Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ва келгуси йилга янги марраларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда. 

Сўнгги йилларда пойтахтда улкан ўзгаришлар юз бергани таъкидланди. 

Ўтган тўққиз йилда Тошкент шаҳри иқтисодиётига 20 миллиард доллардан ортиқ тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритилди, 5 мингга яқин йирик лойиҳа ишга тушди. Жон бошига тўғридан тўғри хорижий инвестиция 2017 йилдаги 71 доллардан 2,2 минг долларга ошди.

Шаҳарда тижорат майдонлари 14 карра кўпайиб, 67 миллион квадрат метрга етди, тадбиркорлар сони 140 мингга яқинлашди.

Бунёдкорлик ишлари, янги қурилган савдо-сервис ва кўнгилочар объектлар «тунги иқтисодиёт»ни ривожлантирди. Тун-у кун ишлайдиган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сони 3 мингдан ошди.

«Шаҳар пиёдалар учун» тамойили асосида маҳалла ва кўчаларда ижобий ўзгаришларни одамлар кундалик ҳаётида сезаётганини ўзлари айтмоқда. Тошкентга 1 мингта замонавий электробус ва автобус олиб келиниб, 168 та янги йўналиш очилди. Қўшимча 33 километр метро линияси ва 21 та янги станция қурилди. Яшнобод, Миробод, Сергели, Янгиҳаёт ва Юнусободдаги 1 миллионга яқин аҳолига метро хизматлари яқинлашди.

Уй-жойлар қуриш кўлами ҳам кескин ошди. Авваллари Тошкентда йилига кўпи билан 2-2,5 минг хонадон қурилган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич ўртача 15,5 мингдан ошди.

Сўнгги уч йилда 3,5 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, пойтахт аҳолиси ва тадбиркорларнинг электр таъминотини яхшилаш бошланди. Келаси йили ҳам бу мақсадларга яна 1,5 триллион сўм берилади.

Умуман, пойтахт иқтисодиёти охирги тўққиз йилда 2,5 баробар ўсиб, жорий йил 27 миллиард долларга етади. Аҳоли жон бошига даромад эса 4,4 минг доллардан 8,6 минг долларга кўпайди.

Натижада камбағаллик даражаси йил бошидаги 7,3 фоиздан 1 фоизга, ишсизлик эса 4,5 фоиздан 3,5 фоизга пасаяди. Яъни Тошкент шаҳрида камбағаллик ва ишсизлик табиий даражага тушади.

Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси ҳар йили ўртача 100 мингдан кўпайиб, 2030 йилда 3,5 миллиондан ошиши кутилмоқда.

Шунингдек, ялпи ҳудудий маҳсулотни 52 миллиард долларга етказиш, жон бошига даромадни қарийб 2 карра ошириб, 15 минг долларга етказиш режа қилинган.

Ушбу марраларга эришиш учун шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари, 12 та туман ҳокими тинимсиз изланиши, шаҳар уй-жой фонди, транспорт, энергетика, таълим ва тиббиёт, сервис инфратузилмаларини дунёнинг замонавий мегаполислари андозаси асосида қайта кўриб чиқиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.