Ўзбекистон | 17:43 / 05.12.2024
19468
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қонундан ташқари 10 трлн сўм харажат қилган. Депутатлар 9 дақиқада бу харажатларни қонунга киритиб берди

Давлат органлари ва ташкилотларининг 2024 йилдаги харажатлари қонунда ёзилганидан 10 триллион сўмга ошиб кетган. Болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар миқдори эса 2 триллион сўмга камайтирилган. Қонунчилик палатаси давлат бюджети тўғрисидаги қонунни ҳукумат сўраганидек қилиб 9 дақиқа ичида учта ўқишдан ўтказиб берди. Бирорта депутат қарши овоз бермади.

Фото: Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 3 декабр кунги мажлисида 2024 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилди. Унда давлат харажатларини кўпайтириш назар тутилган.

Ўзгаришларга кўра, давлат органларининг харажатлари қўшимча равишда 9,98 трлн сўмга оширилади. Натижада давлат бюджети харажатлари амалда тасдиқланган 255,4 трлн сўмдан 265,4 трлн сўмга кўпайтирилади.

Мажлисга йиғилган депутатларнинг барчаси ўзгаришларни ёқлаб овоз берди. Тузатишларни кўриб чиқиш палата ялпи мажлисида жами 9 дақиқа давом этди. Шундан 5 дақиқаси иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг нутқига сарфланди.

“Талаб юқорилиги сабабли таълим кредитларини молиялаштириш жамғармасига ажратиладиган трансфертлар миқдори 841 млрд сўмга ошириляпти. Президент қарорига асосан, аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликларига чалинган Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган беморлар учун ингаляцион дориларни бепул тарқатиш билан боғлиқ харажатлар учун қўшимча 30 млрд сўм ажратиляпти. Шунингдек, маданият ва санъатни ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, Маданият вазирлигининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларини моддий рағбатлантириш учун қўшимча 100 млрд сўм, иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик ёрдам тўловлари ва электр энергияси ва газ нархларининг базавий меъёридан ошганлиги ўртасидаги фарқнинг ўрнини қоплашга компенсация учун 592 млрд сўм, маҳаллалардаги энг долзарб инфратузилма масалаларини ҳал этиш учун эса 1 трлн 344 млрд сўм қўшимча маблағ ажратилган”, – деди вазир ўринбосари.

Ҳайдаровнинг қўшимча қилишича, бюджет ташкилотларидаги вакант лавозимлар ва самарасиз ёки бир-бирини такрорловчи штат бирликларини қисқартириш ҳисобига 1 трлн сўм миқдоридаги харажатларни мақбуллаштириш таклиф этиляпти.

Ўрнатилган мезонларни қайта кўриб чиқиш натижасида болалар нафақалари ва моддий ёрдамдан 2 трлн сўм тежалиши кўзда тутилган.

Шунингдек, вазирлик ва идораларни ривожлантириш учун ажратилган маблағлардан йил якунигача 1,7 трлн сўм иқтисод қилиниши кутиляпти.

Мақсадли давлат жамғармаларининг йил бошидаги қолдиқ маблағлари ва даромадлар прогнозини ошириш ҳисобига республика бюджетидан айрим жамғармаларга қарийб 260 млрд сўмга яқин трансфертларни оптималлаштириш мўлжалланган.

Мақбуллаштирилган 4,1 трлн сўм маблағлар эса юқоридаги йўналишлар бўйича қўшимча харажатларга қайта тақсимлашга йўналтирилган.

“Вазирлар Маҳкамасининг 14 мартдаги 134-қарорига мувофиқ ижтимоий ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида боғчалар ва мактабларни қуриш ва таъмирлаш учун маҳаллий бюджетларда назарда тутилган 4 трлн 373 млрд сўм маблағлар республика бюджетига ўтказилди.

Давлат мақсадли жамғармалари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тасдиқланган кўрсаткичларига аниқлик киритиляпти. Мақсадли давлат жамғармалари маблағларининг йил бошидаги қолдиғи 12 трлн 841 млрд сўм, даромадлар 64 трлн 767 млрд сўм, давлат бюджетидан трансфертлар 34 трлн 60 млрд сўм , харажатлар 96 трлн 689 сўм млрд сўм этиб белгиланяпти”, – деди Аҳадбек Ҳайдаров.

Спикер Нуриддин Исмоиловга кўра, қонун лойиҳаси қўмита ва фракцияларда муҳокама қилинган. У қонун ўзи 4 тагина моддадан иборат эканига урғу бериб, ҳужжатни шу куннинг ўзидаёқ қабул қилишни таклиф қилди. Овоз беришда қаршилар бўлмади. Қонун Сенатга юборилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда ҳам йил якунига 15 кун қолганда давлат бюджети тўғрисидаги қонун ўзгартирилганди. Депутатлар консолидацияланган бюджет тақчиллиги лимитини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан 5,5 фоизгача, йиллик ташқи қарз лимитини 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача кўпайтиришни 20 дақиқа ичида тасдиқлаб беришганди.

2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда ҳам дефицит бўйича 3 фоизлик лимит кўрсатилган, лекин давлат харажатлари даромадлардан кескин ортиб кетиши ортидан, бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, лимит 4 фоизга кўтарилганди.

Мавзуга оид