Ўзбекистон | 14:33 / 01.03.2026
4383
2 дақиқада ўқилади

БААдаги ўзбекистонликлар хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда — ТИВ

Бош консулхона Дубай шаҳрида бўлиб турган фуқаролардан вақтинчалик консуллик ҳисобига туриш анкетасини тўлдиришни сўради.

Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан БАА, хусусан, Дубай шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди.

Унда хавфсизлик нуқтайи назаридан маҳаллий қонун-қоидалар ва расмий идоралар кўрсатмаларига тўлиқ амал қилиш, заруратсиз кўчага чиқмаслик ва одамлар гавжум жойлардан узоқроқ бўлиш, фақат расмий ахборот манбаларига таяниш кераклиги айтилган.

Бош консулхона Дубай шаҳрида бўлиб турган фуқаролардан қуйидаги ҳавола орқали ўтиб вақтинчалик консуллик ҳисобига туриш анкетасини тўлдиришни сўради. Қайд этилишича, ушбу рўйхатдан ўтиш маълумотларни янгилаш ва Дубай шаҳрида вақтинчалик бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг тахминий сонини аниқлаш, шунингдек, зарурат туғилганда тезкор алоқани таъминлаш учун зарур. Мазкур ҳисобга олиш фақатгина ахборот хусусиятига эгалиги, эвакуация билан боғлиқ эмас.

Вазирлик БААдаги ўзбекистонликлар хавфсизлигини таъминлаш учун барча чоралар кўрилаётганини билдирди.

«Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда БААдаги дипломатик ваколатхоналари фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда», – дейилади хабарда.

Ўзбекистон дипломатлари БААдаги ватандошлардан ваколатли органларнинг талаб ва тавсияларига қатъий риоя қилишни ҳамда тасдиқланмаган маълумотларни эълон қилмасликни ҳам сўраган.

Бундан олдинроқ Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани сабабли минтақадаги фуқаролар учун тавсияларни, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар билан боғланиш учун тезкор алоқа рақамларини эълон қилганди.​

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид