Давлат бюджети ижроси: ХДП фракцияси қатъий эътироз билдирди
2020 йил 9 ойлик якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботини Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари чуқур танқидий таҳлилдан ўтказди.
Жорий йил 9 ойда Давлат бюджети даромадлари 94 457,2 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, харажатлар (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 102,164,8 млрд. сўмга етган. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун 53 685,3 млрд. сўм (умумий харажатларнинг 52,5 фоизи) сарфланди. Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилгани Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига мувофиқ келади.
Фракция аъзолари муҳокамалар жараёнида ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг қанчалик самарали сарфлангани масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ҳисобот даврида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 129,1 млрд. сўм бюджет ижросида камомад ва асоссиз харажатлар аниқлангани депутатлар томонидан кескин танқид қилинди.
Хусусан, пандемия билан боғлиқ мураккаб вазият бўлишига қарамай, соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган бюджет маблағларининг қарийб 22 млрд. сўми бемақсад сарфланган. Шундан 17,8 млрд. сўми ноқонуний ўзлаштирилгани фракция аъзоларининг қатъий эътирозларини келтириб чиқарди.
Ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган коронавирусга қарши курашиш учун жалб этилган тиббиёт муассасаларида Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағларнинг 70,7 млрд. сўми қоидаларга амал қилмаган ҳолда, сарфлаб юборилган.
Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 10 млрд, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида 6,3 млрд, Сув хўжалиги тизимида 4 млрд сўм миқдорида молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Депутатлар ижтимоий соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш асосий вазифаси бўлган вазирликларда бундай хатоларга йўл қўйилгани муроса қилиб бўлмайдиган ҳолат эканини таъкидлашди.
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси харажатлар режаси 542,4 млрд. сўм этиб белгиланган бўлса-да, шунинг 63 фоизигина ишлатилган. Ваҳоланки, пандемия шароитида ишидан айрилган, оилавий даромадини йўқотган, касб-ҳунар ўрганишга хоҳиши, эҳтиёжи катта бўлган фуқаролар ҳудудларда кўпчиликни ташкил этади.
Яна бир муҳим жамғарманинг бюджети ижроси ҳақидаги маълумотларга эътибор қаратайлик. Сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш жамғармасидан сув таъминоти ва оқова хизматини яхшилаш учун ажратилган 1,95 трлн. маблағнинг 64,2 фоизигина ишлатилган. Ҳолбуки, ҳудудларда ичимлик суви масаласида кўплаб муаммолар юзага келмоқда, бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Фракциямиз юқорида қайд этилган ва бошқа бир қатор йўналишларда бюджет ижросига нисбатан танқидий ёндашувни кучайтириш, масъул вазирлик-идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарликни юклаш, ҳукумат эса юзага келган салбий ҳолатларни чуқур таҳлилдан ўтказиши, очиқ ва таъсирчан чоралар кўриши зарур, деб ҳисоблайди.
Ҳукумат парламент қуйи палатасига киритган Давлат бюджети даромадларининг 2021 йилги прогнози ва 2022-2023 йиллар учун мўлжалланган параметрлари лойиҳасида ижтимоий соҳага харажатлар жорий йилга нисбатан 15 фоизга, ижтимоий нафақа олувчилар сони 2 баробар ошириш режалаштирилган. Халқ демократик партияси ҳукуматнинг ижтимоий ҳимоя масаласига бундай ёндашувини қўллаб-қувватлайди.
Фақат ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлардан тўғри фойдаланиш ва унинг натижадорлигига эришиш зарур. Бу вазифага, айниқса, партиямиз депутатлик бирлашмалари катта масъулият билан ёндашади. Ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий жараёнлар танқидий таҳлил этилади, маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлик кучайтирилади, нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик билан тизимли ишлар амалга оширилади.
Шербек Бўронов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси
Мавзуга оид
13:38 / 06.09.2021
Мақсуда Ворисова Халқ демократик партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди
16:00 / 04.09.2021
Талаба ўқисинми ёки ижарага пул топсинми?!
18:12 / 02.09.2021
Мақсуда Ворисова мандат кечикаётгани ҳақида: Давлат тест маркази изоҳ бериши шарт!
14:00 / 05.07.2021