Спорт | 18:16 / 14.12.2025
9373
20 дақиқада ўқилади

«Реал»даги кичик инқироз. Клубнинг муаммоси нимада ва Алонсо энди нима қилади?

Мадридликлар ғалаба қозонишни унутиб қўйди, айрим футболчилар ва мураббий ўртасида эса зиддият кўзга ташланмоқда.

Фото: Getty Images

Яқиндагина класикода ғалаба қозониб, Испания чемпионатида жиддий фарқ билан пешқадамлик қилаётган «Реал» бирданига муаммолар гирдобига тушиб қолди. Қониқарсиз натижалар, ишонарсиз ўйин, жароҳатлар ва энг эътиборлиси Ҳаби Алонсо билан муаммолар – испан нашрлари ёзда жамоа бошқарувига келган мураббийга муҳлат берилгани, кейинги уч ўйиндан бирортасида ғалаба қозона олмаса, истеъфога чиқарилиши мумкинлиги ҳақида ёзишмоқда.

Албатта, бундай хабарлар турли мураббийлар билан кўп чиқиб туради, одатда нашрлар кўпинча тахминларни бўрттириб ёзишади. Аммо Англиядан фарқли равишда Испанияда журналистлар бироз бошқача ишлашини, нашрлар у ёки бу клуб, шу жумладан, «Реал»нинг ҳам манфаатларига хизмат қилишини инобатга олсак, вазиятга жиддийроқ қараш мумкин. Зеро бундай хабарлар чиқаётгани, шу билан бирга, клуб расмийлари томонидан раддиялар йўқлиги, табиийки, дарахтнинг учи бекорга силкинмаётганидан далолат беради. Қуйида шу саволга жавоб изланади – Мадридда нима бўляпти ўзи?

Тизимли мураббий нима?

Сўнгги йилларда бу атама тез-тез ишлатилмоқда, нафақат Европада, балки маҳаллий матбуотда, шарҳловчилар томонидан ҳам мураббийлар тизимли ва эски классик услубга риоя қилувчилар сифатида ажратилишига гувоҳ бўламиз.

Ҳаби Алонсо ва «Реал» мавзусида ҳам бу атамага мурожаат қилишга тўғри келади, зеро у немис футболида шаклланган тизимли мураббий бўлса, «Реал»нинг олдинги бош мураббийи Карло Анчелотти аксинча, эски мактаб мураббийларининг ёрқин ва энг муваффақиятли вакили эди. Қисқа муддатда бу қадар қутблашиш табиийки, аввалдан бу мавзу тилга олинишига сабаб бўлганди.

Хуллас, эски мактаб асосан футболчиларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда тактика ва услуб танлаш, айниқса етакчиларнинг ўзини қулай ҳис қилиши ёрдамида самаралироқ фойлаланишни кўзда тутади ва ижрочиларга имкон қадар эркинлик тақдим этади. Базавий талаблар – зич ўйнаш, позициялар, прессингга амал қилинган ҳолда, муайян вазиятларда импровизацияга кенгроқ йўл очилади.

Тизимли футболда эса бирламчи – футболчи эмас, жамоадир. Албатта, ҳар қандай тизим ҳам мазкур жамоадаги футболчиларнинг хусусиятларига таянади ва шундан келиб чиқади. Аммо тўп қандай эгалланишидан тортиб, ҳар бир нуқтада қандай ҳаракатланиш, тўпни кимга етказиш ва қайси йўл билан вазиятлар яратиш мураббий томонидан олдиндан белгиланади. Шу асосда жамоа узоқ машғулотлар ёрдамида аниқ услубни автоматизм даражасига олиб чиқади. Ҳа, бироз мураккаб, аммо тўлиқ ишлаганда, рақибдан қатъи назар соатдек ишлайдиган механизмга айлантириш мумкин.

Таққослаш учун мисол келтирамиз. Тасаввур қилинг, бир жамоа таркибида  ўртача даражаси 7 баҳолик бўлган 11 нафар футболчи бор. Классик услубда бу жамоа ҳар ўйинда камида 6, муваффақиятли ҳолларда 8 баҳога лойиқ ўйин кўрсатиши мумкин. Аммо агар бу тизимлашса, жамоа 9-10 даражадаги футбол намойиш қилишга лойиқ бўлади. Шу билан бирга, тизим ишламаганда, баъзида жамоа ўйини 4-5 даражага тушиб кетиши ҳам мумкин. Шундан хулоса қилиш мумкинки, тизим нисбатан кучсизроқ таркиб ва футболчилар билан ҳам яхши ишлайди – шу орқали умумий даражани ошириш, ўртача футболчилар билан ҳам юқори натижаларни кўзлаш мумкин.

Шу мисол орқали «Реал»ни янада осонроқ тушунамиз – Мадридда доим ҳар бир чизиқда Европанинг энг яхши футболчилари йиғилган, шунинг учун классик услубда ўйнаш ҳам жамоага катта совринларни ютиш учун кифоя қилган. Ўйин маълум даражадан пастга тушиб кетмайди, футболчилар учун қулай услуб танлангани эвазига ички зиддиятлар ҳам бўлмайди, 8-9 даражали футболчилар доим шу даражада ўйин кўрсатиб, рақобатбардош бўла олишади.

Нега тизимли мураббий «Реал» учун ноқулай?

Биласизми, спортда сабаб-оқибат принципи мавжуд бўлиши жуда муҳим. Маълум натижага эришиш учун белгиланган ҳаракатлар мажмуи керак бўлади. Айтайлик, бирор тезликка эга бўлиш учун бир кунда фалон соат машқ, фалон соатлик уйқу, маълум диета ва ҳоказолар керак. Демак, белгиланган натижага эришиш учун шу йўлдан борилади. Ҳаммаси оддий.

Аммо агар шу сабаб ва оқибат боғлиқлиги йўқолиб қолса-чи? Масалан, ўта истеъдодли футболчиларни биламиз – Ромарио, Неймар, Роналдинио, Гаскойн ва ҳоказо. Уларни нима бирлаштириб туради? Улар шундоқ ҳам ўта истеъдодли бўлишган, белгилангандек машғулот қилишмас, тартибли ҳаёт тарзида яшашмаган. Мана шу тескари сабаблар билан ҳам мутлақо бошқа оқибат – муваффақиятга эришишгач, табиийки, уларнинг машғулотларга бўлган муносабати бошқача бўлади. Уларга ҳар қандай муваффақият остида улкан меҳнат ётишини тушунтира олмайсиз, чунки улардаги ғайриоддийлик сиз келтирган назарияни рад қилади. Ана, Ромарио машғулот қилмасдан туриб эрта-ю кеч тиним билмайдиган Дунгадан яхшироқ, ана Гаскойн бир умр ароқ ичиб юриб, ичмасдан диета қиладиган кўпгина футболчилардан яхшироқ ўйнаяпти. Нимани тушунтирасиз?

Ёмон томони, бундай футболчиларнинг фаолияти узоқ кечмайди. Қачонки, машғулотларга эҳтиёж сезганда, талант етарли бўлмай қолган пайтда бояги сабаб-оқибат боғлиқлигига улар ишонишмайди. Чунки ўз танасида бунинг аксига мисол бор. Энг муҳими, уларнинг мисоли бошқаларга ишламаслиги, аслида муваффақият калити бу эмаслигини бошқа оддий футболчилар тушуниб етиши керак. Ана, Роналдинио машғулотларга қатнамай ҳам зўр ўйнаяпти-ку, демак осон йўли бор экан-да, деган хулоса пайдо бўлмаслиги лозим.

Узоқдан олиб келганимнинг сабаби, «Реал» клуби айнан шундай футболчи мисолининг жамоа кўринишидир. Йўқ, «Реал» ҳам доим машғулот қилган, нотўғри ишлар қилмаган. Аммо бутун дунёда жамоалар бошқача, тизимли футбол ўйнаётган пайтда, худди дискотекадан келиб, ҳаммадан яхши ўйин кўрсата олган Роналдинио сингари келиб, совринларни ютаверган. Бу ерда анормаллик йўқ, зеро «Реал» энг яхши футболчиларни ва бу услубда энг самарали бўлган мураббийларни (Моуринио, Зидан, Анчелотти) қўлга кирита олганди. Бояги мисолдаги футболчиларда муҳим фарқ уларнинг худо инъом этган таланти бўлса, «Реал» мисолида бу тўғри йиғилган таркиб ва мураббий сабабли бўлган. 

Аммо йилдан йилга молиявий томондан инглизлар билан курашиш қийинлашиб қолди. Аввалгидек энг яхшиларни йиғиш қийинроқ ва қимматроқ бўлиб бормоқда. «Барселона»га қарши муҳим учрашувлар бой берилмоқда. Анчелоттини биров боғлаб бермаган. Шу ва бошқа сабаблар Флорентино Пересни катта ислоҳотга, шу пайтгача «Реал» учун мутлақо тескари бўлган йўналишга ундади.

Алонсога қийин бўлиши аниқмиди?

Ҳали иш бошланмасданоқ Алонсо тўқнаш келиши мумкин бўлган муаммолар ва мавсум давомида кутилмаганда пайдо бўлган тўсиқларни тахмин қилиш осон эди. Бу ҳар қандай бошқа мураббий билан ҳам содир бўлиши шубҳасиз, яъни объектив сабаблар сифатида қуйидаги уч омилни келтириш мумкин.

Клублар ўртасида жаҳон чемпионати. «Реал» июн-июл ойларида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашди ва яримфиналгача борди. Таққослаш учун, бошқа клублар 1 июлдан тўлиқ дам олиб, мавсумолди йиғинларни бошлаган бўлса, «Реал» июл ойи бошларида эски мавсумни якунлаб, танаффусга чиқиб кетди. Табиийки, одатдагидан қисқароқ дам олиш ва режадагидек бўлмаган мавсумолди йиғинлар ҳар қандай янги мураббий, айниқса у янги тизимни олиб кирмоқчи бўлганида, қийинчилик туғдиради.

Жароҳатлар. «Реал» футболчилари мавсум давомида анормал даражада кўп жароҳат олишмоқда. Табиийки, бу керакли ўйин тизимини қуриш учун ҳам, жамоадаги ўзаро рақобат муҳитига ҳам таъсир кўрсатади.

Вақт. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиб, барча тайёргарликлар аъло ўтиб, ҳеч ким жароҳат олмаган тақдирда ҳам маълум тизимни жамоа ўйинига киритиш маълум вақтни талаб этади. Жамоа реал режимда, ҳақиқий ўйин юкламалари остида ҳам синовдан ўтиши керак. Ҳаммаси ҳал қилинган тақдирда ҳам, ора-сира турли тўсиқлар чиқиши, муваффақиятсиз ўйинлар бўлиши, ўша тўсиқлар остида бу услуб қандай ишлаши борасида тажрибалар ўтиши лозим бўлади.

Юлдузлар билан ишлаш. Ҳаби Алонсонинг мураббийлик тажрибаси у қадар катта эмас, фақат «Байер»да ишлаган холос. «Байер» ва «Реал» футболчиларининг даражаси, ҳар икки клубга бўлган босим фарқи жуда катта ва бу мураббийга етарлича ноқулайлик туғдириши аниқ эди. Инқироз учун дастлабки зарба шу томондан келди.

Винисиус билан зиддият

Аслида Алонсо ҳаммасини тўғри қилди. «Барселона»га қарши муҳим ўйинда 2:1 ҳисобидаги устунликни сақлаб қолиш учун прагматик қарор қабул қилди, Винисиусни захирага олди. Дунёдаги юзта жамоадан тўқсон тўққизтасида бўладиган оддий иш жараёни ва бу қандайдир жанжал келтириб чиқаришини тахмин қилиш ҳам мумкин эмас. Ҳаби доимгидек, «Байер»да ўн марта қилган, жамоа учун, ўйин учун керакли бўлган алмаштиришни амалга оширди.

Юқорида тилга олинган асосий фарқ мана шу ерда юзага чиқади. Ҳа, жамоа сифатида «Реал» учун «Барселона»ни енгиш энг муҳими, аммо юлдуз футболчиларда қўшимча мотивация ҳам бўлади. Беллингҳэм, Мбаппе, Винисиус каби юлдузлар мавсумни чемпион бўлиш, Чемпионлар Лигасини ютиш каби мақсадлардан ташқари, айтайлик, «Олтин тўп» олиш каби мақсадлар билан бошлайди. Табиийки, Винисиус класикода гол уриш учун майдонга чиққан, ўзи учун жуда муваффақиятли ва қулай кечаётган ўйинни ҳаммадан аввал тугатишни истамайди. Бу ерда зинҳор футболчини оқламаяпман, унинг айтганини қилиш керак, демоқчи ҳам эмасман, аммо «Реал» каби катта клубга борар экансан, шунчаки, сенинг шогирдларинг Playstation’даги 75 баҳолик футболчилардан 90 баҳоликка айланиб қолмайди. Уларнинг манфаатлари, эголари ҳам каттароқ, зиддиятлироқ бўлади ва катта клубларда тактикадан ҳам кўпроқ инсоний муносабатлар, психология кўпроқ аҳамият касб этади.

Тизимли мураббийларда энг кўп намоён бўладиган камчилик ҳам шу – ўзи ва футболчилар ўртасида қандайдир масофа, девор ўрнатишдир. Кичик клубларда бу жуда самарали бўлиши мумкин, аммо юлдузлар билан ишлашда ҳар бир қарорни уларга ёқадиган қилиб тушунтира олиш, муҳитни ушлаб туриш ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Сен Родриго бизга керак эмас деяпсанми, унинг яқин дўстлари бўлган Винисиус ва Милитоага ҳам бу қароринг бошқача таъсир қилиши мумкинлигини ҳисобга олишинг керак. Жамоа билан ҳиссий боғ қуриш, ҳеч бўлмаса, мураббийлар штабида мана шу вазифани бажара оладиган, бош мураббийнинг ғоялари ва қарорларини футболчиларга бошқача тилда етказиб бера оладиган кимдир бўлиши лозим. Шу ўринда «Ливерпул»да Слотнинг муаммолари Жон Ҳейтинга кетишидан сўнг бошланганини эслаш мумкин.

Муаммо барҳам топди, Винисиус узр сўраб, таркибга қайтди. Аммо натижалардаги ёмонлашув ҳам худди шундан кейин бошланди – 8 ўйинда атиги 2 ғалаба. Винисиус эса узр сўрагани ҳақидаги постида Ҳаби Алонсонинг исмини умуман тилга олмади.

Футболчилар Алонсо услубига қаршими?

Агар етарлича таъсирга эга бўлган юлдузларни оладиган бўлсак, фақат Килиан Мбаппеда мураббий билан муаммо бўлмаслиги керак. Чунки француз ҳужумчиси айнан Алонсо қўл остида жуда кўп голлар уряпти, энг яхши мавсумларидан бирини ўтказмоқда. Шунингдек, Арда Гулер асосий таркибга қайтди, албатта, Мастантуоно, Каррерас, Ҳаусен каби янги харид қилинган футболчилар ҳам мураббийга қарши бора олмайди.

Винисиус билан очиқ зиддият бўлди, Родриго таркибдан деярли чиқарилди, Валверде аввалгидек муҳим футболчи эмас, Жуднинг майдондаги позицияси билан ҳам муаммолар бор – аввалига у рақиб жарима майдонидан узоқлашди, кейин Гулер билан бир пайтда самарали тандем бўла олишмаяпти. Яъни қарши томоннинг ҳам салмоғи катта.

Энди Анчелотти даври билан асосий фарқни айтаман. Италиялик мураббий аксарият ўйинларда футболчилар завқ оладиган, уларга қулай бўлган услубни танлар, «Реал» аксарият ўйинларда юлдузларнинг малакаси ҳисобига ютиб кетарди. «Барселона», «Манчестер Сити», «Арсенал»га қарши катта ўйинларда эса ишончли ўйнаш қийинлашар, агар футболчилар катта саҳнага чиқа олса, яхши, мабодо ўйин қовушмаса, имконият пасайиб кетарди.

Алонсо ўз тизими билан ҳар қандай жамоага қарши ташаббускор, ўз ўйинини кўрсата олишни ўргатди – «Барселона»га қарши бу тизим иш берди ҳам. Футболчилар ҳам ниҳоят «Барселона»ни устунлик билан енга олишганидан хурсанд бўлишган, тизимга бўлган ишонч ортган бўлиши керак. Аммо муаммо «Элче» ёки «Селта» каби рақибларга қарши ўйинларда қалқиб чиқади. Алонсо фақат катта ўйинларни ютишни ўргатиб, кичик ўйинларда ўзидан Анчелоттини «ёқиб» ололмайди. Тизимми, демак ҳамма ўйинда шундай ўйнаш керак, «Элче» билан ҳам тинмай югуриш, прессинг қилиш керак. Одатда «Элче»ни бошқача, осонроқ ва қулай йўл билан ютиб юрган юлдузларга энди бу кўрсатмалар ёқавермайди. Майдон четида тўпни эгаллаган Винисиус уни жарима майдонига Алонсо айтган йўл билан эмас, ўзи билганича олиб бормоқчи бўлади. Тўпни эгаллаш учун унинг орқасидан югуриш шарт эмас, бироз сабр қилиб, ўрта блок қўйсак, шундоқ ҳам олиб қўямиз-ку, деб ўйлай бошлашади. Зиддият мана шу ерда.

Нега бошқа жамоаларда бундай муаммо йўқ?

Шу ерда Ҳаби Алонсонинг Мадридга келиш вақти ҳам бироз ноқулай бўлганини инобатга олиш керак. Нега «Арсенал» юлдузлари Артетага қарши шундай қарши чиқишмайди? Чунки Сака бўладими, Райсми, ҳар ким ҳар қанча юлдуз бўлмасин, бу даражага айнан Артета билан, Артетанинг услуби, тизими ёрдамида чиқишди. «ПСЖ»да саккиз нафар футболчи «Олтин тўп» номзодлари қаторига кирди, ҳаммаси Луис Энрике қўл остида ўйнаб.

Алонсо Мадридда бошқариши керак бўлган таркиб эса Алонсосиз, айни пайтда у таклиф қилаётган тизимга мутлақо тескари бўлган тизимда Чемпионлар Лигасини ҳам, Испания чемпионатини ҳам ютган. Алонсо фақат мана бунақа қилсаккина биз Чемпионлар Лигасини ютамиз, деб сингдира олмайди. Бу билан футболчиларни нопрофессионализмда айбламоқчи эмасман, аммо зиддиятлар бўлганида ўртадаги мана шу ишончсизлик қалқиб чиқиши мумкинлигини тушуниш керак. Дэвид Мойес келганида «МЮ» футболчилари унинг барча айтганини қилганига, профессионал шаклда шуғулланганига шубҳа йўқ, аммо натижалар ёмонлашганда, қандайдир зиддиятлар пайдо бўлганда Мойеснинг футболчилардан фарқли равишда шунчаки «Эвертон»дан келгани ҳам рол ўйнагани шубҳасиз.

Айтайлик, бу иш анча эртароқ, масалан, «Реал» бир таркиб билан барча турнирларни ютиб, Роналду, Бэйл, Бензема, Каземиро каби юлдузлар билан хайрлашиб, янги футболчилар билан бирга Алонсони олиб келиб, энди янги йўлдан борамиз, деган ғоя билан содир бўлганда, ҳаммаси бошқача кечиши мумкин эди. Аммо Алонсо тайёр ўйнаб турган, ютиб юрган таркибга келди. Юлдузлар ҳам Модрич, Кроос ё Бензема каби янги мураббийга ёрдамчи бўлиб ёнига кирадиган, ғояларни ёшларга сингдириб, эстафетани берадиганлар эмас, анча токсик футболчилар. Винисиусни таниймиз, Мбаппега тегиб бўлмайди, Жуд ёки бошқалар ҳам юқорида мисол келтирган футболчиларга ўхшамайди. Қайсидир маънода «Реал» раҳбарияти мана шу йўналишда бироз хато қилди.

Клуб мураббийни ҳимоя қилмаяпти

Шу билан бирга, «Реал» клуби ҳам Алонсони етарлича ҳимоя қилмаётгандек туюлмоқда. Эсингизда бўлса, Рубен Аморим энг кўп танқидлар остида қолганда «МЮ» раҳбари Жим Рэтклифф чиқиб, Рубенга камида уч йил беришини очиқ айтганди. Шундан сўнг жамоа ўйинида силжиш кузатилди, турли шубҳа ва тахминларга ўрин қолмади. Шу баёнотдан кейинги 9 учрашувда жамоа фақат бир марта мағлубиятга учради.

Ҳакамлар ҳақида жуда кўп чиқишлар қиладиган Перес Ҳаби Алонсо турли миш-мишлар гирдобида қолганида бирор баёнот билан вазиятга ойдинлик киритиши, мураббийга ёрдам бериши мумкин эди. Бошқа томондан Рэтклиффда неча йилдан бери ютқазаётган ва кўзни юмиб алмаштириб юбориш мумкин бўлган таркиб, Пересда эса бир қатор жаҳон миқёсидаги қимматбаҳо активлар турганини ҳам инобатга олиш керак. Табиийки, бу ҳолатда мураббийни бўшатиш энг арзон ва хавфсиз йўл.

Энди нима бўлади?

Одатда, истеъфо ҳақида гап чиқиб, мураббийга муҳлатлар берила бошландими, бу узоққа бормайди. Ўзи берилган вақт етарли эмаслиги ва катта босим остида эканини билган мураббий ўз ғояларига терс бўлган қарорларни қабул қилишни, футболчиларга таянишни бошлайди. Баъзи мураббийлар шундай шартларда натижаларни яхшилаб, ўзи учун вақтни чўзиши, ҳолатдан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Аммо аслида бошқа фаолият билан ном қозонган мураббийлар, хусусан Ҳаби Алонсога бундай шартлар ноқулай бўлиши табиий. У «Байер»да илк ўйинлардан катта ишонч остида ишлаган ва то у ердан кетгунча ҳеч қандай босим ҳис қилмаган. Босим остидаги Алонсо қанчалик самарали, буни ҳали билмаймиз.

Лекин «Манчестер Сити»га қарши ўйинда бутунлай бошқа «Реал»ни кўрдик. Алонсо имкон қадар футболчиларга эркинлик берди, ютқазган бўлса-да, жамоа сўнгги пайтлардаги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди, учрашувдан кейин бир қатор футболчилар Алонсони тўлиқ қўллаб-қувватлаши, у учун жонини беришга ҳам тайёр эканини айтиб чиқишди.

Футболчилар мураббий учун ўйнашни бошладими, демак мураббийнинг тақдири шу кундан бошлаб футболчилар қўлига ўтади. Алонсо энди футболчиларга яхши бўлиши, улар ўзларини яхши ҳис қилишлари учун ўз ғояларидан воз кечиб туришга мажбур. Ҳаби Алонсо Мадридда қолган тақдирда ҳам, бемалол айтиш мумкинки, мураббий Ҳаби Алонсо кетиб бўлди.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид