Ўзбекистон | 19:00 / 26.04.2022
127818
4 дақиқада ўқилади

Президент ўзбекистонликлар Рамазон ҳайити муносабати билан 5 кун дам олиши ҳақида гапирди

Бюджет ташкилотлари ходимларига йилига бир марта маҳаллий саёҳатга чиқиш харажатларининг 20 фоизи қоплаб берилади.

Фото: Kun.uz

Шавкат Мирзиёев туризм масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Рамазон ҳайити муносабати билан фуқароларга дам олиш кунлари белгиланишини маълум қилди. 

«Жорий йилда Наврўз байрами муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари белгилангани, 250 та меҳмонхона ва музейлар аҳолига чегирма бергани, зиёрат объектлари бепул қилингани ички туризм учун катта туртки берди.

Бу орқали Бухоро ва Самарқандга қўшимча 110 минг маҳаллий туристлар борди.

Келгуси ҳафтада Рамазон ҳайити муносабати билан ҳам аҳолимизга яна 5 кунлик дам олиш берилади.

Бу ҳудудларда ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча имконият. 

Энди ушбу ишларни фақат байрамлар арафасида эмас, балки йил давомида тизимли равишда ташкил этиш бўйича янги тартибни жорий этамиз», деди президент.

Жумладан, 2022 йилдан бошлаб барча давлат ташкилотлари ходимлари учун йилига бир марта маҳаллий саёҳатга чиқиш харажатларининг 20 фоизини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаш амалиёти йўлга қўйилади.

Ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар учун 2022 йил май ойидаги дам олиш кунлари / Фото: Kun.uz

Декабр ойида имзоланган президент фармонига асосан, 2022 йилда ҳафтасига 6 кун ишлайдиган ходимлар учун 4 ва 5 май қўшимча дам олиш кунлари деб белгиланган. Бунда Рамазон ҳайити 3 майга тўғри келиши тахмин қилинган.

Рамазон ойи 2 апрел куни бошлангани ҳисобга олинса, ҳайит байрами 1 май ёки 2 май куни нишонланади. Давлат раҳбарининг сўзларидан келиб чиқилса, қўшимча дам олиш кунлари деб белгиланган Ҳайитдан кейинги икки кунга учинчи кун ҳам қўшилиши мумкин.

2022 йил май ойи бошидаги дам олиш кунлари – ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар учун*:

  • 1 май, якшанба – одатий дам олиш куни
  • 2 май, душанба – Рамазон ҳайити – ишланмайдиган байрам куни*
  • 3 май, сешанба – қўшимча дам олиш куни*
  • 4 май, чоршанба – қўшимча дам олиш куни*
  • 8 май, якшанба – одатий дам олиш куни
  • 9 май, душанба – Хотира ва қадрлаш куни – ишланмайдиган байрам куни

* Рамазон ҳайити Ой чиқишига қараб 1 май ёки 2 май куни нишонланади. Қўшимча дам олиш кунлари президент фармони асосида ўзгартирилиши ёки узайтирилиши мумкин.

Ҳафтасига 5 кун ишловчилар учун май ойида қўшимча дам олиш куни белгиланмаган. Бироқ улар ҳам 3–4 май (душанба–чоршанба) кунлари дам олишади. Аниқроғи, 5 кун ишловчиларнинг 7 май (шанба) ва 14 май (шанба)даги дам олиш кунлари Ҳайит байрамидан кейинги кунларга кўчирилади.

2022 йил май ойи бошидаги дам олиш кунлари – ҳафтасига 5 кун ишлайдиганлар учун*:

  • (30 апрел, шанба – одатий дам олиш куни)
  • 1 май, якшанба – одатий дам олиш куни
  • 2 май, душанба – Рамазон ҳайити – ишланмайдиган байрам куни*
  • 3 май, сешанба – 7 май, шанбадан кўчирилган дам олиш куни*
  • 4 май, чоршанба – 14 май, шанбадан кўчирилган дам олиш куни*
  • 8 май, якшанба – одатий дам олиш куни
  • 9 май, душанба – Хотира ва қадрлаш куни – ишланмайдиган байрам куни

* Рамазон ҳайити Ой чиқишига қараб 1 май ёки 2 май куни нишонланади. 7 ва 14 майдан кўчирилган дам олиш кунлари шунга мувофиқ сурилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бюджет ташкилотларида қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини қисқартириш ҳисобига қопланади.

Мавзуга оид