Спорт | 10:59
3759
10 дақиқада ўқилади

«Сити» деярли курашдан чиқди, Гулердан шедевр гол. Кун ўйинлари

«Арсенал» сўнгги дақиқаларда муҳим ғалабага эришди, қаторасига иккинчи ўйинда дуранг ўйнаган «Сити» энди 9 очкога ортда қолмоқда. «Челси» яна ютқазди, «Реал»да йирик ғалаба.

Фото: AMA/Getty Images

«Арсенал» – «Эвертон» 2:0
Голлар:
Йокереш, 89 (1:0). Доуман, 90+7 (2:0)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Калафиори (Инкапие, 74), Тимбер (Москера, 38), Субименди (Доуман, 74), Райс, Эзе, Мадуэке (Мартинелли, 61), Сака, Ҳаверц (Йокереш, 61)
«Эвертон»: Пикфорд, Кин, О`Брайен, Миколенко, Гарнер, Гана Гуйе (Жорж, 90+5), Ироэгбунам (Рел, 86), Дюсбери-Ҳолл, Ндиай, Макнейл (Армстронг, 86), Бету (Барри, 69)

«Арсенал» ўз майдонида кечган ўйинда тўпга эгалик қилди, аммо дастлабки 20 дақиқа ичида қарши ҳужумлардан икки бор гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Биринчи ҳолатда Райянинг хатосидан кейин Макнилнинг зарбасидан кейин дарвозага кириб кетаётган тўпни ётган ҳолатда оёғини кўтариб қолиш орқали тўхтатиб қолди.

Макнилнинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси устундан қайтди, қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Ндиай эса вазиятдан фойдалана олмади. Кейинроқ Макнилнинг бир неча метр масофадан йўллаган зарбасини дарвозабон қайтарди.

«Канонирлар» эса тинимсиз ҳужум уюштирганига қарамай (биринчи бўлимнинг ўзида 13 зарба берилди), ҳисобни оча олмади. Биринчи бўлимдаги энг ёдда қолган вазият Ҳаверц жарима майдони ичида йиқилиши бўлди. Бу эпизодда Кин аввалига рақиб ҳужумчисининг оёғини босиб олди, кейин эса қўллари билан туртиб йиқитди, аммо бош ҳакам ва VAR хонасидагилар контакт пеналти учун етарли эмас деб топди.

Иккинчи бўлимда эса мезбонлар узоқ масофадан зарба беришга эътибор қарата бошлади, хусусан, Эзенинг айлантириб йўллаган зарбасига Пикфорд етиб бора олмади, аммо тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. Кейин эса Артета катта таваккалчиликка қўл урди ва таянч яримҳимоячиси Мартин Субименди ўрнига ўнг қанот вингери Доуманни майдонга ташлади. Айнан шу ўзгариш ўйинни ҳал қилди. Аввалига ушбу ёш яримҳимоячининг ўнг қанотдан узатмасидан кейин Пикфорд тўпга чиқишда хатога йўл қўйди, Инкапие эса тўпни бўш дарвоза қаршисига етиб келган Йокерешнинг оёқлари остига ташлаб берди.

Сўнгги дақиқаларда меҳмонлар ҳисобни тенглаштириш умидида тўлиқ таркиб билан олдинга ташланди, Доуман эса бурчак зарбасидан кейин уюштирилган қарши ҳужумда бўш дарвозани ишғол этиб, АПЛ тарихига кирди. Макс 16 ёш-у 73 кунлигида лига тарихида гол урган энг ёш футболчига айланди. Бу орқали у Жеймс Вон томонидан 2005 йилда ўрнатилган рекордни (16 ёш-у 270 кун) янгилади.

Шу тариқада, бу мавсумда захирадан тушган футболчилари 11 бор гол урган Микел Артета жамоаси қийинчилик билан бўлса-да муҳим ғалабага эришди.

«Челси» – «Нюкасл Юнайтед» 0:1
Гол:
Гордон, 18 (0:1)
«Челси»: Санчес, Чалоба, Фофана (Хато, 82), Кукуреля, Гюсто (Делап, 46), Жеймс, Кайседо (Лавиа, 61), Фернандес, Гарначо, Палмер, Жоао Педро
«Нюкасл Юнайтед»: Рамсдейл, Ботман, Тиау, Ҳолл, Ливраменто, Уиллок (Бёрн, 77), Рэмси, Волтемаде (Жоэлинтон, 67), Барнс, Мёрфи (Эланга, 78), Гордон
Огоҳлантиришлар: Фофана, 23. Кайседо, 25 – Рамсдейл, 84. Ҳолл, 89

«Челси» «қарғалар»га қарши Лондонда ўтган олдинги 12 ўйиндан 11 тасида ғалаба қозонганди ва шанба оқшомидаги ўйинни ушбу серияни давом эттириш мақсадида ҳужумкорлик билан бошлади. Аммо мезбонлар ўз имкониятларидан фойдалана олишмади. 18-дақиқада Палмер қулай вазиятни йўққа чиқарганидан кейин «Нюкасл» муваффақиятли қарши ҳужум уюштирди ва Уиллок Гордонни бўш дарвоза қаршисига чиқариб юборди.

Танаффусдан кейин Энтони дублга эришиши мумкин эди, аммо дарвозага қайтган Санчес жамоасини қутқарди. У Лиам Росениор жамоасини ўйинда қолдирди, аммо жамоа мағлубиятдан қутулиб қолишни уддалай олмади. «Челси» яна очко йўқотиб, рақобатчиларга имкон берди: бугун «МЮ» ва «Астон Вилла» ўйинида ғолиб бўлган жамоа илгарилаб кетади, «Ливерпул» эса «Челси»ни қувиб ўтиб, бешинчи ўринга кўтарилиши мумкин.

«Вест Ҳэм» – «Манчестер Сити» 1:1
Голлар:
Бернарду Силва, 31 (0:1). Мавропанос, 35 (1:1)
«Вест Ҳэм»: Ҳермансен, Мавропанос, Дисаси, Тодибо, Фернандеш, Соучек, Диуф, Ван-Биссака, Пабло (Магасса, 64), Боуэн (Канте, 90+6), Кастелянос (Траоре, 75)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Гейи, Ҳусанов, Айт Нури (Шерки, 60), Матеус Нунес, Родри, Бернарду Силва (Рейндерс, 75), О`Райли, Семенё (Фоден, 75), Мармуш (Доку, 60), Ҳоланд
Огоҳлантиришлар: Магасса, 76. Фернандеш, 89 – Мармуш, 11. Бернарду Силва, 37

Биринчи бўлим ўрталаридан ўтганида Бернарду Силванинг Ҳоландга узатмаси тўғридан тўғри зарбага айланиб, ҳисоб очилганида кўпчилик бу ўйин тақдири ҳал бўлгани ҳақида ўйлай бошлаганди. Аммо «Сити» бу мавсумда ишончли ўйнай олмаяпти. Бироз ўтиб «Вест Ҳэм» мувозанатни тиклади. Бурчак зарбасидан кейин Доннарумма тўпга чиқишда хатога йўл қўйди ва «Арсенал»нинг собиқ футболчиси Мавропанос мувозанатни тиклади.

Бу мезбонлар учун ўйиндаги илк зарба эди ва бу зарба чемпионлик пойгасида иштирок этаётган жамоанинг оёғидан чалиб қолиш учун етарли бўлди. Қолган вақт давомида «шаҳарликлар»нинг ҳеч қайсиси мезбонлар ҳимоя деворида ўтмади, тўп дарвоза соҳасига етиб борганида эса дарвозабон Ҳермансен ишончли ҳаракат қилди. Эндиликда шу куни ўйинни дисквалификация туфайли трибунада ўтириб кузатишга мажбур бўлган Гвардиола жамоаси «Арсенал»дан 9 очкога ортда қолмоқда. «Сити»да битта захира ўйини борлигига қарамай, деярли ҳеч ким энди жамоа бу фарқни йўққа чиқара олишига ишонмаяпти.

Испания: Молинанинг замбарак зарбаси ва тиним билмас Валверде

«Атлетико» – «Хетафе» 1:0
Гол:
Молина, 8 (1:0)
«Атлетико»: Муссо, Хименес, Лангле, Пубил (Алварес, 66), Коке, Алмада (Симеоне, 66), Варгас (Лиоренте, 73), Гонсалес, Молина, Баэна (Гризманн, 73), Сёрлот (Лукман, 66)
«Хетафе»: Сория, Абкар, Дуарте (Рико, 83), Ромеро, Иглесиас, Кико Фемения (Бирманчевич, 46), Даконам, Арамбарри (Мартин, 74), Миля (Муньос, 90+2), Сатриано, Васкес (Лисо, 74)
Огоҳлантиришлар: Сёрлот, 55. Варгас, 68. Молина, 90 –Ромеро, 60. Лисо, 77. Сатриано, 90
Четлатиш: Абкар, 55

Яқинда «Реал»ни мағлуб эта олган «Хетафе» «Атлетико»га ҳам жиддий муаммолар туғдирди. Шу куни Облак ўрнига дарвозага турган Муссо олти сейв ижро этишига тўғри келди. Аммо мезбонларнинг қарийб икки йилдан буён гол урмаётган ҳимоячиси Молина ўйин стартидаёқ ўйин тақдирини ҳал қилди. Аргентиналик футболчининг жарима майдони ташқарисидан йўллаган кучли зарбасидан кейин тўп олис «тўққизлик»ка бориб тушди.

Меҳмонлар эса анча осонроқ вазиятлардан гол ура олмади. «Матрасчилар»ни гоҳ Муссо қутқарди, гоҳ «Хетафе» футболчилари тўғри зарба бера олмади. Иккинчи бўлим бошларида Абкар қизил карточка олиб майдонни тарк этганидан кейин эса амалда ўйин тақдири ҳал бўлди. Диего Симеоне жамоаси учинчи ўринни янада мустаҳкамлади.

«Реал» – «Элче» 4:1
Голлар:
Рюдигер, 39 (1:0). Валверде, 44 (2:0). Ҳаусен, 66 (3:0). Мануэл Анхел, 85 – автогол (3:1). Арда Гулер, 89 (4:1)
«Реал»: Куртуа, Рюдигер (Д. Агуадо, 61), Ҳаусен, Ф. Гарсия, Карваҳал, Тшуамени (Арда Гулер, 58), Питарч (Паласиос, 64), Камавинга, Валверде (Г. Гарсия, 58), Винисиус Жуниор (Янез, 58), Диас (Мануэл Анхел, 63)
«Элче»: Дитуро, Петро (М. Агуадо, 64), Аффенгрюбер (Бигас, 74), Чуст, Валера, Сангаре (Педроса, 23), Редондо (Мир, 64), Фебас, Сепеда (Хосан, 64), Андре Силва, Нето (Диангана, 74)
Огоҳлантиришлар: Камавинга, 55 – Валера, 62. Аффенгрюбер, 66. Мир, 88

Ҳафта ўртасида ЕЧЛ ўйинида катта куч сарфлаган «Реал» футболчилари анча вақтгача аутсайдер дарвозаси томон йўл топа олмади. Аммо яримҳимояга қайтганидан кейин яйраб ўйнаётган Валвердеда бу ўйинга ҳам етарли куч қолганди. «Селта» дарвозасига ғалаба голи, «Сити»га қарши ўйинда ҳет-трик, шанба куни эса унинг серияси дарвом этди. Аввалига Феденинг зарбасидан кейин дарвозабон тўпни амаллаб қайтарди, қайтган тўпга эса Рюдигер биринчи бўлиб етиб келди ва ҳисоб очилди. Бир неча дақиқа ўтиб эса барчасини Валверденинг ўзи бажарди. У жарима майдонига яқинлашиб келиб, бир ҳаракат билан ҳимоячини йўлидан олди ва тўпни тўсин ортидан дарвоза тўрига киритди.

Алваро Арбелоа 58-дақиқадаёқ Винисиус Жуниор, Валверде ва Тшуамени каби етакчи футолчиларини, бироз ўтиб Рюдигерни ҳам захирага олди, улар кейинги ҳафта ўртасида «Сити»га қарши жавоб ўйинида керак бўлади. Уларнинг ўрнига ўйинни давом эттирган футболчилар ҳам иккита гол уришди. Аввалига 18 ёшли Янеснинг узатмасидан кейин Ҳаусен ҳисобдаги фарқни оширди. Ўйин охирларида эса Гулер майдоннинг иккинчи қисмидан туриб фантастик гол муаллифига айланди. У зарба берган нуқтадан дарвоза чизиғигача бўлган масофа 68 метр чиқади.

Йирик ғалабадан кейин мадридликлар турнир жадвалида яна «Барселона»га бир очколик масофада яқинлашиб олди, лекин каталонияликлар якшанба куни «Севиля»га қарши ўйин натижасига кўра яна тўрт очколик фарқни тиклаши мумкин.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид