиси ва прокурор кутилмаганда ўзгариб қолганидан шубҳаланмоқда.
Тадбиркорнинг айтишича, ундан аввалги суд процессида прокурор ҳам, судья ҳам туман ҳокимлигига ноқулай саволлар берган. Кейинги мажлисда уларнинг иккиси ҳам қатнашмаган, бироқ бунинг сабаби тарафларга айтилмаган. Якунда суд туман ҳокимлигининг даъвосини қаноатлантирган.
Ҳоким ўринбосари: «Дўкон нотўғри жойда, ўзбошимчалик билан қурилган»
Миробод тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Фарҳод Нажмиддиновнинг айтишича, тадбиркорга Тошкент шаҳар ҳокимининг 1995 йил 17 январдаги фармойишига асосан бузилган озиқ-овқат дўкони ўрнига озиқ-овқат дўкони ва маҳалла гузари қурилиши учун 8 сотих ер ажратилган, бироқ дўкон ҳокимлик томонидан ажратилган жойда қурилмаган.
Нажмиддинов корхона 25 йил давомида тасарруф қилган аксарият бино-иншоотлар ўзбошимчалик билан қурилгани, аксариятининг эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқлигини билдирди.

Ҳоким ўринбосари Фарғона йўли кўчасида жойлашган, «Ulfat» хусусий корхонаси томонидан фойдаланиб келаётган объектлар барибир бузилиши, ушбу объектлар жойлашган майдоннинг бир қисми ҳисобига автомобиль йўли кенгайтирилиши, қолган қисми эса кўкаламзорлаштирилиб, аҳоли пиёда сайр қиладиган масканга айлантирилишини маълум қилди.

«Тадбиркорнинг бурнини қонатиш ниятимиз йўқ»
Фарҳод Нажмиддиновга кўра, туман ҳокимлиги корхонанинг эгалик ҳуқуқи ҳужжатлар билан тасдиқланган объектлари учун компенсация тўлаб беришга тайёр.

«1995 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган «Ulfat» хусусий корхонаси эгаллаб турган аксарият бино-иншоотларнинг эгалик ёки мулк ҳуқуқи йўқ. Ергаям, биногаям. Ҳозир тадбиркор қонуний қурилган деб ҳисоблаётган жойниям. Булар шу пайтгача кадастр ҳужжатларини янгилай олмаётганликларининг сабаби ҳам шу.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг қарори билан хусусий корхона томонидан фойдаланиб келинаётган, эгалик ҳужжатлари умуман мавжуд бўлмаган 1346 квадрат метр жойда жойлашган қурилмалар бузилмоқда. Низоли иншоотларни бузаётганимиз йўқ.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Муниципал активларни бошқариш ДУК корхона директорига бориб учрашишганда, у киши масъул ходимлар билан гаплашишни истамаган. Айни пайтда савдо қилиб турган жойларига қанча компенсация берилишини хоҳлашини сўрашганда, жавоб бермаган. Барибир бу жойлар давлат эҳтиёжи учун олинади. Чунки бу ерга йўл тушади, қолган қисми ободонлаштирилади.
Тадбиркорнинг бурнини қонатиш ниятимиз йўқ. Корхонанинг мавжуд ҳужжатлари ҳам, биздагилари ҳам инобатга олиниб, тадбиркор билан бир стол атрофида музокара ўтказсак, мазкур масалага оқилона ечим топилишига ишонаман. Туман ҳокимлиги тадбиркор билан муроса қилишга, ўзаро келишувга эришиш учун музокараларни бошлашга тайёр. Буни ҳокимлик вакили сифатида ишонтириб айта оламан.
Компенсация сифатида тўланадиган маблағ давлат бюджетидан олингани учун музокаралар жараёнида бюджет пулларини тўғри ва қонуний ишлатишга жавобгар шахслар, шунингдек, юристларимиз иштирок этиши керак. Масаланинг ҳамма жиҳати қонуний кўриб чиқилади. Ҳокимлик буларни кўчада қолдиришдан манфаатдор эмас», – деди Фарҳод Нажмиддинов.


Ҳоким ўринбосари нима учун мазкур низо бўйича узил-кесил нуқта қўйилмасдан, яъни у барча инстанцияларда кўриб чиқилиб, Олий суднинг якуний қарори чиқмасдан туриб бузиш ишлари бошлаб юборилганини суд қарорини ижро қилишга Мажбурий ижро бюроси масъул экани билан изоҳлади.
У туман ҳокимлиги ва мутасаддилари томонидан МИБга ижро ҳаракатларини тезлаштириш бўйича босим ўтказилганини инкор қилди.
«Зудлик билан»
2–3 декабрь кунлари туман ҳокимлиги, Мажбурий ижро бюросининг Миробод тумани бўлими масъуллари ва бошқа мутасаддилар иштирокида бино-иншоотларни бузиш ишлари бошланган.


Шоҳиста Маҳмудованинг ўғли Баҳриддин Маҳмудов «Ulfat» хусусий корхонаси тасарруфидаги бино-иншоотларнинг бузилиши ҳақида 1 декабрь куни кечки пайт огоҳлантирилгани, эртасигаёқ бузиш жараёни бошлангани, бу жараёнда суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш бўйича Олий судга даъво аризаси киритилгани инобатга олинмаганини айтмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари Б.Сайфуллаев имзоси билан «Ulfat» хусусий корхонасининг назорат шикояти Олий судга келиб тушгани ҳақидаги расмий хатини туман ҳокимлиги ва МИБ ижрочиларига тақдим этган. Бироқ улар ижро ҳаракатларини тўхтатишмаган – бино ва иншоотлар бузиб ташланган.

Давлат ижрочиси суд қарори ижроси нима учун бунчалик тезкорлик билан амалга оширилгани, тадбиркорга нега вақт берилмаганини суднинг ҳал қилув қарорида ижро ҳаракатлари дарҳол амалга оширилиши белгилангани билан изоҳлади.

«Суд қарори билан, Фарғона йўли кўчаси 532-уйда жойлашган, «Ulfat» хусусий корхонасига тегишли бўлган дўконга туташ бўлган, ўзбошимчалик билан эгалланган 1346 квадрат метр жойда жойлашган савдо дўконлари, шийпон, омборхона бинолари, қоровулхонадан иборат кўчмас мулк бузилмоқда.
«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддасида ижро ҳаракатлари қандай ҳолларда тўхтатиб турилиши кўрсатиб ўтилган. Қачонки суд қарори юзасидан низолашилаётган бўлса, ваколатли орган ёки суд томонидан ижро ҳаракатларини тўхтатиш тўғрисида қарор чиқарилгандагина ижро ҳаракатлари тўхтатилади.
Шунга мувофиқ, «Ulfat» хусусий корхонасининг Олий судга назорат тартибида шикоят берганини тасдиқловчи ариза нусхасининг ўзи ижро ҳаракатларини тўхтатиш учун асос ҳисобланмайди.
Ҳозир тадбиркор бу ерга келганимизда судга мурожаат қилганини маълум қилди. Лекин иш Олий судда кўриб чиқилаётгани, бу жараёнда суд тадбиркорнинг даъвосини қаноатлантириши эҳтимоли мавжудлиги ижро ҳаракатларини кечиктириб туришга асос бўлмайди. Ижро ҳаракатлари суд қарорига асосан амалга оширилмоқда. У суднинг асосли ажрими ва қарори бўлсагина тўхтатиб турилиши мумкин», – дейди МИБ Миробод тумани бўлими давлат ижрочиси Даврон Киргизов.
МИБ ижрони кечиктириш бўйича ваколати борлигини унутдими?
Биз юз берган ҳодисаларга кузатувчи сифатида назар солдик, холос. Кимнидир ҳақ ёки ноҳақ деб баҳо ҳам бера олмаймиз, зеро ҳокимлик ва МИБнинг қўлида суд қарори турибди: у ижро этилиши лозим. Аммо бино-иншоотларни бузиш ишлари бу қадар ошиғич амалга оширилаётгани бироз шубҳалидек кўринмоқда. Боз устига мулк эгаси суд қарори устидан Олий судга шикоят киритган, яқин кунлар ичида у кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Халқ орасида «Ёмоннинг кучи япалоққа етибди» деган гап юради. Дарҳақиқат, бугун биз гувоҳи бўлган манзарада ушбу нақлни МИБга нисбатан ишлатсак, хато қилмаган бўламиз. Пойтахт ҳокимлигидан йиллар давомида тадбиркор-у фуқароларнинг ҳақини ундириб беришга юраги бетламаётган МИБ навбат тадбиркорга келганида қаҳрамонлик қилмоқда.

Ваҳоланки, МИБчилар фаолиятини тартибга солувчи қонуннинг 32-моддасида ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар бўлган тақдирда, давлат ижрочиси ўз ташаббуси билан ёхуд тарафлардан бирининг аризасига кўра, шунингдек тарафларнинг ҳар бири мустақил тарзда ижрони кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш ҳамда ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Лекин бугун МИБ бу ҳуқуқидан фойдаланмайди, сабаби унинг ортида ҳокимлик турибди, ҳокимликнинг раъйига қарши боришга эса юрак керак.
Хулоса ҳар кимнинг ўзидан. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов
Мавзуга оид
08:50 / 17.01.2026
Мирободдаги кафе олдида икки аёл ўртасида жанжал юз берди
17:49 / 08.01.2026
Сирдарёда тадбиркорлар мулки суд қарорисиз бузилмоқда. Шикоятчилар билан ИИБ “шуғулланяпти”
09:45 / 12.12.2025
Ижтимоий тармоқларда МИБ номидан келаётган хабарлар фейк экани айтилди
08:08 / 10.12.2025