Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Малайзияда ўғирланган руҳоний иши: унинг рафиқаси ҳукумат ва полицияга қарши судда ғолиб чиқди
Аёл турмуш ўртоғининг ўғирланишидан 8 йил ўтиб, ҳукумат ва полиция устидан ғалаба қозонди. Энди давлат унга камида 7,4 миллион доллар тўлаб бериши лозим. Йўқолган турмуш ўртоғи ҳам қайта қидирилади.
Раймонд Коҳ 2017 йилда пойтахт Куала-Лумпур чеккасида ниқобли одамлар томонидан ўз машинасидан туширилиб, ўғирлаб кетилган. Унинг қаерда эканлиги 8 йилдирки, номаълумлигича қолмоқда. Руҳонийнинг оиласи эса узоқ вақтдан бери уни полиция олиб кетганини таъкидлаб келади.
Ўтган ҳафта Малайзия Олий суди руҳоний ўғирлаб кетилганини тасдиқлаб, бунинг учун ҳукумат ва полицияни айбдор деб топди. Иш юзасидан Малайзия суди биринчи марта бундай қарор берди.
Суд, шунингдек, давлат камида 31 миллион ринггит, яъни 7,4 миллион доллар товон тўлашини белгилади. Бу йўқолган Коҳнинг оиласига топширилиши керак бўлган компенсация. Якуний сумма Малайзия ҳуқуқ тарихидаги энг катта жарима суммаси бўлиши кутилмоқда.
“Биз жуда хурсандмиз, адолатли ва ҳалол ҳукм борлиги учун яратгандан миннатдормиз. Бу руҳоний Раймондни қайтариб бермаса ҳам, бу оила учун оқланиш ва иш ёпилиши, дегани. Биз ушбу кураш ва ҳукмни раҳм-шафқатли, жасоратли Раймонд Коҳ ҳамда зўрлик билан йўқолганларнинг барча қурбонларига бағишлаймиз”, деди руҳонийнинг рафиқаси Сюзанна Лю суддан сўнг журналистлар билан суҳбатда.
Жамоатчилик фаолларидан бири Амри Че Мат 2016 йил охирида ўғирлаб кетилган. Руҳоний Коҳ эса 2017 йил бошларида. Бир-биридан бир неча ой фарқ билан содир бўлган бу воқеалар Малайзия жамоатчилигининг муҳокамаси, танқид ва хавотирларига сабаб бўлиб келди.
Руҳонийнинг иши сарлавҳаларда анчагина устунлик қилди, чунки у куппа-кундузи, одамларнинг кўз ўнгида, ўз машинасидан туширилиб, ўғирлаб кетилган. Видеокузатув камераларига бу ҳолат тушиб қолган. Иккала оила ҳам эркаклари полиция томонидан олиб кетилганини айтган, бироқ полиция буни доим рад этиб келган.
Уларнинг ғойиб бўлиши иккита катта тергов бошланишига сабаб бўлди, бири Малайзиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси, иккинчиси ҳукумат томонидан ўтказилди. Иккала тергов ҳам якунда улар Малайзияда ислом динига таҳдид сифатида қабул қилингани учун полициянинг махсус бўлими томонидан ўғирланган бўлиши мумкин деган хулосага келган.
Таъкидланишича, Коҳ мусулмонларга прозелитизм, яъни уларни ўз динидан бошқа динга ўтказишга уринишда гумон қилингани учун нишонга олинган. Коҳнинг оиласи эса буни рад этади.
Фаол Амри Че Мат эса мусулмон шиа эканлиги сабабли шубҳа остига олингани айтилади. Маълумот учун, Малайзияда кўпчилик исломнинг сунний мазҳабига эътиқод қилади.
Раймонд Коҳ ва Амри Че Матнинг рафиқалари давлатга етказилган зарарни ундириш ва расмийларни эрларининг қаердалигини ошкор қилишга мажбур қилиш учун алоҳида судларга мурожаат қилган.
Ўтган ҳафта чоршанба куни Олий суд полиция ходимлари, Малайзия қироллик полицияси ва Малайзия ҳукуматини Коҳни ўғирлаб кетиш учун жавобгар деб топди. Судья руҳонийнинг рафиқасига руҳий изтироблари учун бир неча миллион доллар мукофот беришдан ташқари, Коҳнинг ғойиб бўлган ҳар бир куни учун, у ўғирлаб кетилган пайтдан бошлаб ва унинг турган жойи маълум қилинган кунгача 10 000 ринггит, яъни 2385 доллардан тўланиши ҳақида ҳам қарор қабул қилди.
Судга кўра, тергов қайта бошланиши, Коҳнинг қаердалиги аниқланиши керак. 5 ноябрь ҳолатига кўра, зарарнинг умумий миқдори тахминан 31,8 миллион ринггитни ташкил қилади. Сюзанна Люнинг адвокатларига кўра, якуний кўрсаткич Малайзия тарихидаги энг катта компенсация тўлови бўлиши кутилмоқда.
Пуллар банкка топширилади, Лю ва унинг болаларига фойдаланиш ҳуқуқи берилади. Олий суд Амри Че Матнинг ўғирланиши учун ҳам ҳукумат ва полицияни жавобгар деб топди. Матнинг рафиқасига тахминан 3 миллион ринггит пул бериладиган бўлди.
“Ғамгинлигим сақланиб қолади, чунки турмуш ўртоғим Амрининг қаерда эканлиги номаълум. У тирикми, ўлганми ёки соғлиғи яхшими, деган саволлар ҳалигача жавобсиз. Биз чин дилдан умид қиламизки, айбдорлар қилган ишлари учун албатта жавоб беришади”, дейди Матнинг рафиқаси.
Малайзия Бош прокурори палаталари иккала қарор устидан ҳам шикоят қилишини маълум қилди.
Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.
Мавзуга оид
09:58
Мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш тартиби соддалаштирилади
12:03 / 24.03.2026
Италияда суд тизими ислоҳоти референдумда рад этилди
12:08 / 19.03.2026
Қашқадарё вилоят суди нишонлик фермернинг мурожаати юзасидан изоҳ берди
21:49 / 18.03.2026