Ўзбекистон | 12:01 / 02.03.2017
18211
4 дақиқада ўқилади

Мўйноқ туризм марказига айлантирилади

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида халқаро миқёсдаги туризм масканини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини тасдиқлади. 

Бу туманда Moynaq City Center савдо-туризм мажмуаси ташкил қилинади. Бу лойиҳа доирасида меҳмонхона, “Китоблар дунёси”, совғалар киоски, фитнесс-маркази, гўзаллик салони, оптика, интернет кафе бўлади. 

Сайёҳларга Орол денгизи қирғоқлари бўйлаб квадроциклда учиш, Орол денгизи уникал минералларига тўйинган балчиқ билан даволаш, Оролнинг сертуз даволаш ванналарини қабул қилиш каби хизматлар таклиф этилади.

Халқаро туристик ҳамжамият эътиборини жалб қилиш мақсадида "Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши" мавзуида ҳар йили халқаро Экофестивал, "Орол денгизи балиқларидан 99 турдаги таомлар" номли Гастрономик фестивал ўтказилади ҳамда қорақалпоқ халқ шоирлари Бердах ва Ажиниязга бағишланган Халқаро мусиқий-шеърий фестиваллар ташкил қилинади.

Бундан ташқари, ҳудуднинг табиати, ҳайвонот олами ва туман аҳолисининг анъаналари, урф-одатлари ҳақида видеороликлар тайёрлаш учун "Моя Планета", National Geographic, Animal Planet, Viasat Explore каби етакчи телеканаллар таклиф этилади.

Зарур инфратузилмани ривожлантириш ишлари ҳам эътиборга олинган. Маҳаллий Ўлкашунослик музейи қайта реконструкция қилинади ва денгиз ҳақидаги тарихий фотосуратлар ва видеоёзувларни намойиш қилувчи замонавий 3D технологиялар билан жиҳозланади.

Қуриб бораётган Орол денгизи рамзи сифатида унинг қирғоғида Мўйноқ маёғи ва унга ёндош ҳолда "денгиз тўлқини шовқини" мусиқаси фони билан куй таратувчи кафе-ресторан қурилади.

Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудидаги 11 кема қайта тикланади ва уларга қизиқиш юқори бўлган сайёҳлар келувчи мамлакатлар номи берилади.

Ҳунармандлик фаолиятини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Орол мавзуси ва денгизни тасвирловчи сувенирлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, қорақалпоқ ва Мўйноқ анъаналари тимсоли туширилган гилам тўқиш бўйича ҳунармандлик цехи ташкил этилади.

Мўйноқнинг тўқимачилик маҳсулотлари ва сувенирларини сотиш бўйича Нукус, Урганч, Хива, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда савдо расталари ташкил этилади.

Мўйноқ тумани ва Орол денгизи туризм салоҳиятини намойиш этишга доир йирик масштабли баннерлар тайёрланади ҳамда Нукус, Урганч, Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида бепул жойлаштирилади.

Мўйноқ ва Орол денгизи тарихи, ҳудуднинг табиати, ҳайвонот олами ва туман аҳолисининг анъаналари, урф-одатлари, Бердақ ва Ажинёяз каби қорақалпоқ халқ шоирлари ва алломалари ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар ҳамда роликлар яратилиб, миллий телевидение орқали намойиш этиб борилади.

Республика миқёсида олий ўқув юртлари талабалари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва йирик ташкилотлар ходимларини ташкиллаштирилган ҳолда Мўйноқ тумани ҳудудига саёҳатлари амалга оширилади.

Мавзуга оид