Спорт | 21:49
3917
4 дақиқада ўқилади

“Шаҳзод -Gold” уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди

Спортчига хос интизом ва масъулият намуналарини кўрсатиш ўрнига, арзимас сабаб билан жанжал чиқариб, жабрланувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини янада ошириши суд ҳужжатида алоҳида таъкидланган.

Фото: YouTube

Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси ҳукми билан жамоатчиликка “Шаҳзод-Gold” номи билан таниш Ш. Узоқовга тайинланган озодликдан чеклаш жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига ўзгартирилгани ижтимоий тармоқларда турли талқинлар билан муҳокама қилинмоқда.

Тошкент шаҳар судлари мазкур ҳолат бўйича расмий баёнот берди.

Баёнотга кўра, жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг ҳукми билан Ш. Узоқов (1999 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган) ва Н.Қулдошев (2000 йилда Қашқадарё вилояти туғилган) безорилик (Жиноят кодекси 277-моддаси 3 қисмининг тегишли бандлари) жиноятини содир этишда айбдор деб топилиб, 2025 йил 7 ноябрда уларга уч ярим йилдан тўрт йилгача бўлган муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.

Тасдиғини топган айбловга кўра, судланувчилар йўл талашиш ортидан ишда жабрланувчи деб топилган фуқаро билан жанжаллашиб куч ишлатишади, шунингдек, уларни ажратишга уринган яна бир фуқарога ҳам қўл кўтариб, ҳар иккисига тан жароҳати етказади ва воқеа жойидан яширинади. Айни жараёнда жабрланувчининг қимматбаҳо уяли телефон аппаратига ҳам шикаст етказилган.

Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан Ш.Узоқовнинг ҳаракати Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг “а,г” бандлари, Н.Қулдошевнинг ҳаракати шу модданинг 3-қисми “г” банди билан тўғри квалификация қилинган, деб топди. Бироқ тайинланган жазо тури бўйича ҳукм билан келишмади.

Судлов ҳайъати Ш.Узоқов муқаддам икки марта, Н.Қулдошев бир марта худди шу тоифадаги жиноят содир этгани учун жавобгарликка тортилганига эътибор қаратиб, биринчи инстанция суди томонидан ушбу турдаги жиноят характери ва жамоат учун хавфлилик даражаси етарлича инобатга олинмасдан, асоссиз равишда озодликни чеклаш жазоси тайинланган, деган хулосага келди.

“Судлов ҳайъатига кўра, судланувчиларнинг шахси ва улар томонидан содир этилган қилмишнинг хусусиятига алоҳида эътибор талаб этади. Яъниким, судланувчилар профессионал тарзда аралаш жанг санъати (ММА) билан шуғулланувчи, махсус жисмоний тайёргарликка ва жанг маҳоратига эга. Шундан келиб чиқиб, судлов ҳайъати бундай шахслар оддий фуқароларга нисбатан жисмоний устунликка эга бўлиб, ўз куч ва имкониятларидан фақат қонун доирасида, спорт қоидалари асосида фойдаланиши лозим эканига эътибор қаратди. Спортчига хос интизом ва масъулият намуналарини кўрсатиш ўрнига, арзимас сабаб билан жанжал чиқариб, жабрланувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини янада ошириши суд ҳужжатида алоҳида таъкид этилади.

Жиноят кодексининг 8-моддасига кўра, жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ҳамда шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ келиши шарт”, дейилади баёнотда.

Шу ва шу каби қатор асосларга кўра, судлов ҳайъати томонидан биринчи инстанция суди ҳукми бекор қилиниб, судланувчиларга нисбатан уч ярим йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди ва улар суд залидан қамоққа олинди. Судланувчиларнинг қамоқда бўлган даври ва ўталган озодликдан чеклаш жазоси тайинланган жазодан чегириб ташланиши ҳукмда алоҳида белгиланди.

Таъкидланишича, ушбу баёнот ахборот характерида бўлиб, жиноят иши юзасидан Тошкент шаҳар судининг якуний хулосаси ҳисобланмайди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид