10 март куни Чемпионлар лигаси 1/8 финалида дастлабки учрашувлар бўлиб ўтади. Турнирнинг янги форматида ҳам бу босқичдан олдинги тартиб сақланиб қолган: 16 жамоа, ҳар бир босқичда иккитадан ўйин, ҳеч қандай сафардаги гол қоидаси йўқ. Қуйида саккизта жуфтликнинг кейинги босқичга чиқиш имкониятлари чамалаб кўрилади.

«Галатасарой»«ЛИВЕРПУЛ» (10 март, 22:45. Zo‘r TV)
Имкониятлар: 35 фоизга – 65 фоиз

Стадионлардаги муҳит, аура бўйича энг зўр жуфтлик деб аташ мумкин. «Рамс Парк» ҳам, «Энфилд» ҳам мухлисларнинг перформанси бўйича Европада энг яхшиларидан саналади. Мерсисайдликлар учун қуръадан олдинги эҳтимолий рақиблар орасида айнан «Галатасарой» нисбатан осонроқ рақиб сифатида кўрилган бўлиши мумкин, аммо айнан Истанбулда одатда мезбонларни енгиш жуда қийин. Дастлабки ўйин Туркияда бўлиши эътиборга олинса, Окан Бурук шогирдлари биринчи ўйинда керакли натижага эришиб, жавоб ўйинида шу устунликни сақлашга ҳаракат қилиб ўйнаши мумкин. Зеро «Галатасарой» таркибидаги футболчиларни «Энфилд» билан қўрқитиб бўлмайди – Санчес, Гундўған, Торрейра, Ламина, Сане каби футболчилар АПЛ футболида етарлича тажриба тўплаб улгуришган.  

Жамоалар Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумида гуруҳ босқичида ҳам тўқнаш келганди. «Галатасарой» ўз майдонида 1:0 ҳисобида устун келган, ягона голни Виктор Осимҳен пеналтидан урганди. Аммо бу ўйин Слот жамоасидаги инқироз даврига тўғри келганди, бугунги «Ливерпул» эса нисбатан анча тартибга келиб қолди. Шу билан бирга, «Ливерпул» ҳали «Галатасарой»га қарши сафар ўйинларида ғалаба қозонмаган. 2001/02 йиллар мавсумида Истанбулда 1:1 ҳисоби қайд этилган ва фақат сафардаги гол қоидаси бўйича инглизлар кейинги босқичга чиқишганди. 2006/07 йиллар мавсумида эса жамоалар гуруҳда дуч келиб, ҳар икки ўйин 3:2 ҳисобида мезбон жамоа фойдасига ҳал бўлган.

«Нюкасл»«БАРСЕЛОНА» (11 мартга ўтар кечаси, 01:00. Zo‘r TV)
Имкониятлар: 45 га – 55

Ушбу жамоалар ҳам кузда, гуруҳ босқичи доирасида учрашганди. Англияда бўлиб ўтган ўйинни Эдди Ҳау шогирдлари ўта фаол бошлашган, бир қатор вазиятлар яратиб, рақибни қийин аҳволга солиб қўйишганди. Кейин эса Френки де Йонг – Педри жуфтлиги ишга тушди – бу икки футболчи майдон марказини қўлга олиб, ўйинни «Барселона» учун қулайроқ, хотиржамроқ кўринишга олиб келишди. Кейин эса Маркус Рэшфорд керакли голларни уриб, испанларга ғалаба келтирганди.