Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент: шаҳарнинг барча кўчаларидаги ариқларда сув айланиши керак
Уч ой ичида пойтахтнинг 4 та қисмида сунъий кўл ва ҳавзалар қуриш лойиҳаларини тайёрлаб, ишларни бошлаш топширилди. 1 июнгача ҳар бир туманда 5 километрли 3 тадан сояли сайр кўчалари фойдаланишга топширилиши керак. Ҳар 10 та маҳалла учун 1 тадан яшил боғ барпо қилиш бўйича алоҳида дастур бошланади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Мутасаддилар Тошкент шаҳрини экологияси барқарор 300 та шаҳар қаторига олиб чиқиш бўйича тинимсиз изланиш олиб бориши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ва келгуси йилга янги марраларни белгилаб олишга бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Дунёнинг йирик шаҳарлари каби Тошкентда ҳам экология масаласи долзарблиги ортиб бораётгани қайд этилди.
«Oxford economics нашрининг «Глобал шаҳарлар индекси» рейтингида Тошкент шаҳри дунёдаги 1 мингта шаҳар орасида 471-ўринни эгаллаган.
Мутасаддиларга ушбу рейтингда пойтахтни экологияси барқарор 300 та шаҳар қаторига олиб чиқиш бўйича тинимсиз шуғулланиш шартлиги кўрсатиб ўтилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Бунинг учун уч ойда пойтахтнинг 4 та қисмида сунъий кўл ва ҳавзалар қуриш лойиҳаларини тайёрлаб, ишларни бошлаш топширилди. 1 июнгача ҳар бир туманда 5 километрли 3 тадан сояли сайр кўчалари фойдаланишга топширилади. Ҳар 10 та маҳалла учун 1 тадан яшил боғ барпо қилиш бўйича алоҳида дастур бошланади.
2026 йилда шаҳарда 18,5 километр канал қирғоқлари мустаҳкамланади. Бу жойларда ҳам яшил ҳудудлар ва сайилгоҳлар ташкил қилишни ҳозирдан ўйлаш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, Бектемир, Сергели ва Янгиҳаётдан ўтган Чирчиқ дарёсининг 16 километр қисмини мустаҳкамлаш ҳисобига қўшимча 800 гектар очилади. Бу ерларда ҳам 200 гектарда «яшил белбоғ», 250 гектарда ички йўллар, сайилгоҳлар, пиёда ва велойўлаклар қурилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Шаҳар дренаж тизимининг мастер-режаси ишлаб чиқилиб, келгуси йилдан қурилиш ишлари бошланиши эълон қилинди.
«Шаҳарнинг барча кўчаларидаги ариқларда сув айланиши керак», – деди давлат раҳбари.
Дастур доирасида 150 километр ёпиқ дренаж тизимини қуриш, 197 километр канал ва коллекторларни таъмирлаш, 63 километр янги каналлар барпо қилиб, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш режалаштирилган.
Ёмғир сувини йиғадиган 17 та иншоот барпо қилинади. Бу сувлар дарахт ва яшил ҳудудларни суғоришга ишлатилади.
Пойтахтнинг барча коммунал ташкилотлари ва фавқулодда хизматлар тун-у кун ишлашга ўтиб, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва тезлик билан бартараф этиш билан шуғулланиши, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.