Соғлом ҳаёт | 18:21 / 30.10.2025
3437
17 дақиқада ўқилади

“Ташхислашни осонлаштиради, аммо унга тўлиқ ишонмаслик керак” – тиббиётда сунъий интеллект самараси ва хавфлари ҳақида

Ҳозирда айрим хусусий клиникалар ва давлат шифохоналарида ташхислаш, бемор кузатуви ва реабилитация жараёнларига сунъий интеллект синов тариқасида татбиқ этилмоқда. Бу янги технологиянинг маҳаллий шароитга мослашуви, бемор маълумотларини ҳимоя қилиш ва жавобгарлик масалаларини кун тартибига чиқаради. Kun.uz мухбири айни мавзуда халқаро компанияда дастурчи сифатида фаолият юритаётган ва тиббиётда таҳлил натижаларига кўра ташхислашни осонлаштиришга қаратилган стартап устида ишлаётган ёш тадқиқотчи Дилдора Ғаниева билан суҳбатлашди.

Дилдора Ғаниева

Сунъий интеллект (СИ) тиббиёт ва технология ривожланган мамлакатларда касалликларни прогноз қилиш, рецепт ёзиш ва ҳатто дори воситаларини ишлаб чиқишда қўлланяпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, 2025 йил бошидан Дерматовенерология ва косметология марказида касалликларни СИ ёрдамида ташхислаш йўлга қўйилган. Бу ўзи қанчалик самарали ва СИ тиббиётдаги айнан қайси жараёнларда нималарни ўзгартиради?

Сунъий интеллект тиббиётда энг кўп фойда бераётган йўналишлардан бири бу — ташхис қўйиш. Негаки ақлли технология минглаб маълумотларни бир зумда таҳлил қилиб, инсон кўзи илғамайдиган касаллик белгиларини аниқлай олади. Масалан, у рентген ёки MRT суратларидаги жуда кичик ўзгаришларни ҳам топиш қобилиятига эга. Мазкур жиҳат шифокорларга касалликни эрта босқичда билиш ва даволашни ўз вақтида бошлаш имконини беради. Натижада беморларнинг соғайиш эҳтимоли ошади, даволаниш муддати эса қисқаради.

Яна бир катта афзаллиги хатоликларни камайтиришда кўзга ташланади. Ҳар қанча тажрибали бўлмасин, шифокор – инсон: демак, у чарчайди ёки эътиборсизлик қилиб айрим жиҳатларни шунчаки илғамай қолиши мумкин. Сунъий интеллект эса маълумотларга асосланиб иш кўради ва ҳиссиётларга берилмайди. Шу боис, у таҳлилни барқарор ва аниқ бажаради.

Бундан ташқари, сунъий интеллект тиббиётда фақат ташхис билан чекланмаяпти. У касаллик хавфини олдиндан прогноз қилиш, беморга мос рецепт тузиш, ҳатто янги дорилар ишлаб чиқишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Илгари лабораторияларда йиллаб давом этган тажрибалар энди бир неча ой, ҳатто ҳафталар ичида амалга оширилишига эришиляпти.

Беморни кузатиш ва реабилитация босқичида ҳам сунъий интеллект технологиялари муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ақлли билагузуклар ёки мобил иловалар ёрдамида беморнинг юрак уриши, қон босими, қанд миқдори, уйқу сифати каби кўрсаткичларини доимий равишда ўлчаб бориш имконияти мавжуд. Бу қурилмаларда тўплаган маълумотлар сунъий интеллект орқали таҳлил қилинади ва агар ўзгариш ёки хавфли белги аниқланса, шифокорга автоматик сигнал юборилади. Шу йўл билан юрак хуружлари, инсулт ёки бошқа оғир ҳолатларнинг олдини олиш мумкин бўлади. Бундай тизимлар, айниқса, сурункали касалликларга чалинган, уйда даволанаётган ёки реабилитация босқичида бўлган беморлар учун жуда фойдали.

Яна бир муҳим йўналиш — тиббий ҳужжатларни автоматлаштириш. Сунъий интеллект бу борада шифокорларга катта ёрдам бермоқда. У товушни матнга айлантиради, беморнинг тарихини тартиблайди, таҳлил натижаларини жойлаштиради ва статистик маълумотларни автоматик тайёрлайди. Шифокор энди ҳар бир ташхисни қўлда ёзиб чиқишга вақт сарфламайди: тизим ҳаммасини ўзи тўлдиради, мутахассис эса фақат текшириб, тасдиқлайди. Бу тиббиёт ходимига бемор билан кўпроқ вақт ўтказиш, мулоқотни яхшилаш ва инсоний ёндашувни кучайтириш имконини беради.

Cунъий интеллект ўз базасида мавжуд маълумотлар асосида сўровларга жавоб беради. Ўзбек тилида эса рақамли база етишмовчилиги масаласи бор. Мазкур ҳолат сунъий интеллектнинг ташхисни тўғри қўйиш ва тиббий масалаларда асосли маслаҳат бериш қобилиятига акс таъсир кўрсатмайдими? Сунъий онг берган маълумотларга қай даражада ишонса бўлади?

Мазкур технологиянинг ишончлилиги, айниқса, ўзбек тили каби рақамли ресурси чекланган тилларда ҳали ҳам муҳокамада. Боиси сунъий интеллектнинг “ақл” даражаси бевосита унга юкланган маълумотлар базасига боғлиқ, қанчалик кўп, тўлиқ ва сифатли манба бўлса, натижа шунчалик аниқ чиқади.

Бугунги кунда инглиз, хитой ёки испан тилларида тиббий маълумотлар базаси ниҳоятда бой, шунинг учун сунъий интеллект ушбу тилларда бемор белгиларини аниқроқ таҳлил қилади, статистик хулосалар чиқаради ва эҳтимолий ташхисларни яхшироқ беради. Аммо ўзбек тилида бу имконият ҳали тўлиқ шаклланмаган. Маълумотлар базасининг чекланганлиги, терминологик номувофиқликлар, тиббий ҳужжатларнинг ягона электрон тизимда сақланмаслиги каби омиллар натижага бевосита таъсир кўрсатади.

Агар технологияни ўқитишда ишлатилган маълумотлар инглизча ёки бошқа тилларга асосланган бўлса, ўзбекча тиббий сўров(промпт) киритилганда сунъий интеллект маҳаллий атамалар, клиник ёзув услуби ёки маданий контекстни нотўғри тушуниши мумкин. Тизим автоматик таржима орқали ишласа, клиник маъно йўқолади. Масалан, “қанд” ва “глюкоза” каби сўзлар аралашиб, ноаниқ жавоб чиқиши эҳтимоли мавжуд. Оқибатда, у тиббий ёзувларни нотўғри таржима ёки талқин қилади. Белгиларни янглиш баҳолаб, хато тавсия бериши эҳтимоли ошади. Маҳаллий касалликлар, диагностика протоколлари ёки дори номларини танимаслиги мумкин.

Техник жиҳатдан қараганда, СИ ишончлилиги бир неча омилларга боғлиқ: маълумотлар тўпламининг сифати ва ҳажми, моделни ўргатишдаги тарафкашлик (биас), натижани изоҳлаш қобилияти, шунингдек янги вирус ёки генетик ўзгаришларга мослашиш даражаси. Агар модел эски маълумотлар асосида ишласа, у янги ҳолатларда хатога йўл қўяди.

Шунинг учун шифокорлар орасида ҳам бу тизимдан фақат ёрдамчи восита сифатида фойдаланиш фикри кучли, яъни сунъий интеллект ташхис қўйишда эмас, балки мавжуд маълумотларни таҳлил қилиш, ўхшаш ҳолатлар билан солиштириш ва эҳтимолий тавсиялар беришда ишончлироқ натижа кўрсатади. Ўзбек тилида ҳам тиббий маълумотлар базасини бойитиш, терминларни ягона стандартга келтириш ва сунъий интеллект моделларини шу тилга мослаштириш устида иш олиб борилса, натижалар сифат жиҳатидан юқорига кўтарилади. Ҳозирча тиббиётда у берган маълумотларга тўлиқ таяниб бўлмайди.

Сунъий интеллект қайси касалликларни аниқлашда яхшироқ самара бермоқда?

СИ тиббий тасвирларни таҳлил қилишда яъни рентген, KT, MRT, дерматоскопия ва офталмологик суратларда яхшироқ натижа кўрсатади. Чунки бу соҳада рақамли, аниқ ва бир хил форматдаги маълумотлар кўп. Сунъий интеллект юз минглаб суратларни солиштириб, инсон кўзи илғамайдиган даражада кичик ўзгаришларни аниқлай олади. Мисол учун, ўпка нодуллари, маммограммада бошланғич ўсимталар, диабетик ретинопатиянинг дастлабки белгиларини эрта босқичда топа олади. Шу билан бир қаторда, патологик слайдларни таҳлил қилишда ҳам СИ микроскоп остидаги микроорганизмларни ўрганиб, саратон ҳужайралари мавжудлиги ва уларнинг босқичини аниқлашда ёрдам беради.

Кардиология йўналишида СИ юрак фаолиятини кузатиш бўйича янги имкониятлар яратди. У ЭКГ ёки юрак мониторларидан олинган маълумотлар орқали аритмиялар, юрак ўтказувчанлиги бузилишлари, ҳатто “симптомсиз” ишемияни эрта босқичда аниқлай олади. Бунга қўшимча равишда, доимий мониторинг қурилмалари, масалан, ақлли билагузуклар ёки Holter аппаратлари ёрдамида юракдаги ўзгаришлар таҳлил қилиниб, хавфли ҳолатлар ҳақида шифокорга автоматик огоҳлантириш юборилади.

Лаборатория ва геномика соҳасида СИ касаллик хавфини олдиндан башорат қилишда фойдали. У DNK ёки ARN маълумотларини таҳлил этиб, маълум генетик вариантлар билан боғлиқ касалликлар хавфини аниқлайди. Айниқса, саратон турларининг генетик субтипларини ажратишда бу технологиядан фойдаланиш қўл келади. Шу билан бирга, сурункали касалликларни кузатишда ҳам СИ ўзига хос аҳамиятга эга. Мисол учун, диабет, гипертония ёки юрак етишмовчилиги билан оғриган беморларда сенсорлардан олинадиган маълумотлар доимий таҳлил қилинади ва ўзгаришлар юз берса, тизим шифокорни огоҳлантиради. Бу эса оғир ҳолатларнинг олдини олишга кўмаклашади.

Бироқ, тиббиётдаги ҳамма соҳада ҳам сунъий интеллект мукаммал эмас. У ҳали психиатрия ва руҳий касалликларни аниқлашда анча нўноқ. Чунки руҳий ҳолатни баҳолаш аксар ҳолларда субъектив, маданий ва шахсий омилларга боғлиқ. СИ баъзи нутқ ёки мимика ўзгаришларини таҳлил қилиши мумкин, аммо тўлиқ ташхис учун жонли психиатрнинг баҳоси зарур. Шунингдек, ноёб ва кам учрайдиган касалликларда маълумотлар етарли бўлмагани сабабли СИ уларни ўрганолмайди ёки нотўғри тахмин қилади.

Кўп тизимли (multisystem) касалликлар ва клиник контекстни талаб қиладиган ҳолатлар ҳам сунъий интеллект учун мураккаблик қилади. Масалан, фибромиалгия ёки аутоиммун касалликлар сингари турли белгилар билан кечадиган хасталикларда модел ягона хулоса чиқара олмайди. Шунингдек, СИ беморнинг жисмоний кўрикдаги ҳолатини, масалан, палпация пайтида аниқланадиган ўзгаришларни ҳис қилолмайди: бундай ташхисларда шифокор сезгиси ва тажрибаси ҳал қилувчи кучини сақлаб қолади.

Сунъий онг нотўғри ташхис қўйса ёки унинг тавсияси беморга зарар етказса, жавобгарлик кимнинг зиммасида бўлади?

Аввало бир ҳақиқатни айтиб ўтиш керак: ҳозирги қонунлар ва суд амалиёти СИни “жавобгар” деб ҳисобламайди. Жавобгарлик, одатда, инсон ёки ташкилотларга: шифокор, шифохона, ишлаб чиқувчи ёки хизматни жойлаштирган (деплой қилган) ташкилотга юкланади. Халқаро тажрибада қайси томон жавобгар бўлиши воқеа шароити, қонунчилик ва шартномалар ҳамда тизим қандай ишлатилганига қараб аниқланади.

Шифокор (ёки клиник ходим) жавобгарлиги. Аксарият мамлакатларда тиббий амалиётда якуний қарор ва жавобгарлик шифокорнинг зиммасида қолади. Агар шифокор СИ таклифини “нейтрал” ёрдам сифатида қабул қилиб, ўз клиник баҳосини қўймасдан унга тўлиқ суянса ва охирида натижа зарар келтирса, бу парваришлаш стандарти (standard of care)га зид ҳисобланади ва шифокор тиббий бепарволик учун жавоб беради. Шу сабабдан, кўплаб соғлиқни сақлаш органлари шифокорларга СИ тавсияларини текширишни, инсон назорати (human-in-the-loop)ни сақлашни тавсия қилади.

Шифохона ёки соғлиқни сақлаш ташкилоти (деплоер) жавобгарлиги. Агар ташкилот нотўғри, синовдан ўтмаган ёки мослаштирилмаган СИ тизимини жорий қилган, ходимларни етарли ўқитмаган ёки тизимни хавфсиз тарзда назорат қилмаган бўлса, ташкилотга эътиборсиз (бепарво) танлов (negligent selection/retention) ёки эксплуатация жавобгарлиги юкланиши мумкин, яъни клиника ёки шифохона СИ воситасини танлаш ва унинг интеграциясига оид мажбуриятларни бузган бўлиши эҳтимоли бўлади.

Ишлаб чиқувчи (вендор) жавобгарлиги. СИ маҳсулоти техник хато, нотўғри ўргатилган модел, хавфсизлик нуқсони ёки маркетингдаги даъволар билан мос келмайдиган натижа берган бўлса, ишлаб чиқарувчи маҳсулот масъулияти (product liability) ёки контракт шартларига кўра жавоб беради. Европа Иттифоқи сингари ҳудудларда АИ ва тиббий маҳсулотлар учун жорий этилган янги меъёрлар ишлаб чиқарувчиларнинг мажбуриятини кучайтирмоқдa. Айни пайтда Ўзбекистонда сунъий интеллектни тиббиётда қўллашга доир алоҳида қонун ёки ҳужжат мавжуд эмас. Бемор ҳаёти олдидаги масъулиятни ҳисобга олиб, тиббиётда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва қўллаш бўйича умумий сиёсат ҳамда стратегиялар ишлаб чиқиш зарур деб ҳисоблайман.

Тиббиётда маълумотларнинг махфийлиги – энг муҳим омиллардан бири. СИ ишлаши учун эса улкан ҳажмдаги беморлар маълумотлари керак бўлади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда тиббий маълумотлар хавфсизлиги ва уларни рақамлаштириш жараёни қай даражада ҳимояланган? Беморларнинг шахсий маълумотлари билан ишлашда қандай механизмлар жорий этилиши керак деб ҳисоблайсиз?

- Ҳақиқатан, беморларнинг маълумотлари энг нозик ва муҳим ресурслардан бири ҳисобланади. Тиббиётда уларнинг махфийлиги ва хавфсизлигига ҳам ахлоқий, ҳам ҳуқуқий мажбурият сифатида қаралади. Сунъий интеллект (СИ) тизимлари самарали ишлаши учун эса улкан ҳажмдаги бемор маълумотларини таҳлил қилиши зарур.

Ўзбекистонда Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги ва “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонун тиббий маълумотларнинг махфийлигини ҳимоя қилиш учун умумий ҳуқуқий асос яратади. Ушбу қонунлар беморларнинг шахсий маълумотларига рухсатсиз киришни тақиқлайди, тиббий ходим ва ташкилотлар маълумотларни фақат белгиланган мақсадларда ишлатиши кераклигини белгилайди. Бироқ маълумотлар рақамлаштирилганда уларни ҳимоя қилиш учун техник ва ташкилий чоралар талаб этилади.

Техник ҳимоя чораларига шифрлаш, аутентификация тизимлари, кириш ҳуқуқларини бошқариш ва маълумотлар базасини мунтазам захиралаш киради. Масалан, ҳар бир шифокор ёки тиббий ходим фақат ўзига рухсат берилган бемор маълумотларига кира олиши лозим, тизимга уланиш эса индивидуал логин ва парол, баъзан икки босқичли аутентификация орқали амалга оширилиши зарур. Шу билан бирга, барча транзакциялар ва маълумотлар ўзгартирилиши базада қайд қилиниши керак, бу назорат имконини беради.

Ташкилий жиҳатдан бемор маълумотларига кириш жараёни қатъий тартибга солиниши лозим. СИ тизимларини татбиқ қиладиган тиббиёт марказлари ўз ходимларини маълумотлар хавфсизлиги бўйича ўқитиши, махфийлик сиёсатини ишлаб чиқиши ва фавқулодда вазиятларда чоралар режасини белгилаши зарур.

Келгусида, беморларнинг шахсий маълумотлари билан ишлашда қўлланиши лозим бўлган механизмлар қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

  • Маълумотларни анонимлаштириш/ маълумотларни кодлаш орқали шахсий идентификаторларни яшириш;
  • Ҳар бир кириш ва ўзгариш учун аудит изини сақлаш;
  • СИ тизимининг таҳлил натижалари инсон назорати остида бўлиши, яъни тизим тавсияси шифокор томонидан тасдиқланиши;
  • Маълумотлар базаси ва серверларнинг хавфсизлиги ҳамда шифрланиши;
  • Тизимни нотўғри ишлашдан ёки киберҳужумлардан ҳимоя қилиш чораларини мунтазам янгилаб бориш.

СИ тизимлари асосан хорижий тажриба асосида яратилади ва жараёнда ўша мамлакатларнинг клиник стандартларига таянилади. Ўзбекистон шароитида эса иқлим, генетика, ҳаёт тарзи ва касалликлар статистикаси бошқача. Сизнингча, СИ тизимларини маҳаллий шароитга мослаштириш учун қандай ишлар қилиниши керак?

- Сунъий интеллект (СИ) тизимлари тиббиётда юқори самарадорлик билан ишлаши учун катта ҳажмдаги маълумотлар ва тажриба асосида ўқитилади. Кўпинча, бу тизимлар хорижий мамлакатларда ишлаб чиқилади ва у ернинг клиник стандартлари, диагностика протоколлари, демографик хусусиятлари, иқлим шароитлари, генетик таркиби ва ҳаёт тарзи каби омилларга таянади. Шу сабаб, уларнинг тизимларини Ўзбекистонга бевосита татбиқ этиш хавфли бўлиши мумкин, чунки иқлим, генетик профил, ҳаёт тарзи ва касаллик статистикаси фарқ қилади.

Аввало, тизимни маҳаллий шароитга мослаштириб, ақлли тизимларга ўргатиш учун минтақавий беморлар маълумотларини йиғиш зарур. Бунга фақат диагностика натижалари ёки таҳлиллар эмас, демографик маълумотлар, ҳаёт тарзи, генетик хусусиятлар ва касалликлар тарихи каби параметрлар ҳам киради. Шу йўл билан тизим маҳаллий аҳолининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда таҳлил қила олади.

Маҳаллий базани яратишда шахсий маълумотлар ҳимояси биринчи ўринда туриши лозим. Маълумотлар анонимлаштирилиши, шифрланиши ва рухсатсиз киришдан ҳимояланиши керак.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги диагностика ва даволаш стандартлари тизимга киритилиши лозим. Масалан, қанд касаллиги ёки юрак-қон томир касалликлари ташхисида хорижий стандартлар билан маҳаллий протоколлар фарқ қилиши мумкин. Тизимни маҳаллий протоколлар асосида созлаш ижобий натижага эришишда ёрдамлашади.

СИ тизимларини маҳаллий шароитга мослаштиришда фақат дастурчилар эмас, тиббиёт мутахассислари, эпидемиологлар ва генетика бўйича олимлар иштирок этиши муҳим. Улар тизим томонидан берилган натижаларни таҳлил қилади, хатоликларни аниқлайди ва моделни маҳаллий шароитга созлаб, қайта ўқитишга ёрдам беради.

Мослаштирилган тизимни, аввало, чекланган ҳудудларда синовдан ўтказиш лозим. Синов жараёнида тизимнинг аниқлик даражаси, нотўғри ташхис эҳтимоли ва бемор хавфсизлиги текширилади. Шу билан бирга, тизим амалиётга жорий этилгач, уни мунтазам мониторинг қилиш ва янгилаб туриш талаб этилади.

Маҳаллийлаштириш жараёнида давлат органлари тиббиёт стандартлари, маълумотларни ҳимоя қилиш қоидалари ва СИ тизимлари учун лицензия ва сертификатлаш механизмларини ишлаб чиқиши зарур. Шу тарзда, тизимнинг қонуний ва хавфсиз ишлаши таъминланади.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди. 

Диёрахон Набижонова
Муаллиф Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид